News Briefing Central Asia хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича дастур лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Унда бир неча асосий қарашлар мажмуаси мавжуд. Лекин инсон ҳуқуқлари поймол бўлаётган бу давлатда мақсадлар самимий бўлишига фаоллар ишонч билдирмаяптилар.
Дастур август охирида ишлаб чиқилган бўлиб, 2012 йил баҳорида БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон олдинга сурадиган асосий ҳужжат бўлиб қолади.
48 варақдан иборат миллий дастур лойиҳасида мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари доирасидаги ютуқлари тасвирланади. 150 та янги қонун актларини қабул қилиш кераклигини ёриштиришга ҳаракат қилади. Жумладан, “Митинг, мажлис, намойиш ва пикетлар ўтказиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий назорат ҳақида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари иш фаолиятларининг очиқлиги ҳақида”.
Олий Мажлис Сенати қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари комитетининг (Парламент Юқори палатаси) раиси Светлана Ортиқова тақдим этилаётган программани инсон ҳуқуқлари доирасида Ўзбекистоннинг “энг инқилобий лойиҳаси” деб атади.
“Ўзбекистон ҳуқуқ системасида ҳам, турмушнинг бошқа соҳаларида ҳам истиқболли либерализациялаш йўлини танлади. Бу нарсалар келажакдаги чуқурроқ демократик шаклланишлар учун асос бўлиб қолади”, – деди сенатор.
Бир қарашда, маҳаллий қонунчилик базаси мукаммаллашмоқда, Конституция ва қонунлар демократик меъёр ва тамойилларга эга бўлиб бораётгандек. Сўнгги йилларда Ўзбекистон 70 га яқин инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни ратификация қилгандек. Жиноят кодексига инсонийлик меъёрларини киритгандек. Суд системасида ислоҳотлар ўтказгандек. Фуқаролик жамияти фаолияти учун ҳуқуқий асос яратиб бергандек.
Лекин аслида, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари рейтингида Ўзбекистон аввалгидек паст ўринларни эгаллаб келмоқда. 2011 йилнинг июнида Freedom House нуфузли ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистонни “энг қатағон жамият” рўйхатига киритди. У ерда инсонлар инсон ҳуқуқларининг жиддий ва узлуксиз бузилиши оқибатида изтиробланмоқдалар. Мамлакатда қийноқлар кенг тус олган, сиёсий маҳбуслар бор, ўзгача фикрловчилар эзиб ташланади, сўз эркинлиги йўқ!
Судланган диндорларнинг ноқонуний ҳибсга олиниши ва қийноқлар мониторинги билан бир неча йиллардан бери шуғулланиб келувчи, Тошкентдаги Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи бошлиғи Суръат Икромов қалбаки жиноий ишлар ишлаб чиқилаётган бир пайтда миллий программа проектини муҳокама қилишига таажжубланади.
Ўтган муборак Рамазон ойида диндорларни оммавий ҳибсга олиниши ва улар ёлғон айбловларни бўйнига олишликлари учун қийноқларга солингани ҳақида ҳуқуни ҳимоя қилувчи гуруҳлар хабар қилган эди.
“Милиция ҳаддидан ошаётган, яъники, унга ҳеч бир тўсиқсиз инсон ҳуқуқларини бузишга йўл очиб берилаётганида қанақанги инсон ҳуқуқи ҳақида гап кетаётган бўлиши мумкин?” – эътиборни тортади Икромов.
Миллий дастурни қабул қилишлик билан вазият яхшиланиб кетишига Тошкентдаги Ўзбекистоннинг рўйхатдан ўтмаган Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи альянс фаоллари жуда кам ишонадилар.
“Ўнлаб гўзал қонунлар ишлаб чиқиш мумкин, бироқ ҳокимият муаммоларни муҳокама қилишга қизиқмас экан, бундан бирон-бир самара бўлиши амри маҳол, – дейди альянс бошлиғи Елена Урлаева, – ҳозирча Ўзбекистонда оз сонли мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳларгина инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи аниқ механизм вазифасини ўтай олади”.
Ўзбекистон территориясида биргина “Эзгулик” ҳуқуқни ҳимоя қилувчи жамиятигина расмий рўйхатдан ўтган. Қолганлари нолегал ҳолатда фаолият олиб боради ва давлат томонидан амали таъқиблар остида.
Қонун ва ижтимоий манфаатларни таҳлил қилувчи Тошкентдаги эксперт ишчи гуруҳининг бошлиғи Сухроб Исмоилов агар ҳокимият фуқаровий жамият институтларини миллий дастурни амалга татбиқ этиш ишларида жалб қилса, шундагина бирон-бир натижа чиқиши мумкинлигини айтади.
“Бу нарса ҳозирча ҳокимият, у тузиб олган ва назорат қиладиган институтларнинг алоҳида имтиёзли ҳуқуқи бўлиб қолади. Бундай институтлар қўрқиб, тобелик қилиб, эркин ва мустақил бирон-бир ишни қилишга ботина олмай юрганларида ўша қонун “самарали” ҳисобланади”, – деб ҳисоблайди эксперт.
Бу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлари маълумоти” лойиҳаси кўламида тайёрланган.
ААТ Матбуот Бўлими