Би-Би-Си ўзбек радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон бюджетни қўллаш мақсадида Жаҳон банкидан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит олишни режалаштирмоқда.
“Шу ҳафта Вазирлар маҳкамаси 1 ноябргача дастлабки келишувларни ўтказиш кераклиги борасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони чиқди. Фармон расман чоп қилинди, аммо унинг тафсилотлари берилмаган”, дейилади агентлик хабарида.
Халқаро ташкилотдан қарз олиш режаси Президент Мирзиёевнинг 20 сентябрда Нью Йоркда Жаҳон Банки Президенти Жим Ёнг Ким билан учрашуви ортидан эълон қилинаётгани айтилмоқда.
Агентлик пайшанба куни бу борада Ўзбекистон Молия вазирлигидан изоҳ ололмаган. Жаҳон Банкининг Тошкентдаги идорасидан ҳам дарҳол изоҳ олишннинг имкони бўлмаган.
Reuters хабар агентлиги ҳукуматдаги манбасига таяниб ёзишича, олинажак қарзлар валюта бозорида ўтказилаётган ислоҳотларнинг иқтисод ва давлат бюджетига таъсирини юмшатиш мақсадида ишлатилади.
Ўзбекистон ҳукумати шу ой бошида мамлакатдаги ковертация чекловларини олиб ташлади. Фуқаролар ва юридик шахслар банклардан чекланмаган миқдордла валюта сотиб олиши ва сотиши маълум қилинди.
Ҳозирча жисмоний шахслар чет эл валютасини фақат конверсион карталарга олиши мумкин.
1 октябрдан жисмоний шахслар ҳам чет эл валютасини нақд кўринишда олиши мумкинлиги айтилган.
Жаҳон банки ўқитувчи, талаба ва шифокорларнинг пахтадан қайтишига сабабчи бўлдими?
Human Rights Watch ташкилоти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми томонидан шу йилнинг июн ойида эълон қилган янги ҳисоботда айтилишича, Жаҳон Банки Ўзбекистондаги мажбурий ва болалар меҳнати аралашган ярим миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштирмоқда.
115 саҳифалик янги ҳисобот “Биз пахта теришдан бош тортолмаймиз: Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги сармоялари мажбурий ва болалар меҳнатига боғланган” деб номланган.
Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати 2015- ва 2016-йилги пахта йиғим-терими мавсумларида пахта теришга, шунингдек, 2016-йил баҳорида чигит экиш ва ягана ишларига талабалар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, бошқа давлат тасарруфидаги идора ва ташкилотларнинг хизматчилари, хусусий сектор ишчилари ва баъзан болаларни ҳам мажбурлаган.
Ҳисобот чиққанидан сўнг 20 сентябр куни Нью Йоркда Президент Мирзиёев билан учрашган Жаҳон банки раҳбари Жим Ёнг Ким катталар мажбурий меҳнати ҳақида гапирган.
Жаҳон банки Президенти Жим Ёнг Ким Ўзбекистонда тизимли равишда болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам беришдаги ўсишни эътироф этган, бироқ ёши катталарнинг мажбурий меҳнатини тугатишда олиб борилаётган ишлар ҳам ҳам худди шундай қатъий ва тезкор натижа олиб келиши кераклигини таъкидлаган.
“Президент Мирзиёев мажбурий меҳнатни тугатиш борасида ўз қатъиятини билдирди ва Президент сифатида Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувларининг Ўзбекистон бўйлаб эълон қилинмаган ва ҳамрохларсиз сафарини таъминлашига ваъда берди”, – дейилади Жаҳон банки томонидан чиқарилган хабарда.
Ўзбекистонда ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг пахта далаларидан қайтариш буйруғи Бош вазир Абдулла Арипов томонидан Мирзиёев Америкадан қайтиб Тошкентга қўнган кечаси берилган.
Ярим тунгача давом этган видео селекторда Арипов талаба, ўқитувчи ва шифокорларнинг ортга қайтиши ҳақида топшириқ берган.
Бироқ Би-би-си Ўзбек олиб борган изланишлар мажбурий меҳнат Ўзбекистонда бутунлай барҳам берилмаганини кўрсатди.
ЎХҲ хабарлар бўлими