Ўзбекистон Олий суди судялари учун, Ўзбекистон фуқаролари – оддий халқ ҲЕЧ КИМ ЭМАСМИ???, гарчанд, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, барча фуқаролар, уларнинг мансаби, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи-назар, Қонун олдида тенглиги ҚАТЪИЙ белгилаб қўйилган!!!…
Холис кузатувчилар нигоҳида хақиқат ошкор этилишини истамаган Ўзбекистон Олий суди, 13ноябр 2014 йил соат 10-00га, -“вояга етмаган Абдурахимов Бахриддинжонга оид жиноят иши” юзасидан назорат тартибида тайинланган суд мажлисини, аввалига 15-00га кечиктириб, сўнгра хеч бир қонуний асос кўрсатмаган холда ёпиқ суд ўтказилишини эълон қилди.
Холбуки, Ўзбекистонн Республикасининг судлар тўғрисидаги қонунида, -«ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши, ёпиқ кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган холларда йўл қўйилиши» -назарда тутилган. Ушбу қонун асосида, қонуний вакил Бахром Абдурахимов ва адолат истовчи холис кузатувчилар , Олий суддан судни ёпиқ ўтказишлик учун қонуний асос талаб этганликлари сабабли, суд хеч бир асос ва сабаб кўрсата олмаган ҳолда, суд мухокамасини 14 ноябр соат 11-00га қолдирди.
Иш бўйича қонуний вакил-ҳимоячи бўлиб қатнашиб келаётган Бахром Абдурахимов, 2014йилнинг 14 ноябр куни соат 9-00да Олий судга, -“назорат тартибида кўриладиган Абдурахимов Бахриддинжонга оид ишни”, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал қонуни асосида очиқ тартибда кўришни ва суд мухокамасига, унинг қариндошлари ва хақиқат истовчи холис кузатувчиларни иштирок этишлигига рухсат этилишини сўраб илтимоснома тақдим этди.
Бахром Абдурахимов томонидан тақдим этилган илтимосномага рад жавобини беришга қонуний асос топа олмаган Олий суд, суд мажлисини очиқ усулда ўтказишга мажбур бўлди, бироқ яна ҳам холис кузатувчилар нигохида ошкоралик ва хақиқат қарор топишидан чўчиган Олий суд, яна ҳам қонун нормаларига зид равишда, суд мажлисига қариндошлардан Рустам Абдурахимов, Тимур Абдурахимов, Насиба Абдурахимова, Дилором Абдурахимова, Абдумажид Абдуллаев , Икром Абдурахимов , Нарзия Ужароваларни, ҳамда холис кузатувчилар АЛЬЯНС хуқуқ ҳимоячилари Аделаида Ким, Саёра Хакимова, Алиқул Саримсоқов, Абдураззоқ Содиқов, Елена Урлаева ва Шухрат Рустамовларни холис кузатувчи сифатида суд мажлисида қатнашишларига рухсат этмади, асоссиз чеклов туфайли судланувчининг онаси Мохира Пулатова ва бобоси ролида Жохонгир Шосалимовлар бир илож қилиб судда иштирок этдилар ва бир неча юз кишига мўлжалланган суд мажлислар залида ягона холис кузатувчи Жохонгир Шосалимов ўтирар эди.
2014 йилнинг 14 ноябр куни соат 11да, Олий суд судьяси Комилов раислигида, ҳайъат судялари Атабаев ва Мелибоевлар таркибида, Б.Султонов котиблигида ва тарафлардан давлат айблови Бош прокурор катта ёрдамчиси Кимсанов ҳамда қонуний вакил-ҳимоячи Б.Абдурахимовлар иштирокида, Олий суднинг бир неча юз кишига мўлжалланган катта суд мажлислар залида ягона холис кузатувчи Жохонгир Шосалимов кузатувида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари судлов хайъати томонидан, Олий суд раиси ўринбосари томонидан иккинчи маротоба киритилган протест асосида, вояга етмаган Абдурахимов Бахриддинжонга оид назорат тартибида ОЧИҚ суд мажлиси бошланди.
Суд мажлиси бошида, ҳимоя томонидан Бахром Абдурахимов, судга такроран илтимоснома билан мурожаат этиб, очиқ суд мажлисида қатнашиш истагини билдиришаётган қариндошлар ва холис кузатувчиларга рухсат этилишини, сабабики бутун дунё суд амалиётида ҳам, хар қандай очиқ судда холис иштирокчилар, лозим бўлса бир неча юзлаб – минглаб иштирок этишларини, бугунги суд мажлислар залига ҳам бир неча юзлаб холис кузатувчилар учун ўриндиқлар бежизга қўйилмаганлигини, агар-ки суднинг асосий мақсади хақиқатни аниқлаш орқали Одил судловни таъминлаш бўладиган бўлса, у холда холис иштироқчиларга монелик қилиш сабабини кўрмаётганлигини, қолаверса Ўзбекистон қонунлари ҳамда Халқаро нормалар ҳам судда холис кузатувчилар иштирокини тақиқламаслигини баён этди.
Қонуний вакилнинг қонуний илтимосномасига, раислик этувчи Олий суд судьяси Комилов, Конституция ва қонун нормаларига, ахлоқ нормаларига ҳаттоки оддий инсоний муомала маданиятига тўғри келмайдиган: -«Улар ким, улар хеч ким эмас, хохласак нафақат уларсиз, хаттоки сизнинг иштирокингизсиз ҳам ўтказиб юборишимиз мумкин эди» -дея фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик ва назар писанд этмаслик муносабатини билдирди.
Холбуки судлар тўғрисидаги Ўхбекистон Республикаси қонунида: -«Судьялар, ишларни кўриш чоғида, фуқароларнинг хуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини таъминлашлари, беғараз ва адолатли бўлишлари шартлиги» -белгилаб қўйилган!
Бунинг билан, Олий суд судьялари қонундан ҳам устунроқ эканликлари, нимани хохласа шуни қила олишликлари мумкин эканлигини, оддий халқ улар учун ХЕЧ КИМ ЭМАСлигини яна бир бора тасдиқлади!
Шунингдек , давлат айбловини қувватлаётган прокурор, ажабтовур, -«кузатувчилар яқин қариндошлари эканлигини тасдиқловчи хужжат тақдим этсин» -деган беъмани таклиф билан судга мурожаат этди.
Холбуки, очиқ кўриладиган суд мажлисига, қариндошликларини тасдиқловчи хужжатлар асосида киритилиши, Ўзбекистон қонунларида ҳам ва Халқаро нормаларда ҳам назарда тутилмаган, ҳамда, бир хўжаликда яшамайдиган қариндошларга уларнинг қариндошлигини тасдиқловчи хужжат, хеч бир орган томонидан , хаттоки Ўзбекистонда ҳам берилмайди.
Прокурор, ўзининг ушбу беъмани таклифи билан, Ўзбекистон прокурорлари қанчалар қонунларни мукаммал билишликларини яна бир бора намоён этиб берди.
Гарчанд қонуний вакил қонун нормалари асосида тўлиқ ва инкор этиб бўлмайдиган даражада асослантирилган илтимоснома киритган бўлсада, аммо суд хайъати хеч бир қонуний асос кўрсата олмаган холда, илтимосномани рад этиб, суд мажлисини ярим очиқ-ярим ёпиқ холатда бошлашга ажрим берди. Тағин, Ўзбекистонда, судларни либераллаштириш ҳамда ошкоралик ва очиқлигини таъминлаш борасида кенг қамровли ислохатлар олиб борилаётган бир вақтда…
Судда, қонуний вакил Бахром Абдурахимов, мазкур қотиллик жиноятида вояга етмаган Абдурахимов Бахриддинжоннинг мутлақо дахлдорлиги йўқ эканлигини, аксинча у тухмат ва жахолат оқибатида , асоссиз-адолатсиз ва ноқонуний хукм жабрдийдаси бўлиб қолганлигини, иш хужжатлари ва мавжуд ёзма далил ва исботлар билан Қонун нормалари асосида хеч ким инкор эта олмайдиган даражада исботлаб берди ва суриштирув-тергов жараёнида, – «унга нисбатан ғайриинсоний қийноқлар содир этилганлигини, Ўзбекистон Жиноят-процессуал қонунида ҳамда Ўзбекистон ратификация қилган Халқаро Пактлар ва Конвенцияларда кафолатланган вояга етмаганнинг ҳимоя хуқуқи ва бошқа хуқуқлари қасддан бузилганлигини, аммо бунга судлар етарлича процессуал муносабат билдиришмаганликларини» -изохлаб берди ва Олий суд судлов хайъатидан, мазкур холатларга етарлича процессуал муносабат билдиришларини сўради..
Қонуний вакил ўз музокарасини; -«Шуни баралла айтаманки, суднинг бугунги қарори: -Ўзбекистонда хақиқатда Одил судлов борми, Мавжуд қонунлар ҳамма учун бир хилда мажбурийми, қонун нормаларидан хар қандай чекиниш, у ким томонидан ва қандай сабаб ва мақсадга кўра содир этилишидан қатъий назар, қонун олдида жавобгарликка сабаб бўладими, Ўзбекистонда хақиқатдан ҳам қонун уcтиворлиги таъминланганми? –деган саволларга аниқ ва узил-кесил жавоб бериши шарт!!!.. Акс ҳолда, мазкур иш юзасидан адолат ўрнатилмас экан, Ўзбекистон Республикасининг янги таркиб Олий суди ҳам Одил судловни таъминламас экан, Ўзбекистон халқининг ишончини оқлай олмас эканлар, ушбу саволлар билан, Конституциявий хуқуқларимиздан фойдаланган холда, БМТнинг ИХҲҚ Қумитасига, Қийноқларга қарши кураш Қумитасига, Халқаро Амнистия Қумитасига ва интернет тармоқлари орқали бутун дунё жамоатчилигига мурожаат этишга мажбур бўламиз ва бундан асло қайтмаймиз!!! Умид қиламанки, Ўзбекистон Республикасининг янги таркиб Олий суди, жамиятда қонун устиворлиги таъминланишини ва адолат ўрнатилиб -Одил судлов таъмин этилишини руёбга чиқарадилар » -деган фикрлар билан якунлади !!!
Судлов хайъати гуёки адолат қилгандек кўрсатиб, қотилликнинг ўта шавқатсизлик турини айбловдан олиб ташлади ва муддатни 4 йилга қисқартирди, ҳамда ноқонуний хукм чиқарган судья Сатторовга нисбатан хусусий ажрим чиқарди.
Аммо, Олий суд судлов хайъати ҳам, суриштирув-тергов томонидан, – «вояга етмаган Абдурахимовга нисбатан ғайриинсоний қийноқлар содир этилганлигини, Ўзбекистон Жиноят-процессуал қонунида ҳамда Ўзбекистон ратификация қилган Халқаро Пактлар ва Конвенцияларда кафолатланган вояга етмаганнинг ҳимоя хуқуқи ва бошқа хуқуқлари қасддан бузилганлиги» -холатларига процессуал муносабат билдиришга қатъиятсизлик кўрсатди.
Олий суд ушбу қарори билан, Ўзбекистонда, -«суд-хуқуқ тизими» -деб номланувчи хуқуқни поймол этувчиларнинг бирдамлиги, барча нарсадан, хаттоки қонундан ҳам юқорироқ ва мухимроқ эканлигини яна бир бора тасдиқлаб берди.
Альянс хуқуқ ҳимоячилари, бутун Ўзбекистон халқини: -« Конституцияда кафолатланган қонуний хақ-хуқуқларини, айнан прокурорлар, судлар ва хокимиятлардан ҳимоя қилиш учун бирлашишга ва бирдамликда курашишга чорлайди, акс холда сизнинг қонунларда ёзиб қўйилган хуқуқ ва эркинликларингиз ҳам ва ўзларингиз ҳам, ушбу мансабдорлар ва корчалонлар олдида -«ХЕЧ КИМ ЭМАС» -бўлиб қолаверади!
Альянс хуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотлар ва бутун дунё ҳамжамиятидан: -«Қийноқлар жабрдийдаси бўлган вояга етмаган Абдурахимов Бахриддинжоннинг тақдирига бефарқ бўлмасликни, унинг инсоний хақ*хуқуқлари тикланишида ва тўлиқ реабилитация этилишига хамкорлик кўрсатишларингизни»-сўрайди. Сабабаки, Ўзбекистон суд-хуқуқ тизими ўз бирдамликлари учун, ҳамда оддий фуқаролар уларнинг наздида, -«ХЕЧ КИМ ЭМАС» -эканликлари учун ҳам тиш-тирноқлари билан қарши турмоқдалар!
Телефонлари:
Бахром Абдурахимов +99890 721 97 25;
Альянс хуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева +99893 392 17 84
Альянс матбуот маркази.
19 ноябр. 2014йил. Тошкент. Ўзбекистон.