O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Исмат Хушев: Хўш, ким аслида “Ватан хоини”?

Исмат Хушев: Хўш, ким аслида “Ватан хоини”?
185 views
10 February 2018 - 10:41

“Дунё ўзбеклари”дан:
Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга қайтишини сўраб, Президент Шавкат Мирзиёев номига ёзилган мактубни ўқиб, хурсанд бўлдим. Ўзбек ёзувчилари ҳам ниҳоят ўз ҳақ ҳуқуқларини талаб қила бошлабди деб қувондим.

Бугун ўша рўйхатни “Дунё ўзбеклари”да эълон қилиш жараёнида унга кирмай қолган баъзи ёзувчиларга қўнғироқ қилиб, вазиятни ўргандим. Мамадали Маҳмудов бу хат ва рўйхатдан бехабар эканини айтиб, ўз имзосини қўйиб қўйишимни илтимос қилди.

Худди шунингдек Ҳамроқул Асқар ҳам “Етмишга кираётган бетакрор ўзбек шоири нега хорижда юриши керак? Биз буюк Абдулла Ориповни АҚШда йўқотдик. Ақлимиз қачон киради?” деб, мактубга сўзсиз имзо чекишини билдирди. Шунингдек, Хоразмлик шоир Кенжа Қўзиев ҳам бу хатга бажонидил қўл қўяжагини айтди.

Таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев ва бетакрор Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевалар ҳам мендан бу рўйхатда албатта бўлишлари лозимлигини алоҳида урғулашди. Шароф ака эса бу рўйхатга нафақат ижодкорлар, балки барча ўзбекистонликлар, бутун дунё ўзбеклари, давлат ва жамоат арбоблари ҳам имзо чекса, нур устига аъло нур бўлишини айтдилар. Ва мендан бу рўйхатни ҳар икки-уч кунда янгилаб, эълон қилиб туришни сўрадилар.

Шундай қилиб мен Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон саҳифасида эълон қилинган мактубдаги 14 ижодкор қаторига ўша ерда ўз имзосини қолдирган Фароғат Камол, Шукур Жаббор, Қудрат Дўстмуҳаммад, Карим Баҳриев, Одил Икром, Умид Холлиев, Абдиҳамид Пардаев ва Ислом Холбойлар номини ҳам киритиб қўйдим.

Натижада Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон саҳифасида эълон қилинган мактубдаги 14 ижодкор “Дунё ўзбеклари”да 27 та бўлиб эълон қилинди.

Ўз пешонасига битган ёрқин истеъдодларни қадрлай оладиган халққина, бахтли яшашга маҳкум эканини унутмаслигимиз лозим.

Бу ташаббусни аслида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қилиши, чорак асрдан бўён хорижда – қувғинда умргўзаронлик қилиб келаётган ўз ҳамкасбини ҳимоя қилиб чиқиши лозим эди. Лекин минг афсуски, уюшма раиси Муҳаммад Али бу ҳақда ўйламайди. Ўйлашни ҳам истамайди.

Чунки у ёзувчилар дунёсига мутлақо бегона. Хориждаги ўз ҳамкасбини ҳануз Иноятовчилар таъбири билан айтганда “Ватан хоини” деб билади.

Ҳолбуки, Муҳаммад Солиҳ аллақачон Шавкат Мирзиёев сиёсатини қўллаб қувватлаб, унга хайрихоҳ эканини эълон қилди. Ўз сиёсий карьераси давомида бировга тан бермаган сиёсатчи бугун Мирзиёевга тан берди. Унинг одил ва холис сиёсат олиб боришига ишонди. Энди у Ўзбекистонга келса, энг аввало халқ ва миллат ютади. Давлат ва мамлакат ютади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси эса буни истамайди. Хўш, ана энди ўзингиз айтингчи, ким аслида “Ватан хоини” экан?

Хуллас, Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга қайтаришни сўраб, давлат раҳбари номига ёзувчи ва шоирлар, давлат ва жамоат арбоблари ва бутун дунё ўзбеклари номидан ёзилган хатга имзо қўйиш давом этади…

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 10 февраль, 2018 йил…

——————————————

Nurulloh Muhammad Raufxon

Ушбу хат ташаббусчиларидан Оллоҳ рози бўлсин. Эзгу ниятлари амалга ошсин. Асл нусха бир оз катта. Файзбоғ учун сал қисқартириб бериляпти. Қуйида номлари келган ижодкорлар имзо чекишган. Давоми очиқ. Истаган одам қўшилиши тавсия этилади…

——————————————
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Биз ижод аҳли бугун Сиз раҳбарлигингизда мамлакатимиз равнақи йўлида қилинаётган ҳар бир ишда ёнингиздамиз. Иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳалардаги ижобий ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Айниқса, маънавий жабҳада адолат оёққа турғазилиб, бир қатор шоир-ёзувчи шаъни тиклангани адабиётимиз келажагига ишончимизни янада кучайтирди.

Эндиги оламшумул қарорларингиздан бири 25 йилдан бери юртидан узоқда қолаётган шоир Муҳаммад Солиҳ ҳақида бўлишини жуда-жуда истар эдик.

Муҳаммад Солиҳнинг Ватанга қайтарилиши Ўзбекистонимиз янги тарихига зеб бўлар, дунё жамоатчилиги ҳам бу ишни олқишлар эди.

Кечаги тузум даврида орқадан юритилган тескари ташвиқот туфайли жамиятнинг бир қисми онгида Муҳаммад Солиҳ исмидан қўрқув шаклланиб қолди, лекин адабиёт аҳли уни улуғ бир шоир сифатида барибир унутгани йўқ.

Муҳаммад Солиҳ биринчи галда адабиётчидир, сўнгра сиёсатчидир. Сиёсатга у давр тақозоси билан, мустақиллик учун ҳаракатлар жараёнида фаол аралашган ва мамлакатимиз совет мустамлакасидан қутулиши йўлида жонбозлик кўрсатган.

Шоир сифатида эса ўзбек адабиёти такомили ва ривожида улкан хизмат қилди. Шеъриятимизда тили, услуби, шакли ва руҳида янгилик яратди. Миллатга, Ватанга улкан муҳаббат билан ёзилган асарлари танбал ақл ва туйғуларни туртиб уйғотди. Ватанга севгисини юракларга юқтирди.

“Орзу фуқароси”, “Валфажр” , “Йўлнома”, “Олис табассум сояси”, “Тун ташбеҳлари”, “Бешинчи фасл”, “Қудуқдаги ой”, “Оқ кўйлаклар”, “Шаффоф уй”, “Кўзи тийран дард” каби китоблари адабиётимиз хазинасидан муқим жой олган. Кўпи рус, инглиз, турк ва бошқа кўп тилларга ўгирилган.

Ижоди ва сиёсий фаолияти ҳақида дунёда докторлик илмий ишлари ёзилган.

Ўзи ҳам етук таржимон сифатида Франс Кафка, Пол Элюар, Апполинер, Имант Зиедонис асарларини, фин ва турк шеърияти намуналарини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган. У таржима ва тасниф этган тўрт жилдли “Пайғамбарлар тарихи” китоби диний илмда ҳам муваффақиятларини кўрсатди.

Бугун ниҳоят ҳақ қарор топиб, адолат юзага чиқадиган кунлар келганини ҳис қиляпмиз. Бу ҳол бизда шоирни ўз Ватанига қайтариш мулоҳазасини уйғотди.

Тарихдан маълум, халқига қайишадиган ҳукмдорлар зиёли қатламнинг қадрига етган. Биз Сиздан 70 ёшни қоралаб қолган шоиримиз Муҳаммад Солиҳни юртга қайтаришда кўмагингизни сўраймиз.

Бундан халқ ҳам, адабиёт ҳам ютади.

Эҳтиром ила:
1. ШУКРУЛЛО, Ўзбекистон халқ шоири.
2. Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоири
3. Ҳалима Худойбердиева, Ўзбекистон Халқ шоираси,
4. Шароф Убайдуллаев, журналист, ёзувчи
5. Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон), ёзувчи
6. Миразиз АЪЗАМ, шоир.
7. Иброҳим ҲАҚҚУЛ, адабиётшунос олим, профессор.
8. Шароф БОШБЕКОВ, драматург.
9. Санжарали ИМОМОВ, драматург.
10. Қозоқбой ЙЎЛДОШ, адабиётшунос олим, профессор.
11. Санжар НАЗАР, ношир.
12. Вафо ФАЙЗУЛЛО, шоир.
13. Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН, ёзувчи.
14. Ҳамроқул Асқар, шоир
15. Алишер НАЗАР, шоир, журналист.
16. Маҳмуд Ражаб, шоир, ёзувчи.
17. Гўзал БЕГИМ, шоира.
18. Муаззам ИБРОҲИМОВА, болалар шифокори, шоира.
19. Фароғат Камол, шоира
20. Шукур Жаббор, ёзувчи,
21. Қудрат Дўстмуҳаммад, ёзувчи
22. Одил Икром, шоир, таржимон.
23. Умид Холлиев, ёзувчи
24. Карим Баҳриев, шоир.
25. Кенжабий (Кенжа Қўзиев)
26. Абдуҳамид Пардаев, ёзувчи
27. Ислом Холбой, ёзувчи

Қўшилишни истаганлар бўлса, марҳамат…

 

Манба: dunyouzbeklari.com