O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ва дунё: Абдулҳамид Исмоил янги романи ва эски тақиқлар ҳақида

Ўзбекистон ва дунё: Абдулҳамид Исмоил янги романи ва эски тақиқлар ҳақида
161 views
13 December 2019 - 17:50

Лондондаги “Пушкин уйи” (Pushkin House) да таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулҳамид Исмоил (Ҳамид Исмоилов)нинг инглиз тилида чоп этилган навбатдаги романи тақдимоти бўлиб ўтди.

“Of strangers and bees” (“Мусофирлар ва асаларилар хусусида”) адибнинг инглиз тилида дунё юзини кўрган еттинчи романидир.

Роман ўзбек тилида 2001 йилда “Ҳайи-ибн-Якзон ё Мусофирлар ва асаларилар хусусида” номи билан Парижда нашр этилган.

Tilted Axis Press нашриёти веб саҳифасида айтилишича, илк бор шу йилнинг 24 октябрида чоп этилган китобнинг барча нусҳалари бир ой ичида сотиб бўлинган ва нашриёт ноябр ойи охирида китобни қайтадан нашр қилган.

Британиядаги қатор нуфузли нашрлар, жумладан, “Гардиан” рўзномаси китобга тақриз чоп этган.

Замонавий Ибн Сино ҳақида ҳикоя қилувчи роман америкалик таржимон Шелли Фэйрвезер-Вега томонидан инглиз тилига ўгирилган.

Унда ўқувчи Ибн Сино ҳануз ҳаёт деб ишонадиган роман қаҳрамони ёзувчи Шайхов билан бирга замон ва маконлар оша Бухородан Парижга, Тошкентдан Лондонга, Усмонли Туркиясининг “Лола даври”-ю Италиянинг “Уйғониш” даврларига саёҳат қилади.

Муаллиф романда сўфийлар таълимоти тасаввуф билан асаларилар ҳаётидаги ўхшашликни қаҳрамонларнинг ўзига хос ҳаёт йўли мисолида кўрсатиб беради.

Ўзбекистонда тақиқланган ёзувчи

“Ҳозирги кунда Исмоилов Ғарбда кенг нашр қилинаётган ягона ўзбек ёзувчисидир”, – деб ёзди китоб тақдимотида иштирок этган Лондон SOAS (Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари)Университети тадқиқотчиси Алишер Илҳомов.

“Айтиш жоизки, ўз вақтида Бродский ва Солженицин каби, Ҳамид ака ҳам қувғиндаги ёзувчи ҳисобланади. Мирзиёев даврига келиб, кўпчилик сиёсий илиқлик даври бошланишини кутиб турган бир пайтда уни мамлакатга қўйишмади. Бу Ўзбекистонни ҳануз Каримов режимида шаклланган гуруҳлар бошқараётганини кўрсатади”, деб ёзди Алишер Илҳомов Фэйсбук саҳифасида.

Шу йил мартида Абдулҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми” романи (таржимон Дональд Рейфильд) 2019 йилги Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки адабий мукофоти ғолиби бўлганди.

Мукофотнинг умумий қиймати 20 минг фунт стерлинг (26 мингАҚШ доллари).

Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ҳаёти ва у асарларида тасвирлаган хонлар даври қаламга олинган роман ўзбек тилидан инглиз тилига ўгирилган биринчи йирик асар бўлган.

Лондондаги Мустақил ҳакамлар ҳайъати “Жинлар базми” романини “ўзбек тахтлар ўйини” деб таърифлаган.

Абдулҳамид Исмоил ўзбек, рус, инглиз, француз ва немис тилларидаги ўнлаб шеърий ва насрий китоблар муаллифи.

У асарлари хорижий тилларга энг кўп ўгирилган ўзбек ёзувчиси бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги ўқувчилар оммасига унчалик яхши таниш эмас.

Ҳамид Исмоил 1992 йилда профессионал фаолияти туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва шундан буён Лондонда яшаб, ижод қилади.

У 2010-2014 йилларда Лондондаги Би-би-си Жаҳон Хизматининг фахрий ёзувчиси (Writer in Residence) бўлган.

Манба: bbc.com/uzbek