Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган ҳамда кўпроқ “Жаслиқ” номи билан машҳур бўлган УЯ 64/71 колониясининг маҳбуслари ҳуқуқ ҳимоячиларга “жазони ўташ” муассасасида ҳукм сураётган турма маъмуриятининг зўравонликлари ҳамда инсон шахси ва иродасини синдиришга қаратилган ўта маҳоратли қийноқлар ҳақидаги янги далилларини тақдим этдилар. Шундай “маънавий “қийноқлардан бири – мамлакат президенти Ислом Каримовнинг асарларини мажбуран ўқитиш бўлиб қолмоқда. Доҳийнинг “ўчмас” асарларини ўқишдан бош тортганларни жисмоний қийноқлар кутаяпти…
“Жаслиқ” колонияси маҳбусининг хатидан лавҳа
Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган ҳамда кўпроқ “Жаслиқ” номи билан машҳур бўлган УЯ 64/71 колониясининг маҳбуслари Францияда жойлашган “ Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари” ассоциациясига (Association Droits de l’Homme en Asie Centrale, AHRCA) инсон шахси ва иродасини синдиришга қаратилган ўта маҳоратли қийноқлар ҳақидаги янги далилларини тақдим этдилар. Ўзбекистонда мамлакат мустақиллигининг йигирма бир йиллиги нишонланаётган кун – 2012 йил 1 сентябрда ҳуқуқ ҳимоячи Надежда Отаева ўзининг веб-сайтида аноним маҳбусдан олинган мактубни ва унинг таржималарини эълон қилди.
Бу ҳодиса “Жаслиқ” колониясида 2011 йил декабрь ойида содир бўлган
“2011 йилнинг декабрь ойида Жаслиқ зонасида содир бўлган воқелик. Жаслиқ зонасида кун тартибига бир соат призидентнинг китобини ўқиш киритилган. 7 отрядда ҳам ҳар кунгидек призидентни китоби угаловниклар томонидан ўқилаётганда, Қўқонлик Ортиқали (маҳбуснинг фамилияси мактубда кўрсатилмаган –таҳр.) бу ўқилаётган китоб ақидасига зид бўлгани учун, китобни эшитмасдан, шахсий иш билан машғул бўлганда: Призидентнинг китобини эшитмагани учун, уни дархол камерадан олиб чиқиб кетишган”, – дея ҳикоя қилади номи номаълум қолаётган мактуб муаллифи (мактуб орфографияси асл ҳолича келтирилган).
“Зона тарбия ишлар бошлиғи Бердибоев Икром Қодирбоевич (номи ҳақиқий-таҳр.) Ортиқалига зулм қилишда шахсан ўзи турган. Оёғининг тагига 50 марта уринглар деб буюрган. Урганлар 30-40 марта урдик дейишса, яна президентнинг китобини эшитасанми йўқми деб сўраганда, Ортиқали яна аввалги сўзида турган. Бердибоев Икром Қодирбоевич яна оёғини тагига 20-30 марта уринглар деб буюрган. Ҳаммаси бўлиб 80 марта уришган. Ортиқалини оёғини таги ишиб товонларига сув йиғган. Юролмайдиган ахволда уни 10 кунга УЯ 64/71 Жаслиқ зонаси ёнига янги қурилган умурбодлик қамоқхона изоляторига норасмий тарзда ёпган. Шу масала бўйича 7 отряддан 4 кишини норасмий изоляторга ташлаган. Уларнинг талаби Ортиқалини умурбодлик изоляторидан, зона изоляторига олиб чиқишни талаб қилиб, очлик элон қилишган. 4 киши 4 кунгача очликда турганидан кейин Ортиқалини расмий изолятор қилияпмиз деб, зона сан-частига олиб кириб, ишган товонини кесиб, номига шахсий гигиена буюмларини қабул қилиб, зона изоляторига олиб ўтишган. 10 кунлик изолятордан сўнг, 7 отрядга олиб чиқишган. Шу каби зулмлар-таъзиқлар кунда давомли тарзда давом этяпти. 159-модда билан жазо муддатини ўтаётган махбуслар, норасмий тарзда тез-тез умрбодлик қамоқхона изоляторига ёпилмоқда. Бунга жавобан муассаса маъмурияти, “бизни умурбодлик қамоқ изоляторига олиб ўтиб, ёпишга қонуний асосларимиз бор” деб айтияпти”, – дея ёзилган мактубда.
Эл орасида 64/71 колониясини Қорақалпоғистоннинг Жаслиқ поселкасида жойлашгани боис “Жаслиқ” деб атайдилар. Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг таъкидлашича, бу колония давлат зўравонлигининг рамзига айланиб қолган. Бу ерда асосан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тақиқланган ташкилотларга аъзолик, режимни танқид қилиш ёки терроризм каби моддалари билан айбланган маҳбуслар сақланади. Бу каби маҳкумларга амнистия камдан-кам ҳолатларда тегади. Кўп ҳолларда бу ердаги маҳбусларнинг муддатига янги муддатлар қўшиб берилади ва озодликка чиқарилмайди. Бу ердан чиққан маҳбуслар бошидан ўтган кечинмаларни эсламасликка ҳаракат қиладилар.
Бу колонияда қийноқлар одатий ҳолга айланган. Ассоцицияга маҳбусларга жинсий зўравонлик қўлланадиган камеранинг схемаси келиб тушган. Ушбу схемага шарҳ ёзган муаллифга кўра, бу камерада қурбонлар шунчалик расво қилиб ташланганки, уларни бошқа маҳбусларга кўрсатишдан қўрқишган. Уларни зудик билан бошқа колонияларга этап қилишган. БМТнинг қийноқлар бўйича Махсус воизи Тео ван Бовен 2002 йилда бу колонияга текширув билан келишидан олдин камерага олиб кирадиган эшикни бетонлаб ташлаганлар. Қурбонларнинг тақдири ҳанузгача номаълум.
Жаслиқ колониясининг жуғрофий иқлими ҳам ўзгача. Ёзда бу ерда ҳаво ҳарорати 50 даражагача кўтарилади, қишда совуқ минус йигирмадан пастда юради. Бу ерда доим шамол эсади, сув тақчил, бори ҳам шўр. Бу ерда жазони ўтаган маҳбуслар оғир дардларга чалиниб, майиб бўлиб чиқадилар. Фермерлар ҳуқуқларининг таниқли ҳимоячи Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси Аъзам Фармонов ҳам шу колонияда бўлиб чиққан.
Ушбу колония маҳбусларидан олинган ҳар қандай хабар ўзининг ўта шавқатсиз харакатери билан кишининг ақлини лол қолдиради. Қийноқларни амалга оширадиган одамларнинг номи келтирилган далиллар бебаҳо бўлиб қолаяпти. Убу одамлар ўз жиноятлари жазосиз қолишига тўлиқ ишонадилар .
“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси қайд этишича, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилар қийноқлар қўлланиши тўғрисидаги ҳолатларни текшириш имкониятига эга эмаслар. Расмийлар нафақат уларнинг фаолиятига тўсқинлик қиладилар, балки уларни таъқиб этадилар ҳамда ҳаракатларини чеклашга уринадилар.
Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистонда 200 дан зиёд ҳуқуқ ҳимоячилар ва журналистлар таъқибларга учраганлар, улардан 16 таси озодликдан маҳрум этилган, дея эслатадилар “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” асоциациясининг фаоллари.