O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро чегараларини ҳамкорликда қўриқлашга келишишди

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро чегараларини ҳамкорликда қўриқлашга келишишди
159 views
27 April 2015 - 14:54

uzb-tjkЎзбекистон ва Тожикистон “умумий чегараларни замонавий таҳдидлардан ҳамкорликда қўриқлаш” ҳақида келишув имзоладилар. “Ҳамкорлик ҳақидаги битим Тожикистон шимолидаги Сўғд вилояти маркази – Хўжанд шаҳрида, 25 йилдан буён икки мамлакат чегарачилари ўртасидаги ўтказилган илк музокарада имзоланди”.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасидаги музоракалар 24 апрел куни бўлиб ўтган, бу ҳақдаги расмий хабарлар эса фақатгина 27 апрел куни тарқалган. Икки мамлакат чегараларини қўриқлаш хизмати бошлиғи ўринбосарлари томонидан имзоланган битим тафсилотлари ҳақида эълон қилинмаган.

Сўғд вилояти ҳокимияти матбуот хизмати маълумотларига кўра, музокараларда асосан икки масала кўриб чиқилган: 2014 йилдаги икки давлат чегарачилари томонидан бажарилган вазифалар ва 2015 йилда ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Матбуот хизматининг хабар беришича, тарафлар чегара билан боғлиқ 6 та масала бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олишган:

– замонавий даҳдидлар қаршисида икки давлат чегарачилари ўртасида яқин муносабат ва ҳамкорликни йўлга қўйиш;

– Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги умумий чегараларни ҳимоя қилишда ҳамкорлик қилиш ва имзоланган мажбуриятларга қатъий рио қилиш;

– чегара ҳудудларида юзага келувчи муаммо ва масалаларни ўз вақтида ва тезлик билан ҳал қилиш;

– чегара ҳудудларида яшайдиган аҳолига ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш;

– чегара қонунларига риоя қилиш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатларини олдини олиш.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий чегара узунлиги 1161 километрни ташкил этади. Аммо, сўнгги йилларда фуқаролар фақат Саросиё, Ойбек ва қисман Бекобод чегара постларидан ўтиш имкониятига эга холос.

Қолган барча чегара ўтиш нуқталари 90-йиллар охирида Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпилган, чегараларда сим тортилган ва тоғли минтақа ҳудудлари миналаштирилган.

Икки мамлакат ўртасида виза тартиби жорий этилган. Чегара минтақаларида яшовчи аҳоли расман уч кун давомида қўшни мамлакатга визасиз бориб келиш ҳуқуқига эга бўлсада, амалда бу тартибга иккала томон ҳам риоя қилмайди.

ЎХҲ ахборот бўлими