O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон Миллатга Хавф Хизмати, Ўзбекистон Ичкилик Ишлар ва Ўзбекистон Мудофаа Хинзирлиги ходимларига

Наҳотки, келажакда адолатпеша давлатда яшашни ва ҳамиша ўз нафсини пок тутадиган хукмдор келишини истамасангиз?

Ўзбекистон Миллатга Хавф Хизмати, Ўзбекистон Ичкилик Ишлар ва Ўзбекистон Мудофаа Хинзирлиги ходимларига
19 views
18 March 2012 - 8:32

Мусулмон мусулмонни ҳеч қачон изза қилмаслиги, камситмаслиги, ҳақорот қилмаслиги керак. Сабаби Расулуллоҳ с.а.в. бадхулқ жаннатга кирмайди деганлар. Яна у зоти муборакнинг бошқа калималари ҳам бор-ки, унда фосиқни кўпчилик олдида изза қилиб юзига ошкора “Сен фосиқсан” дейиш жоиз экан. (Буни уламолар қандай таъбир этаркинлар билмадим-у, тахминимча ушбу хадис қайсидир шароитда жоиз, қайсидир пайтда суннат, қайсидир фурсатда вожиб, юртимизда эса ҳозирги кунда фарз бўлса эхтимол). Гуноҳни ошкора қиладиганни фосиқ дейди.

Хавфсизлик хизматининг ҳозирги кунда амалга ошираётган ишлари, аслида бошимизга тож қиладиган сиймоларни бирма-бир йўқ қилиб, миллатнинг кушандаси “вазифасини” бажармаяптими?

Милиция ходимлари-чи?.. Уларга нон берма ош берма, фақат бир бутилка ароқни консерва бонкасига қуйиб берсанг бас. Газагига яғир ёқасини ҳидлайди-ю, мустабиднинг буюрганини қилаверади.

Қуролли кучлар-чи?.. Куч сўзидаги “ч” билан “к” харфлар ўрнини атай алиштирдим-ки, сабаби ИАК бир йигитнинг умри давомида халққа “менга қарши бир нима десаларинг, ё қилсаларинг, сенларни қуролли кучларим билан ўшанақа қиламан” деб келяпти ва сўзини устидан ўта муваффақиятли чиқяпти.

Ҳарбийларимиз-чи?..Қайси давлатда яшаяпти-ю, қанақа шахс ҳукмронлик қиляпти, уларга фарқи йўқ. Ҳукмдори “мени ҳимоя қил” деса харбийлар уни ҳимоя қилаверишади. Зулмга қарши курашаётган адолатпарварларми, бола-бахра, ёшу-қари аёлларми, ўз халқими фарқи йўқ “ўт оч” деса отаверишади. Халқини ўз қўли билан шафқатсиз қирғин қиладиган биздан бошқа яна қайси давлатда бунақа харбийлар бор? Европани айтмай… Грузин харбийлари ёки рус аскарлари бизникига ўхшаб, от деса ватандошларини каклик отгандек овлайверишармикин? Бизникилар эса тап тортмай отаверишади. Ватандош харбийларимизми бошқа куч ишлатарларимизми, Мустабид битта жасорат ордени тақиб қўйса бас, навбатдаги тўқнашувда хатто ўзларига қарши турган жигарларини ҳам автоматдан ўтказишади.

Сўзларим нотўғрими?

Ноҳақ бўлсам, буни ҳали исботлаш имконингиз бор. Аммо бу имконият бир марта ва сўнгги бор берилади. Нохақ эканимни исбот қилмоқчи экансиз, Фурсат ҳар тарафлама батамом келган кун халқингизга саф тортиб ўқталган қуролларингизни орқа тарафингизга қаттолга ўгирилиб тўғриланг. Наҳотки, ҳали ҳам аслида ватан хоини ким эканини билмаётган бўлсангиз. Ростдан ким эканини билмаяпсизми? Ёки билмагандек ўзингизни овсарликка соляпсизми? Миллат олдидаги кечирилмас айбингизни ювиш сўнгги имкониятини қўлдан бой берманг.

МХХ ходимлари юрт сув қуйгандек тинч кўринаётганидан хотиржам бўлманг, нариси билан яна икки марта нарх-наво ошса, авомнинг аҳволини ўшанда кўрасиз. Давлат ғазнаси йил сайин эмас, кун сайин шип-шийдон бўлиб, сўнгги чақалар сидириляпти. Коррупция кульминациясига етган. Майда порахўрларга нон қолмаяпти. Сиз учун ўнлаб институтлар, муассасалар, аналитик бошқармалар фаолият кўрсатишади. Лекин улар ҳам инсоннинг сабр косаси қачон тўлишини, қўрқоқлик чегараси қаерда тугашини аниқ айта олмайдилар. Бу ҳодиса бутун халқ томонидан ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган тарзда бир лаҳзада содир этиладики, кўз олдингизга “Торнадо”ни келтираверинг.

Шуни ҳам билинг-ки, бу ҳодиса сунъий равишда ё фитналар туфайли ёинки зўрма-зўраки юзага келмайди, Вазият ҳар тарафлама оби-тобида етилади. Мустабид чолни ой сайин мункиллаши, алжираши, инжиқлигининг ҳад билмаслиги, халқининг аҳволи кун сайин уни мутлақо қизиқтирмаслиги, ҳатто унга ахборот етказиши керак бўлган мулозимлари вазият қанақа эканини айтишдан хайиқишлари. Қўйинг-чи, мамлакат нафақат иқтисодий, балки маънавий маънода ҳам ҳар тарафлама чириб қуриб бўлган ўша кун етганда билинади. Лекин бу кунга сиз ўйлагандан, ҳатто биз ўйлагандан ҳам оз қолган бўлса ажабмас.

Агар сиз, МХХ ходимлари, шу пайтдан бошлаб ўзингизни (фитратингизни) ўзгартиришга уринмас экансиз, бу дунёдаёқ янги халқ ҳокимияти тарафидан оғир жазога йўлиқасиз. Тўғри, совет давридаги КГБ ходимлари давлатига охиригача ҳалол ва содиқ хизмат қилишган. Улар шундай тайёрланганлар ва шундай содиқ одамлар фуқаро ичидан танлаб олинган. Лекин у пайтда совет ҳокимиятининг асл башарасини, туб моҳиятини ким ҳам англай олган. Энди ИАКнинг қилганларини қўяверинг, уни ҳатто башарасидан кимлигини бешикда ётган чақалоқ ҳам билади.

Вақти келиб балки виждон азоби сизни қийнар. Унга қадар сизга гўзал таклифим бор. Агар сизда ўша виждон, ўша Иймон заррача бўлса, уни бутунлигича асраш йўлини кўрсатиш ниятидаман.

Аввало сиз ҳам халқ тарафига ўтиш ҳақида яхшилаб узил-кесил ўйлаб кўринг. Индамасдан, ё илимилиқ фикр юритмасдан, ё умри тугаб бораётган қонхўр золим тарафда собит тураверинг, ё эзилган рўшнолик кўрмаётган халқингиз тарафига ўтинг. Халқ тарафига ўтишга қатъий аҳд қилган бўлсангиз, вазифангизда ишлаб турибоқ, ўзингиз учун хавфсиз бўлган ҳолда халқингизга зимдан ёрдам беришингиз мумкин…

Бу нималардан иборат? Ҳеч бўлмаганда, интернетдаги мухолиф фикрларга, айниқса Мухаммад Солиҳ ва унинг тарафдорлари томонидан ёзилган мақолаларга ипирисқи гапларни изоҳ тарзида киритманг. Дейлик рахбарингиз шу маънодаги изоҳ киритишингизни талаб қиляпти. Ёки шунга ўхшаш мақола ёзишингиз керак, Сиз шундай мақола ёки изоҳ ёзингки, гўё мухолифатни ерга ураётгандек кўринсангиз-да, аслида “ним коса” қабилида унга хайрихоҳлигингиз билиниб-билинмай қолсин. Яъни шахматдаги от юриш каби.

Навбатдаги иш. Мана ҳозир “Халқ нидоси” фильми кенг оммалашиб боряпти. Сиз эса Фильм тарқатаётганларни ушлаш пайида юрибсиз. Шуларни ушламанг, қўйинг. Ўзингизни кўрмаётган, билмаётганга олинг. Иложи бўлса, қўлга тушиб қолмасликлари учун уларни ҳимоя қилинг. Қатъиятингиз етса, ҳашар шаклида унча-мунча ўзингиз ҳам фильмни тарқатишинг. Ахир кўп катта ишлар ҳашар йўли билан битган-ку.

Яна ўзингиз билган рахбарларингиз буюрган бошқа ишларни ўзингиз бу ёғига қўлбола қилиб бопланг. Йўқ, мен фантаст ёзувчи эмасман. Ахир ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз.

“Шундай қилсам давлатимга ҳиёнат қилган бўламан-ку” деган хаёлга борманг. Хиёнат қилаётган киши қалбига Аллоҳ қўрқувни, қилган ишидан ўзи норози бўлиш ҳиссини ва турли нохуш кайфиятларни солади. Аксинча, буни Иймон бурчим деб билсангиз, руҳингизда шундай бир пок хилқат пайдо бўлади-ки. Бунинг завқу-ҳузурини фақат ўз танасидан ўтказган билади.

Наҳотки, келажакда адолатпеша давлатда яшашни ва ҳамиша ўз нафсини пок тутадиган хукмдор келишини истамасангиз?

Тошкентлик С

uzbekistanerk.com