O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон – индамаслар диёри

Ўзбекистон – индамаслар диёри
183 views
18 October 2013 - 13:11
images (1)15 октябрь кунида Москванинг Бирюлова мавзесида яна бир ўзбекистонликнинг жонсиз жасади топилганлиги ҳақида маълумот тарқалди. Ҳозирча шахси ҳам аниқ келтирилмаётган ўзбекни рус миллатчиларидир, ёки бошқалардир – ўзбек бўлганлиги учун, тағинда Россияда меҳнат муҳожири бўлиб юрганлиги учун ўлдиришган.  Бу қотилликнинг ким томонидан амалга оширилганлиги, ҳамда бу ҳодиса 13 октябрь кунида ғарбий Бирюлёвода миллатчилар томонидан уюштирилган тартибсизликлар билан алоқаси бор-йўқлиги ҳам аниқ эмас экан. Факт шуки, ўзбек ўзбек бўлганлиги учун, ўзбек муҳожир бўлганлиги учун рус ерида ўз қазосини топди. Аммо бу дастлабки ҳодиса бўлмагани билан, сўнгиси ҳам эмаслигини ҳаммамиз биламиз. Лекин биз индамай қўя қоламиз! Шунақа “индамаслар”га айланганимизга ҳам кўп йиллар бўлди, ким билсин, балки асрлар давомида шунақа “индамас” бўлиб келгандирмиз.

Хўш, ўзбекларни қачонгача ўлдирадилар? Бу каби саволга жавоб топиш осон бўлмаса керак. Чунончи, ўзбекистонликларнинг ўзларида дунё билан баробар яшашга, ортга эмас, олдинга томон юришга ва ўзбекнинг қадр-қиммати учун қайғуришга, бир тан, бир жон бўлиб қолишга бўлган интилишнинг ўзи кузатилинмайди. Бугун Ўзбекистон деган юртнинг фуқароларини дунёнинг ҳар бурчагида учратиш, топиш, ҳаттоки улар билан мулоқот қилиш ҳам мумкин бўлиб қолган бўлсада, аммо бундан биров наф топмайди ҳам. Ҳар доимгидек, юртдошларимиз елка қисишни ва индамасликни ўзларига раво кўришади.

Негадир, ҳамюртлар билан суҳбатлашиб қолсангиз албатта улар қаердан қанча пул топиш, қизини кимга узатиш, қандай тўй қилиш, уй қуришдан бошқа бирор нарсани эсламайдилар ҳам. Масалан, дунё ўзбекларини бирлаштириб ватандаги режимга қарши сиёсий кураш олиб боришга чақириқ қилинг, улар сизга вақтлари йўқлигини, жуда ҳам банд эканликларини рўкач қилиб қочиб қолишади.  Аммо “Фалончибой Писмадон жойда ош бераяпти экан” – деган хабарни етказсангиз, ҳаммалари узун- қисқа бўлиб етиб келишади. Индамай келиб, индамасдан ошни еб, индамай чиқиб кетаверадилар. Демак, бизнинг элимиз фақат ош ейиш учун яралган эл эканда(?). Нафақат ош учун, шунингдек бегона юртларда бегоналар қўлида хор бўлиб ўлиб кетишни ҳам биз ўзбекларга чиқарилганга ўхшайди.
Нега? Негаки, сўнги йилларда, балки сўнги ўн йилликлардадир, халқимизнинг маънавияти шунақа тубан бўлиб қолдики, уни ўзидан бошқа на бирор зот, на сиёсат ва на ижтимоий муаммолар  қизиқтирмайди ҳам. Бошқалар эса бизнинг айни мана шу “сифатларимиздан” келиб чиқиб, биз билан шунга яраша муомила қиладиган бўлиб олишди. Ўзбек деган миллат ўз қадр-қимматини йўқотишининг асосий сабаби ҳам мана шунда бўлса керак.
Кимдир бировга текин ишлайдиган қул керак бўлса, у албатта  ўзбекларга мурожаат қилади ва бизнинг шундай “ўғлонларимиз” борки,  ҳеч тап тортмасдан ўз ҳамюртларини қулликка сотиб юбора олишади. Нафақат қулликка, ҳаттоки ўзбек қизларини фоҳишаликка сотаётган “ишбилармонларимиз” ҳам кам эмас экан. Ахир бу тоифа одамларга ҳам пул керак, тўйлар қилишлари керак, участкалар қуришни истайдилар, аммо бу бойлик ҳаромдан келадими, ёки ҳалолдан – бунинг мутлоқ аҳамияти йўқ! Биз шунақа, мустақиллик сабаб, “ўзим чиққан тепа омон бўлсин!” деб яшайдиган йирик бир оломонга айланганмиз.
Таърихда бунақа эллар бўлмаганми? Бўлган албатта! Фақат уларнинг аксари энди ўтмишга айланиб бўлишган ва таърих саҳифаларидагина қолишган холос. Тирик қолган халқларнинг ҳам баъзиларининг қисмати гўзал бўлган бўлса, бошқа ҳолатда жуда ачинарликдир. Масалан, Америка ҳиндулари худди шундай, ўзаро бирикмаган халқлар эдилар ва бугунги кунларда улар Америка қитъасидаги резервацияларда яшаётган маҳаллий халқларга айланишган. Улар ҳам худди биз ўзбеклардек фақат қорин ғами билан юрганлар. Ҳаёт-момотлари ов қилиш ва ниманидир пишириб ейишдангина иборат бўлганлигини учун ҳам, тараққиётидан буткул узилиб қолишганди. Оқибат эса жуда хунук бўлди, лекин улар мана шу хунук оқибатдан ҳам хафа эмаслар. Ҳар қалай, хафа бўлиш қанақа кечинма эканлигини ҳам билишмаса керак.
Ҳиндуларнинг том тескари деб яҳудий халқларини қараш мумкин. Бу миллат вакиллари ҳам токи иккинчи жаҳон урушига қадар энг кўп таъқиб қилинган ва худди бугунги ўзбеклардек, ҳар бири ўзи учун яшайдиган миллат эди. Ҳаттоки ўз ватанлари ҳам йўқ эди уларнинг.  Эндиликда эса яҳудийлар дунёни идора этадиган миллатга айланишди. Уларни Гитлер Германияси даврида ўтказилган “Холокост” бирлаштира олди ва яҳудийлар тушунишдики,  токи улар бирлашмасалар яшаб қола олмас эканлар. Бу яшаш учун кураш эди, фақат ёлғиз шахсларнинг эмас, балки бутун миллатнинг яшаб қолиши учун бошланган кураш эди бу. Зотан, яшаш учун борадиган курашлар инсоният шаклланган дастлабки даврларданоқ давом этиб келаяпти.
Ўзбекистонликлар бу кунларда нима қилсалар дуруст бўларди? Рости, ҳамюртларимиз нима қилиш кераклигини ҳам билишмайди. Улар қайда бўлсалар ўша ерда тимирсикланиб, худди чумоли уясига озуқа ташиганидек, нималарнидир ташиб ўз келажакларини яратишга уринишади холос. Чунки Совет ўтмиши шунақа кўникма ҳосил бўлишига сабаб яратганди. Давлат ўз фуқаролари оромини ҳимоя қилиши, улар эса ўз шахсий келажаклари учун қайғуришлари бизга Совет давридан мерос бўлиб қолган. Аммо ўтмишдаги у давлатимиз энди йўқ, лекин биз бормиз ахир. Одатда юртдошларимиз орзу қиладиган ўша шахсий келажаклари ҳам кўп ҳавас қилгулик эмас. Тағин ўша участка қуриш, тўй қилиш, элнинг назаридан ўтиб обрў ортириш ва ҳакозолар. “Обрў” деган нарса ҳам ўша, ўзимизнинг мешчан тасаввуримиздаги  ош билан ва унда нечита қўй сўйилиши билангина ўлчанади. Чунки бошқача фикрлай олмаймиз ва миямизда қотиб қолган ақидамиз шунақа.
Шу кунларда Россияда миллатчи гуруҳлар меҳнат муҳожирларини қувиб юришибди. Жумладан.., “кўп ҳолларда”- десак ҳам муболаға бўлмайди – ўзбекларни қувишмоқда. Бир қарасангиз Москва кўчаларида ҳарбий асирларни ҳайдагандек ҳайдаб ўтишади, бошқа ҳолатда ўлгудай дўппослаб уни интернетда намоиш этишади. Хуллас, кимнинг хаёлига нима келса, ўшани қилаверади. Биз эса, одатдагидек индамай жавоб берамиз.
Биз билан суҳбатда бўлган сурхондарёлик меҳнат муҳожирларидан бирининг айтишича, кечки пайтларда Москва ва унинг атрофидаги кўчаларда юриб ҳам бўлмай қолибди. Меҳнат муҳожирлари учун шунақа вазият яралган.
“Илгарилари бемалол юрардик, ҳозир кеч бўлди дегунча, ташқарига ҳам чиқа олмай қолдик”. – дея таъкидлайди у. Суҳбатдошимизнинг келтирганига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксар кўпчилиги ўзлари ишлаётган жойларида яшашаркан.
“Ўзимиз қураётган, ёки таъмирлаётган уйларнинг битта хонасини яшаб туриш учун мослаб олганмиз”. – дея вазиятини тушунтирди у. Бироқ улар бугунги хавфлик вазиятларда ҳам уйларига қайтишни эмас, яшириниб юриб бўлсада, Россияда қолиш ва ишлашни орзу қилишади. Чунки ватанда иш йўқ, иш топилганида ҳам маош йўқ.
Юртимизда иқтидорда турган диктатура режими эса ўз фуқароларининг бу аччиқ тақдири билан мутлоқ қизиқмаяпти. Мамлакат раҳбарини ҳам, унинг ҳукуматини ҳам фақат бир нарса қизиқтиради: така бўлса ҳам, сут берсин!
Нега биз шу кунга тушдик? Мана шу саволни ҳар ким ўзига бериб кўра олса эди, балки бутун ўзбек муаммоларининг жумбоғини ҳам топган бўлармидик? Масалан, Ўзбекистонда одамларнинг уйларини бузиб юборишмоқда, аммо бульдозер ҳали ўз уйи остонасигача келмаганлар бу ноқоқнуний ҳаракатларни сукут билан кузатишади. Қўшнисининг уйи бузилаётганида, “қўй, индамай тургин, бизникини ҳам бузиб ташлашмасин” дейдиганлар эртага ўзлари ҳам хонавайрон бўлиб кўчада қолишларини тасаввурларига сиғдиришмайдида, “Худо асрар” – дея умид қиладилар. Худо эса бунақаларни асрамайди!
“Ўзбекистон – ўзбеклар диёри”  деймиз. Айниқса 1991 йилда осмондан тушган мустақилликдан сўнг. Бу мамлакатни аслида “ўзбеклар диёри” деб эмас, балки “Ўзбекистон – индамаслар диёри”  деб аталса тўғрироқ бўларди. Чунки бу элни ҳар кунга солсалар ҳам, шунақа индамас бўлиб ўтираверишидан толмади. Қачон осмондан чалпак ёғиб бу миллатнинг тақдири ўзгаришини эса биров аниқ башорат қила олмайдиям.
2005 йилнинг 13 май кунида Андижонда содир бўлган қатътиомдан сўнг бутун Ўзбекистон қўрқиб қолгани рост. Айни  шу воқеъа сабаб, анчагина ўзбекистонликлар Европа ва Америка қитъасидан ўзларига янги ватан топишди, янги ҳаёт бошлашди. Бироқ бу янги демократия, ҳамда эркинлик мавжуд бўлган жамиятларда ҳам ватандошларимиз худди ўша, ўз уйларида ўрганган одатларини тарк этиша олмаяпти. Баҳона тайёр: “Аллоҳ биздан сиёсатни сўрамайди, намозимизни, ибодатларимизни сўрайди!”. Қани, бир нима деб кўринг, нақд кофирга чиқариб юборишади.
Эҳтимол, ёлғонларга кўникма ҳосил қилганимиз бизнинг бош муаммомиздир. Ахир айтадиларку, “бу дунё – ёлғон дунё” деб. Гарчи ҳақ дунёга кетишга шошилмаётган эканмиз, балки мана шу ёлғон дунёда қоладиган кегуси авлодларимиз учун нималардир яратиб кетсак, улар учун тинчлик ва хотиржамликни бунёд этган бўлармидик. Эътибор қилинг, азиз ватандош, ўзбек деган миллатни қийратиш  ҳар бир куннинг ўз тартибига кириб бормоқда. Бирор жойда ўзбекни ўлдирган одам жазога тортилмаяпти. Ҳаттоки Швецияда 2012 йилнинг 22 февраль кунида таниқли имом Обид қори Назаровни отишди. Жиноятга алоқадор бўлган эр-хотинлар қўлга олиндию, аммо суд уларни қўйиб юборди. Тасаввур этинга, агар ўшанда улар Обид қори Назаровни эмас, бирор яҳудий равинини отишда иштирок этган бўлсалар швед суди уларни шунчалар осонлик билан қўйиб юборган бўлармиди? Асло йўқ!
Россияда отилган Фуад Рустамхўжаевнинг қотили қани? Нега бу жиноят ортидан биров югурмаяпти? Шунчаки, унда ҳам бир ўзбекни ўлдиришди ва бу катта жиноят эмас(?). Ватанда ҳам ўз милициямиз, ўз хавфсизлик хизматимиз ўзимизни қирғин қилса, бошқалар қараб турса. Биз индамаслар диёриданмиз ва миллатимиз бошига ҳар қандай фалокат келсада, индамай қараб тураверамиз. Ўзбек аёлларини видеокамера олдида ечинтириб дунёга тарқатаётганлар ҳам ўз милициямиз, ўз божхона хизматимиз ва энг сўнгида эса ўз миллатимиз. Ўзимизни ўзимиз хўрлаяпмиз ва дунёда адолат йўқлигини айтиб, гоҳида нолиб ҳам қўямиз. Адолат эса кучдадир! Биз бир халқ ва бир эл бўлиб кучга айланмас эканмиз, дунёнинг мана шунақа шармандаси бўлиб қолаверамиз.
Тўлқин Қораев
Швеция