O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков диққатига

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков диққатига
473 views
08 September 2020 - 17:18

Дунёга машҳур ўзбек рассоми ўз юртида нега дарбадар?

Бу одам — Исфандиёр Ҳайдар. Ўзбекнинг машҳур мусаввири. Мўйқалам соҳасида Ўрол Тансиқбой, Чингиз Аҳмар, Баҳодир Жалол, Жавлон Умарбековлар, поэтикада Абдулла Ориф, Рауф Парфилар билан тенглаша оладиган ҳассос истеъдод.

Айтишларича, ўтган асрнинг 90-йилларида Президент Каримов унинг “Олтин куз” картинасини Франция Президенти Миттеранга совға қилади… Ҳозир ушбу асар дунёга машҳур “Лувр” музейида сақланади. Шу маънода у тирик пайтида асари Лувр музейидан жой олган саноқли санъаткорлардан бири…

Бошқалардан яна бир фарқли томони, бир неча ўн йиллардан буён у устахонасиз, дарбадар ва дарвеш… Бунга ўзиям айбдор. Чунки ниҳоятда камтар, камсуқум, одамови…

Агар у ҳам Маҳмуд Тоир, Сафар Остон ёки Акмал Саидовдай сўзамол бўлиб, изчил ислоҳотлар, фаровонлик ҳақида ҳар икки кунда ТВ эфирлари ва газета саҳифаларини тўлдириб турганида, данғиллама ҳовлилиям бўларди.

Лекин у мусичага ўхшаб турли иргаларга биқиниб юради. Аслида Ватан ва миллатни ўша “ковбой”лардан кучлироқ севади, ёниб гапиради, муҳаббатини чорчўпга тортилган “холст”га тўкади…

Ўзбекнинг буюк истеъдоди, такрорланмас асарлар муаллифининг ёши етмишдан ошди. Ҳамон дарбадар. Эҳтимол масъуллар ундан маддоҳлик исташаётгандир.

У эса буни қилолмайди! Ғурурлилиги учун эмас, шунчаки табиатига унақа носамимият бегоналиги учун қилолмайди!

Манба: @platformauzb