O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пахтага болалар ўрнига ота-оналар жўнади

Пахтага болалар ўрнига ота-оналар жўнади
194 views
12 September 2012 - 7:57

Максим Бейлис

2012 йил 17-18 октябрь кунлари Тошкентда Саккизинчи Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтади,Ўзбекистоннинг расмий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, унга жаҳоннинг етакчи трейдерлари келадилар. Шўролар давридан бери бахтиқаро шаҳарликларни фермерларга “ёрдам беришга” юбориб келган Ислом Каримов режимининг танқидчиларига кўра, ғарб мамлакатлари аста-секин ўзбек “оқ олтини”дан воз кечаяптилар ва бунинг сабаби – болалар ва ўсмирларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш бўлиб қолаяпти.

Бу йилда Ўзбекистоннинг энг янги тарихида илк бор болаларни пахтага чиқармаяптилар ёки болалар меҳнатидан чекланган ҳажмда фойдаланаяптилар. Аммо пахта теримига уларнинг ўрнига ота-оналари ва ҳатто боболари ва бувилари жўнатилгани ҳақида кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда.

“Фарғона” аввал хабар бераганидек, бу йил Ўзбекистон расмийлари шаҳарликларни ва хусусуан, тошкентликларни пахта теримига жалб этиш бўйича мисли кўрилмаган чораларни кўрдилар. Нега энди мисли кўрилмаган?

Фуқароларни ихтиёрий равишда пахта теримига жалб қилиш бўйича ўтган йилги кампаниялардан бу йилгиси ўзининг кўламлари билан фарқ қилаяпти. Кўпинча Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати иштирокида ҳарбий формадаги қуролланган шахслар жалб этилган ҳолда ўтувчи кенг кўламли текширувлар қабатида, мулк шаклидан қатъий назар, исталган хўжалик субъектларига нисбатан амалга оширилаётган қонунсизликлар қабатида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ходимларини пахта теримига жўнатиб, уларни муваққат қулларга айлантириб қўйдилар. Одатда, ходим пахта теримида бўлган пайтида унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади ва бундан ташқари, одамларнинг пахта далаларида туришлари билан боғлиқ барча харажатларни ташкилотларнинг ўзларига юклаб қўйилган.

Бироқ бюджет ташкилотлари ўз ходимларининг пахтада яшашлари ва овқатланиш билан боғлиқ сарфларни кўтара олмайдилар, шунинг учун пахта қуллари ўз чўнтакларига мурожаат қилишга мажбур бўладилар.

Ушбу кампаниянинг аввалгиларидан яна бир сезиларли фарқи – одамларни пахтага жўнатиш ва далаларда пахта терими устидан назорат қилиш ишларида кучишлатар тузилмаларнинг вакиллари қатнашишлари бўлиб қолади. Ҳарбий форма кийган ёш бақувват йигитлар пахта далаларида назоратчи ролини бажараяптилар, пахта терими нормасини бажармаётганларга бақираяптилар, ишдан бўйи товлаганларни керак бўлса калтаклаяптилар. Ўзбекистон раҳбарияти уларнинг олдига жуда муҳим ва жангавор: қуролсиз шаҳарликларга ўз кучини намойиш қилиш вазифасини қўйган.

Қуйида пахта теримига ҳайдалган баъзи кишилар ҳикоя қилиб берган мисоллар келтирилган.

Одамларни аввал поездда, кейин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг кузатуви остида автобусларда Жиззах вилоятида жойлашган пахта терими майдонларига етказдилар. Пахта далаларида жойлаштириш шароитлари турлича, баъзиларнинг омади келди. Кимнидир илгари молхона бўлган биноларда; бошқаларни қишлоқ мактабларида ва ҳатто коллежларда жойлаштирдилар. Ташкилотларга ва хусусий шахсларга тегишли ёзги уйлар энг қулай саналади. Аммо бундай уйларга жойлаштириш пулли, боз устига қиммат.

Одамларни пахта юборган ташкилотлар уларнинг еб-ичишини ҳам кўтаришлари керак, шунинг учун одамлар билан бир-мунча озиқ-овқат олиб келинди, аммо захиралар тезда тугади, шунинг учун одамлар қоринга кетадиган нарсаларни ўз пулларига сотиб олишга мажбур бўлаяптилар. Маҳаллий аҳолидан озиқ-овқат Тошкент бозорига қараганда икки-уч баробарига қимматига сотиб олинаяпти. Маҳаллий одамлар ҳам “иқбол – келганида тиқиб ол” қабилида иш тутаяпти ва кўнгилли ёрдамчиларга гўё хорижлик сайёҳларга, аниқроғи – соғаин сигирларга каби муносабатда бўлаяптилар.

Пахтада кун тартиби шундай: эрталаб туриш соат 5:30, далагача йўл бир соат вақт олади, иш бошланиши – соат 7 да. 12дан 12.30 гача тушлик танаффуси, кейин соат 19.00 гача иш. Шундан сўнг ухлайдиган жойга бир соатлик марш-бросок. Пахтада дам олиш кунлари ва байрамлар унутилади.

Бир кишига бир кунда 60 килограмм пахта териш нормаси белгиланган. Далаларда милиционерлар ва аскарлар ғайрат кўрсатмаётган теримчиларга бақириб чаққонроқ пахта теришга ундайдилар. Нормани бажармаётганларга бақирадилар, баъзан таҳдид қиладилар: баъзиларга жисмоний босим ўтказганлари ҳоллари маълум.

Қизиғи шундаки, теримчилар пахтани нафақат теришлари, балки маҳалллий фермерлардан ҳар килосини 200 сўмдан сотиб олишлари мумкин ( “Фарғона” маълумотига кўра, теримчиларга ҳар бир килограмм терилган пахта учун 150 сўмдан тўлайдилар.-таҳр.изоҳи.). Яъни, 12 минг сўм эвазига кунлик нормани бажариш мумкин, аммо бюджет ташкилотида ишлайдиган ходимларнинг ҳаммаси ҳам бунақа пулга қодир эмас: кўпинча бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақи кунига 12 минг сўмдан кам. Шунинг учун фермерлар теримчиларга пахта сотиш илинжида ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан келишиб оладилар ва улар орқали нормани бажармаганларга босим ўтказадилар.

Шаҳардан ташқарига йўл олган автобус ва маршрут таксиларини пахта далаларига ҳайдаётганлари ҳоллари ҳам қайд этилган. Жамоат транспорти ҳайдовчиларининг айтишича, Тошкентдан чиқаверишда йўл-патрул хизмати ходимлари йўналишдаги такси ва автобусларни ичидаги одамлари билан пахта далаларига жўнатаяптилар.

Ўзбекистонда бугун пахта терим кампанияси бизнес, товламачилик, чайқовчилик ва таҳқиромуз қул меҳнатидан фойдаланишнинг жирканч қоришмасига айланган. Бу ишлардан ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллий раҳбарлар, қишлоқ раҳбарлари ва ҳатто фермерлар фойдаланаяптилар. Ноҳақлик ва қул ишлатиш йўли билан етиштирилган хом ашёни сотиб олувчи трансмиллий компаниялар ҳам қуруқ қолаётганлари йўқ.

 

fergananews.com