Шу кунларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Алишер Хўжаев ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшатиш аризасини ёзган, лекин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу аризага имзо қўймаган, дея хабар беради Республика ҳукуматидаги ЎХҲ манбаси.
Манбанинг сўзларига кўра, Алишер Хўжаевнинг бундай ҳатти-ҳаракатига сабаб, унинг қудаси, Бош вазир собиқ ёрдамчиси Абдулла Ориповга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши бўлган. А.Орипов устидан олиб борилаётган тергов жараёнида бир неча объект, жумладан, МТРК медиа-маркази (Тошкентдаги Ўзбекистон ва Абай кўчалари кесишувида) биноси қурилишининг нархи сунъий тарзда кўтарилганига оид фактлар аниқланган. Ушбу объектга пудратчиларни МТРК раҳбарияти тасдиқлаган бўлиб, қурилиш учун ажратилган маблағ бюджетдан Абдулла Орипов бошқараётган Ўзбекистон алоқа ва информациялаш агентлигининг (УзАСИ) банк ҳисобларига ўтказилган эди.
“Собиқ ҳамкори ва қудасининг тилидан гуллаши қаерларга олиб боришини дарҳол фаҳмлаган Алишер Хўжаев, ўз ихтиёри билан истеъфо беришга, ва шу йўл билан тергов органлари эътиборидан қутулишга ҳаракат қилган. Бироқ давлат раҳбари унинг аризасини имзоламаганига қараганда, афтидан, А.Ориповнинг молиявий махинацияларида А.Хўжаев ҳам аралашганидан И.Каримовни хабардор этишган” – дейди ЎХҲнинг ҳукумат доираларидаги манбаси.
Ҳукумат мулозимининг сўзларига кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва МХХ терговчилари А.Хўжаевни қимматбаҳо «Boeing-747» лайнери сотиб олишда иштирок этганликда гумон қилмоқдалар. Лайнер А.Ориповнинг Қозоғистон фуқароси бўлган қариндошлари номига расмийлаштирилган.
“А.Хўжаевни эса мазкур американ лайнерини сотиб олишда ҳиссаси бўлганликда гумон қилишмоқда. Терговчилар гумонига кўра, бу хариднинг яна бир “ҳиссадори” А.Ориповнинг вазирликдаги сафдоши Фаттоҳ Жалоловдир” – дея хабар беради ЎХҲга хайрихоҳ мулозим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон тергов органлари Бош вазир собиқ ўринбосари Абдулла Ориповни 160 млн АҚШ доллари эвазига «Boeing-747» учоғи сотиб олганликда гумон қилмоқдалар. Терговчилар иддаосига кўра, учоқ ҳозир Қозоғистон Республикаси ҳудудида қолмоқда. Бундан ташқари, Бош вазир собиқ ёрдамчисининг Алишер Хўжаев ўғлига никоҳланган қизининг ҳам бошига қора кунлар тушган. Маълумки, МТРК раҳбари вице-премьернинг қизини уйидан ҳайдаб юборган ҳамда ўғлини ишкалчи мулозимнинг қизи билан ажрашишга мажбур қилган.
“Гарчи МТРК раҳбари А.Хўжаев, собиқ қудаси А.Орипов билан орани узган бўлса-да, ўзбек ҳуқуқ-тартибот органларининг таъқибидан қутула олмайди. Шундай экан, жуда яқин кунларда Алишер Хўжаевнинг ҳам қора кунлари бошланади” – дейди ЎХҲнинг юқори лавозимли манбаси.
ЎХҲ ахборот маркази