ЎХҲнинг, www.uzerk.org сайтида босиб чиқарилаётган мақолаларни ҳар кунлик ва ҳар бир сонларини ўқиб бормоқдамиз. Мақолалар юзасидан турли хил фикр ва мулоҳазалар бўлмоқда. Яъни, “дискуссия” баҳс, мунозара, мушоҳода бўлмоқда. Баъзи бир муштарий дўстларимиз эса, ЎХҲнинг олиб бораётган сиёсатини Ислом динига олиб бориб тақашмоқда. Албатта бу нотўғри фикр. Менинг бирдан бир таклифим шундан иборат эди-ки, агар ҳар бир инсон ЎХҲнинг сайтини ўқимоқчи ва танишиб чиқмоқчи бўлса, аввалом бор, шу сайтга киришдан олдин, унинг дастур ва мақсади хамда унинг моҳияти нималардан иборат эканлигини билсалар ва танишсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бироқ сайтимизда кейинги вақтларда Ислом динига оид мақолалар бериб борилганлиги туфайли, айрим инсонлар яъни, “провокатор”лар ЎХҲни “раддикал”, “фанатик”, “сионизм” “экстермизм”, “терроризм” билан айблашга ҳаракат қилишмоқдалар…
Ҳозирги вақтда интернет орқали “виртуал мулоқот” уюштирилиб, Ўзбекистон ичида фуқароларимизни чалғитишга ҳаракат қилинмоқда. Биз мана шундай кўнгилсизликларни олдини олишимиз керак. Биз иншоллоҳ қурмоқчи бўлаётган жамият албатта демократик принциплар асосида қурилишини фуқароларимизга тушунтирмоғимиз лозим. Аммо, Ислом дини бу бизнинг эътиқодимиз. Албатта биз ўз эътиқодимиздан алҳамдулиллоҳ кечмаймиз. Биз ўз динимизни янада ғўзал сайқал очиб гуллаши учун, биз шу йўлда курашамиз. Ҳалқимизни баъзи бир ноинсоф ғаламис, Ислом динини тушунмайдиган разил инсонлар, динни ниқоб қилиб олиб, чалғитиш учун ва адаштириш учун, қилинадиган ҳаракат деб билишимиз керак. Ана шундай адашган инсонлар учун, уларга бизнинг мақсадимиз хамда моҳиятимиз нималардан иборат бўлмоғи кераклиги ҳақида фуқароларимизга тушунтириш ишлари, агитация ва пропаганда ишларини олиб бормоғимиз даркор…
Ўзбекистон ичида ва ташқарисида яшаётган фуқароларимиз бир нарсани унутмасликлари керак-ки, Каримов ҳукумати 23 йил давомида Ислом динини ниқоб қилиб олиб, диндор биродарларимизни, “Ҳизбут-Таҳрир” ва “Ваҳҳобий”ликда айблаб, уларни қамоққа тиқдилар. Уларнинг ҳозирги кундаги сони 10 минг кишига бориб етди. Каримовнинг асл мақсади ўзи нима бўлган? Каримов, ўзи бошқараётган диктатура жамиятини узоқ муддатда ушлаб туриш ва шу орқали Ўзбекистон бойликларини талон-тарож қилиш. Ислом динига зарба бериш. Якка “Худо”ликка даъво қилиш. Унинг ягона мақсади шу эди. Каримов ҳеч қачон ўзининг ҳалқини ва унинг келажагини ўйлайдиган инсон эмас. Агар ўзбек ҳалқининг келажагини ўйлаганида эди, фуқароларимиз Қозоғистон ва Россия давлатларига бориб, қул бўлиб ишламас эди. Бунинг исботи сифатида Каримов, Ўзбекистон миллий телевидениеси орқали чиқиш қилиб, ўзбек ҳалқидан жирканишини айтди. Сизга ва бизга яна қандай исбот керак? Унинг асл башараси ҳаммамизга аён-ку? Аҳир, ундан яна нималарни кутиши мумкин ўзбек ҳалқи???
Ислом динига қарши бўлган, Исроил ва Америка давлатлари, “демократия”ни қўллаб-қувватлаб, уни парвозларга кўтариб мақтаётган муттаҳамлар эса, бундай диктатурага мойил жамиятни бошқараётган раҳбарларнинг қўллари билан диндор инсонларни қирдилар. Лекин шу билан бирга эса, сўнгги икки йил давомида, яқин Шарқда бўлиб ўтган “Араб баҳори” туфайли, қанча диктатурларнинг ҳам ҳаётига нуқта қўйилди. Шу “Араб баҳори”ни биз ўзимиз онгимиз ва тафаккуримиз билан чуқур талқин қилиб, “Ўзбекистон келажакда қандай йўлни танламоғи керак?” деган бир мақсад сари интилишимиз керак…
Яқинда, хабарларингиз бор, Эронда сайлов бўлиб ўтди. Эрон Ислом давлатидир. У ерда президентилик сайловлари демократик принциплар асосида амалга оширилди. Мухолифатдаги ҳур фикрли инсонлар Эрон ичида ва ташқарисида бўлсалар-да, Эроннинг ички ва ташқи сиёсатини ўйлаб, бир тўҳтамга келишди. Чунки, Эроннинг ички ва ташқи сиёсати таҳлика ҳолатга келиб қолганди. Америка ва Исроил хамда Европа давлатлари Эроннинг олиб бораётган сиёсатига тиш-тирноғи билан қарши чиқишмоқда. Унинг бир атом бомбаси борлиги учун эмас. Ер юзини бошқариб келаётган, “олти бурчакли юлдуз”, яъни Исроил давлати Эронга ўзининг кучини ўтқазиб, давлат ичида беқарорликни келтириб чиқармоқчи бўлди. Исроил давлати Эронда ҳам, ўзининг хукмронлигини ўтқазмоқчи эди. Бунга уриниб ҳам кўришди. Масалан 2008 йил ҳозирги Эрон президенти Аҳмадийнажотнинг иккинчи марта сайланиш арафасида, мухолифат кучидан фойдаланиб, уни таҳтдан ағдариб, ўзига яқин бўлган кучларни қўймоқчи эди. Холбуки, буни тушуниб етган эронликлар эса, “Эрон Ислом Республикаси”ни парчаланиб кетмаслиги учун, тиш-тирноқлари билан курашдилар. Натижада. Эронда президентлик учун даъво қилаётган кучлар бирлашди. Ягона мақсад учун ва ҳалқининг қирилиб кетишини олдини олди. Муҳолифат билан тил топа олди. Бизнинг диктатур Каримовга ўҳшаб, якка хокимлик қилган эмас. “Муҳаммад Солиҳ – менинг душманим” деган йўқ. Улар муҳолифатни ҳам, президентлик сайловига таклиф қилишди. Мана Сизга мантиқ, мақсад ва моҳият…
Ҳозирги вақтда ер юзида Эрон Ислом давлати, Америка ва Исроил хамда Европа давлатларига қарши фикр билдираётган ягона давлат ҳисобланади. Эронга қанчадан-қанча босим бўлмасин, у барибир ўзининг мақсадидан қайтгани йўқ. Шу ўринда савол туғилади. Хўш, биз Эрон танлаган йўлни танлашимиз керак-ми?! Йўқ албатта. Чунки, Эрон азалдан ўзини келажагини қуриш учун, Ислом шариатларидан келиб чиққан ҳолда жамиятни бошқариб келмоқда….
Биз бу йўлни танлай олмаймиз. Сабаби, биз 70 йил давомида собиқ СССР давлатининг бир бўлаги ва бир парчаси бўлиб келдик. Шу давр ичида фуқароларимизнинг фикрлаш қобилияти ўзгарди. Ислом динига бўлган эътиқодимиз сусайди. Руслар ўз маданиятини бизнинг суяк-суягимизга синдириб юборди. Бироқ, халқимиз ўша азалда Ислом динига бўлган, ҳурмати ва иззати ўзгарган эмас. Лекин, ҳозирги вақтда Исломни қабул қилиш ва унга бўйсиниш, Ўзбекистонда бир текис кечаётгани йўқ. Бизнинг ҳалқимиз Исломнинг асл моҳиятини тушуниб етгани йўқ. Агар ҳалқимиз Исломни тушуниб етганларида эди, жамиятда порахўрлик, лаганбардорлик, кишининг ва давлатнинг мол-мулкини ўзлаштириш, ҳаром ва ҳалол аралаш бўлмасди. Инсонларимиз иймон ва эътиқодга диққатини қаратган бўлар эди. Шунинг учун ҳам, мана шундай инсонлар орамизда борлигини ҳам, ҳеч қачон унутмаслигимиз даркор…
Унда қайси йўл бизга асқотади?!
Албатта ҳар бир инсоннинг ўзининг шаҳсий фикри бўлади. Бу масалада, менинг ҳам, ўз шаҳсий фикрим бор. Мендан, “Ўзбекистон келажакда қайси йўлни танламоғи керак?” деб савол беришса. Мен ҳеч иккиланмай, Туркия давлатининг олиб бораётган сиёсатини Ўзбекистонда қўллаб-қувватлашини таклиф қилардим. Чунки, Туркияда инсонлар намоз ҳам ўқийди. Ароқ ҳам ичади…
Туркияда Ислом динига эътиқод қилувчилар ҳам бор. Улар ўзларига Ислом динини муқаддас дин деб билишади. Шу билан бирга бошқа динларни ҳам ҳурмат қилади. У ерда, “сен шиа, сен суннийсан” деган гап-сўзнинг ўзи йўқ. Мансаб ёки мазҳаб учун курашмайдилар. Туркияда Ислом динига сиғиниш, очиқдан-очиқ ошкоралик тарзда барпо этилган. У ерда ҳурлик ва адолат бор. Ҳеч бир инсон қулликка маҳкум этилмайди. Ҳар бир инсон ва шаҳс, давлат олдида ўзининг фикрини бемалол айта олади. Агар фуқароларининг фикри жамият учун тўғри келса, унда ҳурфикрлигини ҳурмат ва иззат қилади. Туркияда фикр орқали жамиятни ва инсонларни тўғри йўлга бошқарадилар…
Маълумингизким, яқинда Туркияда бўлиб ўтган норозилик намойишлари орқали, жаноб Ражаб Эрдўғоннинг олиб бораётган сиёсатига қарши Туркия фуқаролари ўз фикрларини айтди. Улар билан ҳисоблашга мажбур бўлган Эрдўғон турк миллатининг олдига чиқиб, ўз ҳалқининг келажаги ва истиқболи учун фикр билдирди. Турклар буни ўзларига амали дастур қилиб олиб, ягона турк миллатини ривожлантириш учун, ҳизмат қилишга бел боғладилар. Мана Сизга лидерликка даъвогарлик. Мана Сизга мантиқ, мақсад ва моҳият…
Туркияда мамлакат президентини ва бош вазирни ҳалқ сайлайди. Унинг парламенти ҳалқ томонидан сайланади ва депутатлар ўз овозига эгадирлар. Туркиянинг бирдан-бир мақсади ҳалқининг бошқа миллатларга нисбатан эркин, ҳур инсонлар бўлиши учун ва дунёда турк миллатининг келажаги учун, ҳамиша курашмоқдир. Туркия ўзининг олиб бораётган сиёсат туфайли ва унинг инвестицияси орқали, постсовет давлатлари ичида, Озарбайжон ва Қозоғистон катта-катта мақсадларга эришди. Бу давлатлар Ўзбекистондан ҳар тамонлама ўзиб кетди. Уларнинг иқтисоди ва салоҳияти бошқа давлатларга нисбатан юзчандон ўзгарди. Шунинг учун ҳам, мен Туркиянинг сиёсатини Ўзбекистонда қўллаб-қувватланишининг тарафдориман….
Р.S. “ЎХҲ”нинг www.uzerk.org ва “ЭРК” демократик партиясининг www.uzbekistanerk.com сайитларида аъзо бўлиб кириш тартиби келтирилган. Ёки бўлмаса, Ўзбекистон ичида фаолият кўрсатиб келаётган шахсларнинг телефон рақамлари бор. Булар: +998901224581, +998909271405, +998917804998: Ёки, Ўзбекистон ичида ва ташқарисида ҳар бир фуқароларимиз ўзлари учтадан ортиқ бўлган шаҳслар партия тузишлари ҳам мумкин. Шу учта шаҳс, қолган фуқароларни шу партияга ёки Ҳаракатга аъзо бўлиб киришлари учун ҳаракат қилса бўлади. Лекин фаолият кўрсатаётган лидерлар, ЎҲҲ ва “ЭРК” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ номига ариза ёзиб киришлари шарт.
Фахриддин Тиллаев