O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили миссионерларга алданмасликка чақирди

Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили миссионерларга алданмасликка чақирди
21 views
15 September 2014 - 10:46

4Ўзбекистон матбуотида миссионерлик фаолияти билан боғлиқ мавзу қайта тилга олинди. Хусусан, 15 сентябрь куни маҳаллий сайтлардан бирида эълон қилинган “Миссионерларнинг пуч ваъдаларига алданманг” сарлавҳали мақолада муаллиф одамларнинг миссионерлик фаолиятига эргашиб кетишларининг олдини олишда уларнинг дин борасидаги саволларига имом-хатиблардан жавоб топа олишлари муҳимлигини таъкидлайди.

Мақола муаллифи Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси Саидусмон Зикиряевнинг фикрича, соф ислом динининг асл моҳиятидан бехабар, ҳақ билан ноҳақни англаб етмаган баъзи одамларнинг ўз динларидан кечиб, миссионерларнинг пуч ғояларига алданиб қолиш ҳоллари учрамоқда. Бундай ҳолларнинг биринчи сабаби Ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан бериладиган турли хил кўринишдаги моддий рағбатга алданиб қолишларидир.

“Миссионерлик ҳаракати бугун юзага чиққани йўқ. Бу ҳаракат илдизлари ХI асрларга бориб тақалади. Ўша пайтларданоқ ислом динининг душманлари ушбу ҳаракатни юзага келтириш орқали мусулмонлар бирлигини парчалашни мақсад қилиб олган эдилар. Уларнинг фаолиятида инсонлар ишончини қозониш, ўз сафини кенгайтириш учун эса барча илоҳий динларнинг асосини ташкил этган эзгуликлар, хайрли ишлар бош мақсад қилиб олинди. Муҳтож оилаларга моддий ёрдам бериш, беморларни зиёрат қилиш каби амаллар орқали ишонч қозонадилар. Ана шу ишлар соясида эса миссионерлик тарғиботи ифода этилган адабиётларни тарқатиб, сафларини кенгайтирадилар. Кишиларни ширин сўзлар билан алдамоқдалар, кўнгил сўраб яшаш маъноси-маслаги дея ўз йўлларини кўрсатмоқдалар. Бундан ташқари, ўқув марказлари, хорижий тилларни ўргатиш масканларини ташкиллаштириш орқали ҳам ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Афсуски, аксарият кишиларимиз уларнинг асосий мақсадларидан бехабарлар. Чунки, улар ота-боболари динининг асл моҳиятини, ўзак-негизини билмайдилар”, – деб ёзади муаллиф.

Шунингдек, мақола муаллифи одамларнинг ислом дини борасидаги саволларга имом-хатиблардан жавоб топа олишлари муҳим эканлигини таъкидлайди.

“Миссионерларга эргашаётганлар сафининг кенгаймаслиги учун эса ҳар биримиздан улкан масъулият, эътибор талаб этилади. Биз динимиз кўрсатмаларида баён этилгани каби яқин кишиларимизга эътиборлироқ бўлишимиз, касаллигида ҳолидан «улар» эмас биз хабар олишимиз, хуллас дўст бўлиб ёнида туришимиз лозим. Шунингдек, динимиз борасидаги саволларига имом-хатибларимиздан жавоб топа олсалар, бундай ҳолларнинг олди олинган бўлар эди”, – дейди Зикиряев.

Бундан ташқари мусулмонлар идораси мутахассиси одамларни кўча-куйда миссионерларга дуч келиб қолганда ёки уларнинг китоблар тарқатаётганини кўриб қолган тақдирда бепарво ўтиб кетмасдан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишга чақиради.

“Яна бир эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳат, кўча-куйда, аҳоли гавжум жойларда миссионерлик ҳаракати томонидан тарқатилаётган китоблардир. Китобларнинг мазмун-моҳиятини тушунувчи юртдошларимиз бундай вазиятга гувоҳ бўлиб қолсалар, «менга нима» қабилида иш тутмасинлар. Ҳар қандай зарур юмуши бўлса-да, китоб тарқатувчилардан нима сабаб бу китобни тарқатаётганини сўраб-суриштириб, лозим бўлганда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришлари лозимдир. Чунки, арзимагандек туюлган мана шу ҳаракат билан қанчадан-қанча кўнгилсизликларнинг олди олинади”, – дея таъкидлайди муаллиф.

ЎХҲ ахборот бўлими