O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон: Кутганимиз эмас, қўрққанимиз бўлди – мухолифатнинг Мирзиёевдан ҳафсаласи пир бўлдими?

Ўзбекистон: Кутганимиз эмас, қўрққанимиз бўлди – мухолифатнинг Мирзиёевдан ҳафсаласи пир бўлдими?
169 views
23 September 2019 - 16:59

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳукумати сўзда бир, амалда эса бошқача сиёсат юритмоқда.

“Эрк” раҳбарининг 23 сентябр куни uzerk.org сайтида эълон қилинган баёнотда айтишича, мухолифатнинг оқланиб, ватанга қайтиши борасидаги умидлар ўзини оқламаган.

“Шавкат Мирзиёев президентлик курсисига ўтиргандан кейин бир неча баёнотлар бериб, ўлкада либерализм шабадасини эстиргани тўғри. Айтиш мумкинки, унинг баёнотлари кўпчиликда ишонч уйғотди. Ҳатто диктатор Каримовнинг 27 йиллик қатағонидан энг кўп зиён кўрган мухолифат вакилларида ҳам келажакка нисбатан оптимизм пайдо бўлди. Ва биз яхши ният билан янги келган рахбарнинг ислоҳотга ўхшаган энг кичик ҳаракатига ҳам қўлимиздан келган маънавий ва сиёсий дастакни бердик.Матбуотда бу муносабатимизни самимий ифода этдик. Бу тутумимиздан мақсад – янги рахбарга вақт бериш, ўтиш даврини енгиллаштиришга ҳисса қўшиш эди.Афсуски, кутганимиз эмас, қўрққанимиз бўлди”, дейилади баёнотда.

Муҳаммад Солиҳнинг иддаосига кўра, Шавкат Мирзиёев ҳукумати “сўзда бир юз билан, амалда эса иккинчи юз билан сиёсат юритишда давом этди”.

“Бундан бир йил олдин Мирзиёев “Қўли қонга ботмаганлар ватанига қайтсин”, деган популистик бир шиорни ҳайқирди. Бу шиордан сўнг сохта айблар билан айбланиб ватанини тарк этган мухолифатчиларда юртга қайтиш умиди пайдо бўлди.Аслида, мухолифатнинг оқланиб, ватанга қайтиши Мирзиёев режими учун катта фойда келтирарди. Уни ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам либерал режим мақомига юксалтирган бўларди. Мухолифатнинг Ўзбекистон сиёсий елпозасида пайдо бўлиши чет эл сармоясининг ўлкага келиши учун энг кучли туртки бўлиши мумкин эди.

Аммо… бирорта ватансевар мухолиф ватанига чақирилмади, қайтишга уринганлари ҳам чегарада ушланиб, келган жойига қайтариб юборилди. Бу шармандали ҳолат ҳукуматнинг иккиюзли сиёсатининг намунаси бўлди. Бу Мирзиёев ҳақида иккиланиб турган ижтимоий қатламларнинг ҳафсаласини пир қилди”.

“Эрк” раҳбарига кўра, жорий йил охирида ўтадиган парламент сайловларида мухолифатнинг қатнашмаслиги аниқ.

“Мирзиёев диктатор Каримов тузган қўғирчоқ партиялар билан сайлов ўтказмоқчи ва дунё жамоатчилигини Каримов услубида лақиллатмокчи. Ғарб давлатларини Мирзиёвнинг сохта сайловига кузатувчи юбориб, уни машруълаштирмасликка чақирамиз. Шунингдек, Ўзбекистондан инсон ҳақларига ва имзолагани бутун халқаро ҳужжатларга риоя этишларини талаб қилишларини сўраймиз”, – дейилади баёнотда.

Бу Ўзбекистондаги энг таниқли мухолифат ташкилотининг Мирзиёев ислоҳотлари борасида охирги уч йил ичида қилган энг танқидий баёнотидир.

Бундан аввал Муҳаммад Солиҳ Мирзиёев ислоҳотлари мухолифатга умид берганини айтиб, уни жиддий сиёсий ислоҳотларни бошлашга чақирганди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси 22 декабрни Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни этиб белгилаган.

Сайловларда Ўзбекистонда расмий рўйхатдлан ўтган бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати -Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Экологик партиядир.

Овоз бериш жараёнлари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейинги илк парламент сайловлари бўлади.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти биринчи марта Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юборишини маълум қилган.

69 ёшли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ватанида 1999 йил феврал портлашларида айбланиб, сиртдан 15,5 йилга ҳукм этилган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари айбларни сиёсий деб атайди.

Ўтган йил ноябрида Интерпол Муҳаммад Солиҳни халқаро қидирувдан олиб ташлаган.

Мирзиёев ҳукумати Каримов давридаги кўпгина сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод қилган, аммо уларнинг реабилитация ҳақидаги сўровларини рад этган.

Янги раҳбарият сиёсий таъқиблардан хорижга кетишга мажбур бўлган мухолифларнинг ватанга қайтиши ва улар билан мулоқот эҳтимоли борасида ҳеч қандай баёнот бермаган.

Ички ишлар ва ҳокимият вакиллари намойишчиларни тўхтатмоқчи бўлган

Хоразмдаги намойиш

Душанба куни Хоразмда “Эрк” партияси фаоли, шоир ва журналист Махмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортик намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, намойишчилар ҳозирда Хоразм вилоят ДХХ бошқармаси биносида ушлаб турилибди.

Намойишда қатнашган ҳуқуқ фаоли ва блогер Шабнам Облоқулова душанба куни ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида намойишчиларга номаълум аёллар ҳужум қилгани ҳақида хабар берган.

Аввалроқ у ўзининг ички ишлар ходимлари томонидан дўппосланганини даъво қилганди.

Ички ишлар масъуллари ҳодиса юзасидан ҳеч қандай маълумот беришмаган.

Шабнам Облоқулова Фэйсбукдаги саҳифасида эълон қилган видеолардан ички ишлар ходимлари ва Ургенч ҳокимияти вакиллари Тошкентга йўл олган намойишчиларни тўхтатишга ҳаракат қилгани англашилади.

Маҳмуд Ражаб ва қариндошлари 22 сентябр куни Тошкентга, Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашувга пиёда юриб боришни режалагани ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилишган.

Улар “Эрк” раҳбари Муҳаммад Солиҳ асарларини Ўзбекистонга олиб кирганликда айбланаётган Маҳмуд Ражабга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатишни ташаб қилишмоқда.

20 сентябр куни маҳалладошлари Маҳмуд Ражабни олиб кетиш учун келган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатишган ва уни олиб қолишган.

Маҳмуд Ражабга нисбатан жорий йилнинг 30 апрел куни Тошкент аэропорти божхона расмийлари томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маҳмуд Ражаб жиноят ишини шу йил март ойида Туркиядан мухолифат етакчиси ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб келгани билан боғлайди.

Муҳаммад Солиҳ асарлари ундан тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган.

Айбдор деб топилгани тақдирда, 56 ёшли Маҳмуд Ражаб беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Аввалроқ у Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб, Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққанди.

Манба: bbc.com/uzbek