O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон келажаги учун қайғурган сиëсатчи Ҳайдар Жамол вафот этди

Ўзбекистон келажаги учун қайғурган сиëсатчи Ҳайдар Жамол вафот этди
180 views
05 December 2016 - 21:14

Россия Ислом қўмитаси раиси Ҳайдар Жамол 4 декабрь куни 69 ëшида Олмаота шаҳрида оламдан ўтди. У “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” кенгаши аъзоси сифатида бу ташкилотнинг Берлин ва Прагадаги қурултойларида иштирок этган ва Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлардан умид билдирган эди.

Бундан 4 йил олдин Ҳайдар Жамол Прагада Озодлик билан суҳбатлашиб, Ўзбекистонда мустабид режим узоқ қола олмаслиги ва яқин йилларда ўзгариш бўлажагини айтган эди.

Ҳайдар Жамолга кўра¸ халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги конституция бузилишлари ва тазйиқларни етарлича қораламагани қўрқув муҳитининг устивор бўлишига сабаб бўлган.

Жамол Россиядаги “Левий фронт” асосчиларидан ва “Норозилар марши” намойишларининг иштирокчиларидан бири эди.

Марҳум 2010 йилда рус мухолифатининг “Путин кетиши керак”, деб номланган мурожаатини имзолаганлардан бири бўлган.

Уни яқиндан билган ўзбек мухолифати арбоби Муҳаммад Солиҳга кўра¸ Ҳайдар Жамол узоқ давом этган саратон касаллигидан сўнг вафот этди.

РТР телеканалида “Минг бир кун” телекўрсатувларини олиб борган ва ислом тўғрисидаги олтита китобнинг муаллифи Ҳайдар Жамол, васиятига кўра, Олмаота яқинидаги қабристонга дафн қилинади.

Манба: ozodlik.org