O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон мустақиллиги: социализмдан ибтидоий жамоа даврига!

Ўзбекистон мустақиллиги: социализмдан ибтидоий жамоа даврига!
21 views
02 August 2013 - 10:55

8108_206dd5ea91a0e2eb_max

Бир ойга яқин вақт қолди, тағин Ўзбекистонда истиқлол байрами тантаналари бўлиб ўтади. Республика мустақллиги куни муҳим сиёсий байрамлардан бири саналсада, аммо у кўнгилочар концерт дастурлари билан ўтказилинадиган байрамга айланиб қолган. Мустақиллик кунида парадлар ўтказилмайди, Совет давридаги Октябрь инқилоби байрами каби, халқ намоишлари ҳам бўлмайди. Пойтахтда ва вилоятларнинг маъмурий марказларида милиция қуршови орасида кириб олган бир гуруҳ ҳокиму-ҳукамолар концерт томошо қилишади холос. Эл ҳам бунга одатланиб бўлган ва бу байрамнинг унга мутлоқ алоқаси йўқлигини ҳам тушуниб етган. Шундай бўлсада, ўша ҳокиму-ҳукамолар бу байрамни элнинг байрами дея жағиришдан ҳам тойишмайди.
Бу мустақиллик Ўзбекистон халқига нима берди? Ушбу савол ҳозирда аксар кўпчиликнинг бошида айланаётган бўлса керак. Жавоб ҳам аниқ: мутлоқ ҳеч нарса! Ҳар неки, яхшиликка томон олиб қараганимизда – мутлоқ ҳеч нарса. Мустақилликнинг ёмонликлари эса бисёр бўлди. Бу давр ичида ватанимиз қамоқхоналар мамлакатига айланди, халқимиз мардикор бўлди, ватангадо бўлди, хор бўлди ва зор бўлди. Ишсизлик Ўзбекистонда юқори кўрсаткични эгаллади. Илм-маърифат таназзулга юз тутди, порахўрлик гуллаб яшнади. Ва энди Ватанимиз бўлган Ўзбекистон дунёнинг энг порахўр мамлакатларидан бирига айланган. Бу мустақилликнинг “шарофати”.    Бу шарофат ила мамлакат аҳли диктатура зулми остида ҳам қолди!
Балки бу кўргуликлар поёнига етмоқчидир. Масалан, 2015 йилда Ўзбекистон президенти “тахтига” янги ҳукмдор ва у билан бирга янги ҳукумат келадигандай. Бу машъум воқеа 2015 йилда содир бўлиши айтилаётган бўлсада, аммо қай санада амалга ошиши ҳозирча ноаниқ.  Лекин айнан ким президент бўлишига биров шубҳа қилаётгани йўқ. Ўзбекистонда аёл президент бўладиган.
Бу Ўзбекистон учун ҳам, Ислом олами мамлакатлари учун ҳам катта бир янгилик бўлади. Аҳолисининг 98 фоизи мусулмон бўлган юртда биринчи бор аёл киши президент бўлса.(?).  Албатта бу “ижобий” кечинма Республикамизнинг демократлашиб кетганлиги, ёки унда аёлларга алоҳида ғамхўрлик, эҳтиромлар кўрсатилаётганлиги билан эмас, шунчаки, ҳукмдоримизнинг ўғли йўқлиги билан боғлиқдир. Лекин Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари эса ўша дамга бориб, айнан биз юқорида келтирганимизни карнай қилиб чалиши аниқ.
Бунда “карнай-сурнайлар” овозидан қулоқларимиз батанг бўлиб, диктатура тизимининг умрини кам деганда, яна  эллик йил муддатга чўзиб ҳам берамиз. Шу билан тугрмикан? Йўқ албатта!  Ҳали бу “маликамизнинг” “мен ҳам президент бўламан” деб навбат кутаётган ўз ўғли бор. Қолаверса ҳукмдоримизнинг яна бир қизи бор ва  унинг болалари ҳам тахтга келиш нияти билан яшашмоқда. Хуллас, ўша башорат қилаётганмиз, эллик йилдан сўнг ҳам диктатура янада чўзилиб боравераркан. Мустақилликнинг илк йилларида башорат қилинган “буюк келажакда” ҳам зулм давом этади ва миллат хорлигича қолаверади.
Совет даври латифаларидан бирини эслаб ўтсак. Армия генерали ўғлини эркалатаётган экан: “Ўғилгинам, катта бўлсанг генерал бўласан”. Шунда ўғил таажубланиб, айтармиш: “Йўқ, мен маршал бўламан”. Генерал бошини сарак-сарак қилиб айтармиш: “Йўқ, сен генерал бўласан. Маршалнинг эса ўз ўғли бор”.  Бизда ҳам ҳаёт, жамият, аниқроғи ҳукумат ҳаёти айни шу тарздадир.
Мустақиллик мамлакат халқига жуда қимматга тушди. 1991 йилда Ислом Абдуғаниевич Республика мустақиллигига тиш тирноғи билан қарши туриб берган бўлсада, аммо республикага мустақиллик барибир келди. Афтидан, президентимиз адашган экан. Мустақиллик яхши экан, айниқнинг унинг ўзи, қизлари ва бошқа уруғ-аймоғи учун. Масалан, истиқлол сабаб,  у Ўзбекистоннинг барча табиий бойликларига, ҳамда ўлда-жўлда бўлсин, Совет давридан қолган саноатига ҳам эга бўлиб олди. Боз устига, коррупция деган балони буткул  жиноят составидан чиқариб ташлаш учун ҳам кенг имкониятлар очилди. Совет даврида бундай имкониятларни бормиди? Йўқ!
Илгарилари Ўзбекистонни Москва назорат қилган бўлса, эндиликда назорат йўқ. Биров мушугини “пишт” демайди ва ер куррасининг истаган жойидан кўнгли тусаган қасрларни ҳам сотиб олиши мумкин. Мулойимхўжа халқимиз эса президентимиз “гаҳ” деса, унинг қўлига қўнишга тайёр. Қизлари, куёви ва набиралари ҳам дунёга сиғмай қолишди.  Буларнинг барчаси мустақилликнинг  меваси бўлди ва бу мевани фақат улар, каримовлар сулоласи ейди холос. Қандайдир ортиб қолган олқинди-солқиндилар ҳам бор, уларни эса мана шу клан хизматида юрганлар емоқда.
Шу кунларда Ўзбекистон халқи челак кўтариб кўчама кўча юриб сув излайди. Сўнги даврларда туғилган ўзбек болалари қачонлардир хонадонлардаги кранлардан иссиқ ва совуқ сув оққанлигини, уйларида табиий газ ёнганлагини боболаридан, момоларидан  эшитишган холос. Электр ҳам “ёнди чироқ, ўчди чироқ” бўлиб қолган. Қишдаку бу чироқлар нариси билан  пишган помидорга ўхшаб қизариб туради холос.  Ўша бобо ва момолар қиш фаслларида уйларини тутин бурсиқтирадиган чўян печкалар билан эмас, балки иссиқ сувда ишлайдиган иститиш батереялари билан иситганлариничи? Булар ҳам энди ўтмиш ва етиб бўлмас орзуга ҳам айланиб бўлди.
Мустақиллик даври ёшлари қачонлардир шаҳарларимиз кўчаларида ичимлик суви фавворачалари (русчасида питьевой фонтанчик) бўлганлигини ва ўткинчилар шунчаки бироз энгашиб ундан чанқоқларини қондириб кетаверганларини ҳам ўша боболардан эшитиб била олишлари мумкин. Ўша Совет даврида ўзбеклар пул топиш учун Россияга мардикорликка кетиб қолмасдан, баъзилар шундоққина ўз уйилари ёнида иш топа олганлари ва тушликни уйга келиб еганлари ҳам эндиликда ўша катта ёшдагиларнинг фақат тушларига кириши мумкин. Мустақилликдан элга теккани шу бўлди!
Аммо бу мустақиллик келтирган бахтни қарангки, президентимизнинг қизлари гул бўлиб, булбул бўлиб яшнашмоқда. Куёвичи, куёвини айтмайсизми. Бир биридан ширин набираларини айтинг. Хуллас, мустақиллик уларга бахт бўлган бўлса, элга у кулфат бўлди.
Ўтган ойда президентимизнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева АҚШ нинг Калифорния штатида, Беверли Ҳиллзда “Le Palais” қасрини сотиб олганлиги ҳақида хабар тарқалиб қолди. Бу навбатдаги қаср эканлигини эслатиб ўтишимиз шарт эмасдир. Бунинг учун аввалроқ айтилганидек 58 миллион АҚШ доллари эмас, балки 32 миллион 750 минг АҚШ доллари тўлаган экан. Илгарироқ бу қасрнинг нархини айтишганда жуда ошириб юборишганлари маълум бўлди. Ўзи бор йўғи 32 миллион 750 минг АҚШ доллари экан-ку, шунга ҳам шов-шувми?  Фанцияда эса  полиция эса Гулнора Каримованинг уйини, аниқроғи қасрини тинтиб юрибди. Қизиқ, булар нима учун Ғарб мамлакатларида ўзларига қасрлар харид қилишмоқда ва бундан кўзланган мақсадлари нима бўлиши мумкин?
Бу эҳтиёт чораси!  Агар Ўзбекистонда ҳам бирор инқилоб содир бўлгудек бўлса улар ўша ёқларга кўчиб бориб жойлашиб олишади ва Ғарб мамлакатлари Ўзбекистонда жиноят содир этганларни жазоламайди. Яъни, асосан АҚШ ва Исроилнинг марҳамати остида яшаб келаётган диктатура режими “зодагонлари” учун Ғарбнинг эшиклари ланг очиқ.
Бундан хулоса ясайдиган бўлсак, Ғарб ҳукуматлари демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳақида фақат сафсата сотаяпти. Аслида улар ўша диктаторларнинг режимлари остига пойандоз бўлишга ҳам тайёрдирлар. Бундан бошқа хулосага келиб бўлмайди!
Мустақиллик ўзбеклар учун келтирган энг катта кулафатлардан бири эса, унинг ўз иттифоқчиларига эга бўла олмай қолгани бўлди. Режим иттифоқчилари албатта бор, лекин ўзбекларнинг иттифоқчилари йўқ. Ўзбекларни дунёнинг турли бурчакларида мардикорлик қилиб юрган ҳолатида кўрадиган бўлиб қолдик. Тўғри, баъзи ўзига тўқ савдогарлар ҳам топилади, лекин улардан на Ўзбекистонга ва миллатга бирор наф тегмаяпти. Бордию, ўша савдогарларимиз томонидан Ўзбекистонга бирор “наф” бориб қолгудек бўлганида ҳам унинг ўз “эгаси” бўлади албатта. “Ким?” – дерсиз? Тағин ўша ўзимиз билган режим, ўзимиз билган ҳукмдор ва унинг эрка қизлари, хизматкорлари. Хуллас, қаро халқни хўрлашда хизмат кўрсатаётган кимсаки бор, уларнинг ҳаммаси ўша нафни “ўзиники” қилиб олишига барча имкониятлар яратилган.
Биз фақат ҳукуматни, унинг раҳбарини айблашга жуда ўрганиб қолдик. Айб фақат уларда эканми? Пайғамбаримиз Муҳаммад саълоллоҳи аълайҳи вассаламдан бизгача етиб келган кўплаб ҳадисларнинг бирида айтилганига кўра, қавмда тарозига хиёнат авж олса унинг бошига қашшоқлик ва турли офатлар келаркан. Ўзбекистонимиз тарозига хиёнат қилмайдими?  Нафақат тарозида, ҳаттоки иймону эътиқодларда ҳам хиёнатларни кузатамиз. Ўзбекнинг биринчи душмани сифатида ўзбекнинг ўзини кўришимиз ҳам мумкин. Лафз анқонинг уруғига айланди. Эътибор қилинга, динимиз бўлган Исломда одамлар бир бирларини алдамасликлари кераклиги уқдирилади. Лекин бунга амал қани? Ҳаттоки ўша диний эътиқодни байроқ қилиб кўтариб олганлар орасида ҳам хиёнаткорлар кўплаб топилади.
Юртимиз шунақа юртки, унда масқаромуз тарзда ҳаёт кечади, масқаромуз тарзда ҳукумат алмашади ва масқаромуз тарзда халқнинг осойишта, хушбахт яшаётгани ҳақида лавҳалар ёритилади. Ўша масқарабозлик билан давлатимиз эришаётган улкан зафарлар ҳақида ҳам лоф-қоф тўқиб тарқатилади. Халқимиз ўзига нисбатан айни мана шундай муносабат қилишларига арзийдиган халқдир!  Ахир айтадиларку: “қарс икки қўлдан чиқади”.
Умуман олганда, ватанимиздаги президент бошқарувини расман бекор қилинса ҳам бўларди. Масалан, монархияга ўтилса ва ҳукумат, Ватан ва халқимиз шундоққина каримовлар сулоласи ихтиёрига топширилса. Шунга кўра, мамлакат номини ҳам ўзгартириш керак бўларди. Масалан, мана бу тарзда: “Каримовлар Ўзбекистони”! Худди Саудлар Арабистони каби подшоҳлик бўлади унда. Бордию шундай қилинса, миллат ва халқ “миқ” этмай уни қабул қилади. Агар шундай қилинса,  сохта сайловлар ўтказиб президент “сайлаш” муаммосидан ҳам қутилиб кетиш мумкин бўларди.
Ўзбекистонни халқаро шармандаликлардан қутқариш учун эса порахўрликни легаллаштирилса нур устига аъло нур “бўларди”. Ҳозирча порахўрлик расман жиноят ҳисобланади, аслида эса порахўрлар муттасил рағбатлантирилади. Бундан ташқари Ўзбекистонда қулдорликни ҳам расман йўлга қўйиш керакдай. Масалан, Фалончи расмий тарзда Писмадончининг қули бўлса. Яъни унинг мулки!  Истаганида бошқа бировга сотиши мумкин бўлсин, истаганида ўлдириб юборсин. Норасман ахир айни шундайку. Нолегал муаммоларни легаллаштирилса муаммо тугаб кетади. “Бизда қонунлар шундай!” дейилади, шу билан тамом, вассалом бўлади. Агар биз пичинг билан келтираётганимиз, бу “таклифлар” ростакамига Ўзбекистонга жорий этилса ҳам халқимиз бунга мутлоқ монелик қилмайдиган халқдир. Ҳамма нарса Худодан деб сукут билан жавоб беради холос.
1991 йилда Совет давлатидан ажралиб чиқиб ўзбек мустақил давлатини қурамиз дея кимлар аҳд қилдию, кимлар курашдию, унинг роҳатини кимлар кўрмоқда. Бу мустақиллик на ватаннинг ва на элнинг мустақиллиги бўлмади. Орадан 22 йил ўтди. Бутун дунёда инсоният ибтидоий жамо давридан бери тарқаққий этишда давом этмоқда, биз аксинча, собиқ Совет даври социализмидан ўша қадимий ўтмиш бўлган ибтидоий жамо даврига томон кетаётганга ўхшаймиз.
Тўлқин Қораев
Швеция