O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон АҚШнинг «Демократия учун» саммитига таклиф этилмади

Ўзбекистон АҚШнинг «Демократия учун» саммитига таклиф этилмади
246 views
24 November 2021 - 12:50

АҚШ Давлат департаменти «Демократия учун» саммитида иштирок этадиган давлатлар рўйхатини эълон қилди. Саммит доирасида авторитаризмдан ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга кўмаклашиш масалалари кўтарилади. Ўзбекистон таклиф этилганлар орасида йўқ.

АҚШ Давлат департаменти ўз сайтида мамлакат президенти Жо Байден томонидан ташкил қилинаётган «Демократия учун» саммитида иштирок этиш учун таклиф этилган 110 та давлат рўйхатини эълон қилди. Ўзбекистон ушбу рўйхатга киритилмаган.

«Демократия тасодифан юзага келмайди. Биз уни ҳимоя қилишимиз, бунинг учун курашишимиз, мустаҳкамлашимиз, янгилашимиз керак», — Жо Байден иқтибосини келтиради департамент.

9−10 декабрь кунлари АҚШ раҳбари ҳукуматлар, фуқаролик жамиятлари ва хусусий сектор раҳбарлари учун виртуал саммитга мезбонлик қилади. Саммитда асосий эътибор демократиялар олдида турган муаммолар ва имкониятларга қаратилади ҳамда етакчилар учун мамлакатда ва хорижда демократия ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича индивидуал ва жамоавий мажбуриятларни, ислоҳотлар ва ташаббусларни эълон қилиш учун платформани тақдим этади, дейилади департамент баёнотида.

Биринчи саммит олдидан қуйидаги мавзулар илгари сурилиши кўзда тутилмоқда:

  • Авторитаризмдан ҳимоя қилиш;
  • Коррупцияга қарши курашиш;
  • Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга кўмаклашиш.

Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиё мамлакатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳам таклиф этилганлар орасида йўқ.

Саммитда иштирок этишга шунингдек Россия ва Хитой ҳам таклиф этилмаган. Венгриядан ташқари барча Европа Иттифоқига аъзо давлатлар рўйхатга киритилган. АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиси Туркия ҳам саммитга таклиф қилинмаган.

Собиқ СССР мамлакатлари орасида фақат Украина, Арманистон, Грузия, Молдова, Литва, Латвия ва Эстония таклиф этилганлар рўйхатидан жой олган.

Манба: Газета.уз