Каримов диктатурасининг асосий сиёсати аввал ўз зулм режимини қандай оёқда тутишни ўйлаши, ундан кейин эса агар режимга хавф туғдирмаса, Ўзбекистон халқи ва ватанимизнинг манфаатлари учун сиёсат олиб боришидир. Ушбу мақсаддан келиб чиқиб Каримов ҳукумати қўшни давлатлар билан жумладан Қирғизистоон ва Тожикистон билан муносабатларни атайин ёмонлаштирмоқда ва бу давлатлар билан чегараларда турли таҳликали ўйинлар ўйнамоқда. Шундай қилинганда минтақада вазият таранглашади ва диктатор Каримов учун ўзини қаҳрамон, халқ отаси ва халоскори қилиб кўрсатишга доимий имкон бўлади. Бу эса золим раҳбарларнинг тарих бўйича ўйнаб келган сиёсий ўйинларидан биридир: яъни, мамлакатда аввало сунъий қийинчиликлар яратиш, кейин эса ўзини бу қийинчиликларни енган халоскор қилиб кўрсатиш…
Бир мухолифатчи сифатида мен ҳамюртларимизнинг ушбу ҳақиқатни билишларини истайман: Ўрта Осиёнинг мустақил давлатларининг ёлғиз ҳолида дунё сиёсатида ўз ўринларини олишларининг имкони деярли йўқдир. Бунинг сабаби биринчидан, Ўрта Осиё минтақаси ҳудуд сифатида ёпиқ геополитик майдонда жойлашган. Шунинг учун ҳам минтақамиздаги давлатлар ўзаро ҳамкорликка маҳкумдирлар. Иккинчидан эса, 21 асрда давлатларнинг ва халқнинг ўзаро интеграцияси (албатта, миллий, эътиқодий яқинликлар ва давлатларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда) зарурий ҳолга келган. Демак, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларини очиши ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан бошқа чораси йўқ …
Тожикистон ва Қирғизистон истамаганда ҳам (аслида бу масалада улар билан келишиш қийин) эмас, Ўзбекистон дарҳол бир тарафлама бўлса ҳам бу давлатлар билан (Қозиғистон ва Туркманистон билан ҳам) чегараларни очиши, қўшни давлат фуқаролари учун визасиз Ўзбекистонга киришни йўлга қўйиши керак. Шундай қилинганда қондош ва жондош бўлган халқларимизнинг орасидаги аввало инсоний муносабатлар (дўстлашув, қуда андачилик, тўй ва маросимларда қатнашиш ва ҳк) , қолаверса тижорий ва маданий алоқалар тарихда бўлгани каби қайта тикланади. Давлатлар эса чегараларнинг очилиши натижасида ўртага чиқиши мумкин бўлган хавфу хатарларга (қурол ва наркотик савдоси каби) барҳам беришнинг умумий сиёсати ва хавфсизлик чораларини ишлаб чиқадилар ва йўлга қўядилар.
Ислом Каримовдан Ўзбекистон халқи учун бундай ҳаётий манфаатга эга бўлган сиёсатни амалга оширишни кутмасак ҳам бўлади. Чунки юқорида айтилгани каби бу диктатор учун аввало ўз режимини қўриш муҳимроқдир. Аммо Ўзбекистонда Каримов диктатураси тугаб, ЎХҲ ҳокимиятга келадигани бўлса, илк қилинадиган ишлардан бири қўшни давлатлар билан муносабатларни нормаллаштириш ва улар билан чегараларни очиш бўлади, инша Аллоҳ!
Намоз Нормўмин
31 март 2013 йил.