Ўтган ҳафтада Ўзбекистон матбуотида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни эълон қилинди. Ушбу қонун билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилди. Мазкур ўзгартишлар блоггерлар томонидан ўзларининг интернет саҳифаларида текширилмаган ҳамда экстремистик руҳдаги ахборотни жойлаштирган тақдирда тўсиб қўйишни назарда тутади.
Шунингдек, блоггерларнинг “Ўзбекистондаги конституциявий тузумини ағдариш, мамлакат худудий яхлитлигига қарши даъватлар, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб этувчи материаллар“ни чоп этишлари ҳам тақиқланади.
Акс ҳолда улар жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин.
“Ўзбекистонда қонунчиликка блоггерлар фаолиятини назоратга олиш билан боғлиқ ўзгартишларнинг киритилиши шундоқ ҳам республикада чеклаб қўйилган фикр эркинлиги юўйича ҳолатни янада оғирлаштиради ва мамлакатдаги ОАВ эркинлигини тамомила чеклайди”, – дея Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Дунья Миятович (Dunja Mijatoviс) сўзларидан иқтибос келтирилади ташкилотнинг расмий сайтида.
Қонун август ойи охирларида Ўзбекистон Сенати томонидан маъқулланди ва президент томонидан имзоланди. 4 сентябрда матбуотда эълон қилиниши билан кучга кирди. Шу кунгача блоггерларнинг фаолияти қонун билан тартибга солинмаганди.
“Онлайн-контент эркинлиги ОАВ эркинлиги ва фикрни эркин ифода қилиш учун жуда муҳимдир. Мен Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу ҳаракатини қоралайман, чунки киритилган янги чекловлар демократик тамойиллардан яна бир қадам узоқлашдир. Мазкур чеклов ОХҲТ ва бошқа халқаро стандартларда белгилаб қўйилган сўз эркинлигини чеклаш чегараларидан чиқиб кетди. Бу ҳам етмагандек, мазкур талабларнинг бажарилмаганлигига нисбатан жарима шаклидаги маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам киритиб қўйилди” – дея таъкидлайди Миятович.
ЎХҲ ахборот бўлими