ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ПЕШКУ БАЁНОТИГА МУНОСАБАТ
Ўзбекистон Президенти бизни ўз баёнотлари билан ҳайратга солишда давом этмоқда.
Бухоронинг Пешку туманида у ҳеч иккиланмасдан Каримовнинг арзандаси, кўз нури бўлган давлат ташкилотининг – Миллий Хавфсизлик Хизматининг фаолиятини 37-йил Сталин қатағонлари билан тенглаштириб, сенсацион бир баёнот қилди.
Биз ҳақиқатан ҳайратга тушдик ва ҳаммамиз уни олқишладик.
Агар муҳтарам Президент бу баёнотининг орқасида туриб, МХХ фаолиятини сўзда эмас, амалда ислоҳ қиладиган бўлса, ишни авваламбор ўша “37-йил” қурбонлари ҳакда эътирофидан бошлаш керак. Мирзиёев буни тушунади. Унинг бу мавзуда айтган жумласини сўзма-сўз келтираман: “Менга келган хатлар жуда норози. Тадбиркорларни бошини еган ўша ташкилотлар ҳалиям бор. Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар”, дейди президент.
Худога шукур, тадбиркорлар маҳалласида адолат қарор топадиган бўлди! Аллоҳга шукурлар бўлсин!
Аммо..
Аммо бизнинг маҳаллада-чи?! Бизнинг маҳаллада ҳам айни Пешку адолати қарор топадими?
Бизнинг “сиёсий маҳалла”мизни назарда тутяпман, жаноблар!
Мен факат Президентга эмас, давлатнинг барча мулозимларига мурожаат этмакдаман;
Бу “маҳалла”даги 27 йиллик хўрлик ва қийноқлар учун адолат талаб қилинмайдими?
Ўз сиёсий қарашлари учун, диний эътиқодлари учун ўлим лагерларида тирноқлари суғуриб олинган, кўзлари ўйилиб, елкаларига ханжар тиғи билан Абдулла Орифнинг шеъри – Ўзбекистоннинг гимни ёзилган минглаб маҳбуслар учун Пешку адолати йуқми?
Ва бошқа соҳаларнинг юзлаб “маҳалларлари”да ўтказилган репрессиялар қачон эътироф этилмоқчи?
Нега биз 27 йил орзиқиб кутган ҳаётий аҳамият касб этаётган бу ислоҳотлар фақат қисман ва чекланган шаклда жараён этмоқда?
Нега мазлумлар сортларга ажратилмоқда?
Бу бизнинг мазлум, наригиси анави группанинг мазлуми, учинчиси эса умуман бегона мазлум!
Жаноблар, мазлум Аллоҳ қатида фақат мазлумдир! Унинг на ижтимоий синфи, на оилавий келиб чиқиши, на касби ва на дунёқараши муҳим – унинг мазлумлиги муҳимдир!
Аллоҳ қатида шундай экан, биз бандалари бу ҳақиқатни инкор этишимиз исёндан бошқа нарса бўлмайди! Осий бўлишдан қўрқмасангиз, майли, инкор қилинг.
Аммо мункирлар бунга жасорат этсалар ўз ҳаракатларининг жавобини тезда олажаклардир.
Бугун золим Каримовнинг золимчалари олгани каби!
Қаранг, МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов, юзларча сиёсий ва диний маҳбусларни ўлдиришга ва қийнашга амр берган золимвачча, у бугун одамларни қийнаган ҳужрада ўзи қийноққа солинмоқда!
Бу ақли борлар учун буюк огоҳлантиришдир!
Аллоҳдан бошқа ҳеч ким боқий эмас, ҳар ким ўткинчидир, буни унутманг жаноблар!
Биз адолат кутишда давом этмоқдамиз. Сабр билан, беқиёс сабр билан, 30 йиллик бир сабр билан кутаяпмиз. Бизнинг сабримизни синаманглар, бизнинг ҳаққимиз бўлган ҳақларимизни тикланглар, мазлумларни шу “37-йил” қурбонларини зудлик билан зиндонлардан озод қилинглар.
Ана шундагина ўзбек халқини Пешку баёнотининг шунчаки сўз эмас, балки самимий эътироф эканига ишонтириш мумкин бўлади.
Биз Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳот сари ташлаётган қадамларини дастаклашда давом этамиз ва адолатнинг тезроқ қарор топишини кутамиз.
Муҳаммад Солиҳ