2014 йил 21 ноябрь куни ўтказилган жума ҳутбаларида Ўзбекистон имомлари мамлакат мусулмонларини яҳудийлар ва “Исроил” давлатини ҳурмат қилишга ва севишга чақиришди. Улар Ислом тарихидан ҳикоя қилишиб, яҳудийларни ҳурмат қилиш ва севиш кераклиги ҳақида “хужжатлар” келтиришди.
Хусусан, Тошкент шаҳар Яшнаробод (собиқ Ҳамза) туманидаги Аҳмад Яссавий масжиди имоми Ислом пайғамбари Муҳаммад с.а.в. ўзининг яҳудий қўшнисининг ёмонликларига сабр қилгани, оҳирги пайғамбар ҳар куни аҳлат улоқтирган яҳудий қўшнисига ҳам ёмонлик қилмагани ҳақида гапириб берди. “Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло яҳудийларни аҳлкитоб, деб айтган. Кўрдингизларми, Аллоҳ уларни кофир демаган. Шунинг учун биз яҳудий ва насороларни ҳурмат қилишимз керак, улар билан аҳил яшаб, уларнинг камчилик ва хатоларига сабр қилишимиз керак. Ҳудди ўз яқинларимизнинг хато-камчиликларига чидагандек чидашимиз керак”, – деди яшнарободлик имом.
Бундай чақириқлар шу куни Ўзбекистон пойтахти ва вилоятларидаги бошқа масжидларда ҳам янгради. Бу борада Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов алоҳида жонбозлик кўрсатиб, пойтахтдаги Кўкалдош масжидига йиғилган мусулмонларни “баъзи ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиб, яҳудийлар ва Исроил давлатига нисбатан мусулмонларда нафрат уйғотишга интилаётган диний экстремистларнинг иғволарига” учмасликка чақирди.
“Исломни ниқоб қилиб олган бу манфур кимсалар Аллоҳнинг Қуръони ва пайғамбаримизнинг суннатларига ҳилоф иш тутиб, мусулмонларда яҳудийлар ва Исроилга қарши нафрат уйғотишга ҳаракат қилишмоқда. Мана, яқинда улар “Кока-Кола”ни ичмасликка, “Нестле” озиқ-овқатларини истеъмол қилмасликка чақириб, уларни истеъмол қилишни сионизмни дастаклашга тенглаштиришди. Бундай чақириқлар ўзбекларнинг бошқа миллат ва дин вакилларига нисбатан яхши муносабатда бўлиш каби миллий анъаналарига зиддир. Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўзбеклар ҳатто яҳудийларнинг болаларига ҳам бошпана беришган. Яҳудийлар ҳам Аллоҳнинг бандаларидир, Исроил эса бошқа давлатлар сингари жаҳон ҳамжамияининг тенг ҳуқуқли аъзосидир”, – деди А. Турсунов.
Ўзбекистонда жума хутбаларининг мавзулари мамлакат махсус хизматларига бўйсунувчи Мусулмонлар диний идораси томонидан тасдиқланади ва тарқатилади. Уларни ёритиш республикадаги барча масжидларнинг имомлари учун шарт. Улардан четга чиқиш эса қатъиян таъқиқланади.
Албатта, антисемитизм яхши нарса эмас, аммо яҳудийларни ва “Исроил”ни ҳурмат қилиш ва севишга қаратилган чақириқлар ортида аслида МХХ нинг тургани инсонни ўйлантириб куяди: бунинг сири нима?
Бу Каримов режимининг гизли ҳомийси, Жаслик ўлим лагерининг лойиҳасини чизиб берган, 20 йил давомида сиёсий ва диний мухолифатнинг фаолларини тасбит этиб, йўқотишда ёрдам берган Исроил махфий хизматига берилаётган пора бўлиши мумкинми?
Эргаш Сулаймон
Тошкент