Британиянинг нуфузли “Economist” журнали таъкидлашича, болаликни ҳимоя қилиш бўйича “Save the Children” хайрия фондининг дунёда туғилиш ва оналик атрофида юзага келган аҳвол тўғрисидаги “State of the World’s Mothers” йиллик ҳисоботи “ёлғон статистика маълумотларига” таянган, дея хабар беради Еurasianet.
Ҳисоботдан маълум бўлишича, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон болаларнинг тўйиб овқатланмаслигига қарши кураш бўйича улкан ютуқларга эришган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ушбу муаммони ҳал қилишда энг катта юксалишга эришган давлат сифатида тан олинади – бу мамлакатда тўйиб овқатланмаслик важидан бўй ўсишнинг тўхтаб қолиши кўрсаткичлари икки баробарига қисқарган экан. Қирғизистон ва Туркманистон эса мос равишда бешинчи ва олтинчи ўринларни эгаллаганлар.
“Economist” журнали “Save the Children” хулосаларини шубҳа остига олди. Нашрга кўра, статистикада ноаниқлик мавжуд ва бунинг сабаби – диктаторлик режимда яшовчи фуқароларнинг уйларида ўтказиладиган сўровларнинг ўзига ҳос хусусиятларида: “Ўзбекистон ёки Туркманистоннинг қишлоқларида бегона киши қўлида кўп варақли анкета қоғозларини кўтариб келиб, оила аъзоларининг ҳаёти ҳақида суриштиришни бошласа, маҳаллий аҳоли: “бу одам маҳфий полициядан бўлса керак, нега энди оиламиз билан қизиқаяпти”, деган хулосага келади ва тезроқ қутилиш мақсадида унга “керакли ва тўғри” жавобларни бера бошлайди”, дея тахмин қилади нашр.
Шунга қарамай, “Save the Children” ҳисоботида тўйиб овқатланмасликка қарши кураш ишида эришилган ютуқларга қарамай, юқорида номи келтирилган мамлакатларда истиқомат қилувчи болаларнинг бешдан бир қисми (Ўзбекистонда – 20 фоиз, Туркманистонда -19% ва Қирғизистонда 18%) ҳамон тўйиб овқатланмаяпти. “Economist” тахмин қилишича, аслида оч қолган болаларнинг сони келтирилган рақамлардан анча кўп.
Тошкентдаги Олам.Uz нашри республика Давлат статистика қўмитасига таянган ҳолда хабар беришича, 2012 йил 1 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистон аҳолисининг доимий сони 29637,9 минг кишини ташкил этиб, 2012 йил бошидан 82,5 минг кишига ёки 0,3% га ошган.
Шаҳар аҳолисининг сони 15177,6 минг кишини, қишлоқ аҳолиси – 14460,3 минг кишини ташкил этган, аҳолининг умумий сонига нисбатан фоизларда ушбу кўрсаткич мос равишда 51,2% ни ва 48,8% ни ташкил этади.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2012 йил январь-март ойларида республикага бутунлай келганлар сони 30,2 минг кишини, бутунлай чиқиб кетганлар сони 37,5 минг кишини ташкил этган. Шунга мос равишда миграция сальдоси минус 7,3 минг кишини ташкил этган.
Ишсизлар сони 625,5 минг кишини ташкил этиб, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 5 фоизига тенг. Қайд этамиз, Ўзбекистон статистикаси хорижга иш излаб кетган миллионлаб фуқароларни ҳисобга олмайди.
Бундан ташқари, 2012 йил январь-март ойларида ЗАГС идоралари 57 минг никоҳни ва 5 минг ажралиш ҳолатларини қайд этгани хабар берилади.
”Фарғона” ахборот агентлиги