Ўзбекистонда пахтадан қанча даромад келиши расман айтилмайди. Бироқ иқтисодчилар 1,5 миллион гектар жойга экиладиган пахтадан 1,5 миллиард доллар атрофида валюта кириб келишини айтишади.
Иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистон пахтадан воз кечган тақдирда мева ва сабзовот етиштириш ва қайта ишлаш саноати орқали 100 миллиард доллардан кўпроқ даромад кўриши мумкинлигини айтади.
Сувни энг кўп талаб қилувчи ва ўсимликларнинг ичида энг инжиқ бўлган пахта далаларига ҳар йили кўп миқдорда кимёвий дорилар ишлатилади. Уни етиштириш ва териб олиш давлат сиёсати даражасига чиқарилган.
Турли касб эгалари ўз вазифасини бажариш ўрнига тушлик пулига ҳам етмайдиган ҳақ учун кун бўйи далада пахта теришга мажбур.
Халқ орасида пахта миллий бойлик, пахтасиз кун кечириш қийин бўлиб қолади деган фикрлар кенг ёйилган.
Иқтисодчилар Ўзбекистон 20 йилдан ошиқроқ вақт давомида пахта яккаҳокимлигидан қутилиш учун етарли ҳаракат қилмаганини таъкидлашади.
“Машварат-Маслаҳат” консалтинг компанияси раҳбари, иқтисодчи Анвар Ҳусаиновга кўра пахта масаласи бугунга келиб иқтисоддан кўра кўпроқ сиёсий бир масалага айланган.
Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида буғдой мустақиллигидан бошқа тўғри ислоҳатлар олиб борилмади.
“Пахта иқтисодий муаммо эмас, сиёсатга тақаладиган мавзуга айланган. Қишлоқ хўжалиги сиёсатида мустақиллик йилларида кескин ўзгартиришлар олиб борилмади. Пахта ерларини кескин камайтириш, пахта экишдан воз кечиш бўлмади. Бу ғояни матбуотимиз, олимларимиз ва ёзувчиларимиз шижоат билан кўтармади”, – дейди Анвар Ҳусаинов.
Иқтисодчига кўра сўнгги йилларда пахтанинг нархи жаҳон бозорида кескин ерга урилиши оқибатида қадри қолмади. Пахтадан кўра Ўзбекистон иқлимига хос мева ва сабзавот нархлари эса аксинча бир неча баробар кўтарилди.
Иқлими бир мунча совуқ ўлкаларда айнан Ўзбекистон шароитида етиштирилган меваларнинг бозори ўта чаққонлиги эътироф этилади.
Биргина Россия бир йилда беш миллиард долларлик Ўзбекистон иқлимида ўсувчи мева импорт қилишга мажбур.
2015 йилга бориб Россиянинг ушбу меваларга эҳтиёжи яна 30 фоизга ўсади.
2011 йилги маълумотларга кўра Ўзбекистон ушбу ўлкага 300 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган холос.
Американинг халқаро тараққиёт агентлиги USAIDнинг келтиришича, 2010 йилда ўзбекистонлик деҳқонлар четга 1 миллиард долларлик мева экспорт қилган.
Ўзбекистонлик иқтисодчига кўра агар пахтадан воз кечилса, Ўзбекистон ҳўл мева ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали 100 миллиард доллардан кўпроқ даромад кўриши мумкин.
“Ўзбекистон ўз касби корини ўзгартириб, Жаҳон бозорига пахтанинг ўрнига сабзавот ва мева етиштирадиган ва қайта ишловчи корхоналарга эга бўлган йирик аграр саноат мажмуасини яратиши керак”, – дейди Анвар Ҳусаинов.
Иқтисодчига кўра пахтадан воз кечилиши ё кескин қисқартириш ортидан муқобил қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириб миллионлаб янги иш ўринлари яратиш ва Россияда юрган меҳнат муҳожирлари ортга қайтариш мумкин.
Пахта кўп сув истеъмол қилувчи ўсимлик бўлгани учун ундан воз кечилиши ортидан Оролга етиб бормаётган дарё сувлари тежалади.
Ўзбекистонга кўшни бўлган Қозоғистонда пахта майдонлари кескин қисқармоқда.
Қозоғистонлик фермерлар кўра, пахтанинг ўрнига экилган полиз ва боғдорчилик ортидан бир неча маротаба кўпроқ даромад кўриш мумкин.
Биргина интенсив равишда экилган олма боғи пахтадан кўра 10 баробар кўпроқ даромад келтириши мумкинлиги айтилади.