O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон президентлиги учун сайлов Каримов усулида ўтадими?

Ўзбекистон президентлиги учун сайлов Каримов усулида ўтадими?
371 views
30 July 2021 - 13:39

Марказий сайлов комиссияси расмий партияларнинг сайлов саноғида иштирок этувчи ваколатли вакилларини рўйхатга олган. Президентликка номзод кўрсатиш ваколатига эга бешта партия вакилларига тегишли гувоҳномалар топширилган.

Гувоҳномаларни қабул қилиб олган расмий партиялар эса ҳозирча президентликка номзод аниқлашга шошилаётгани йўқ. Бу гал кимлар иқтидордаги номзод учун “муқобиллик” ролини ўйнаб бериши мумкинлиги – натижаси аввалдан маълум президент сайловидаги ягона мавҳумлик бўлиб тургани таъкидланади.

Комиссия эълони ортидан сайловга ҳозирликка киришган расмий партиялар ўз иштирокларини логотипларни янгилаш билан бошлашаётгани кузатилади.

29-июл куни Халқ демократик партияси марказий кенгашининг кенгайтирилган мажлиси ўтказилган. Мажлисда партиянинг янги логотипи, рамзи тасдиқлангани хабар қилинади.

Аввалроқ президентликка номзод кўрсатиш ваколатига эга яна бир партия, “Миллий тикланиш” ҳам президентлик сайловлари арафасида партиянинг янги рамзини эълон қилган эди.

“Адолат” партияси ҳам сайловга тайёргарлик масаласини муҳокама қилган, яқин кунларда партия сезди чақирилиши билдирилган.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловда қатнашишга доир гувоҳнома қабул қилиб олингани ҳақида хабар беради. Партиянинг президентлик сайловидаги иштирокига доир тадбирлар ҳозирча очиқланмаган.

Иқтидордаги Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида ҳам сайлов тадбирларига шошилаётгани йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев ўтган сайловларда либерал партия томонидан президентликка сурилган эди.

2016-йилдаги президентлик сайловларида 90 фоиздан ошиқ овоз билан гъалаба қилган Мирзиёевга “Адолат” партиясидан Наримон Умаров, “Миллий тикланиш”дан Сарвар Отамуродов, Халқ демократик партиясидан Ҳатамжон Кетмоновлар рақиблик қилишган эди.

Бу сайловда магълубиятга учраган номзодларнинг аксарияти айни пайтда партиялар лидерлигида эмас. Шундан келиб чиқилса, бу гал иқтидордаги партия номзодига яна шу партиялардан фақат янги номлар рақиблик қилади.

Мавжуд қонунчиликка кўра, президентликка номзодлар фақат Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган расмий партиялар томонидан сурилиши мумкин. Ҳукуматдан мустақил бўлган сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш ўта мураккаб масала.

Мамлакатда сўнгги бор рўйхатдан ўтказилган сиёсий ташкилот ҳукумат томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Экологик партияси ҳисобланади. Мухолиф партиянинг рўйхатдан ўтиш тарихи эса ўтган асрнинг 90-йилларида кузатилган. Ўша пайтда бундай имкониятга эга бўлган “Эрк” партиясининг расмий мақоми ҳам кўп ўтмасдан бекор қилинган эди.

Бу тарихдан салкам 30 йил ўтишига қарамасдан Ўзбекистонда ҳамон мухолиф партияларга нисбатан тақиқ кучда. Хорижда қувгъинликда бўлган мухолифат лидерларининг Ўзбекистонга қайтишига изн берилмади.

Шавкат Миурзиёев ҳокимиятга келишидан сўнг мамлакат ичкаридан чиққан мухолифатга қарши эмаслиги ҳақида баёнот берди. Бунинг ортидан маҳаллий фаоллар мустақил сиёсий партиялар ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш ҳаракатини бошлашди. Аммо муттасил босим, тазйиқ ва таҳдидлар остида фаолият юритиш мустақил сиёсий партияларга рўйхатдан ўтиш имкониятини бермади.

Демократик, очиқ, адолатли ва рақобатли сайловлар мустақил Ўзбекистоннинг асосий муаммоси сифатида қолмоқда.

Марҳум Каримовнинг чорак асрлик диктатураси давомида демоктратик сайловлар Ўзбекистон учун имконсиз қолди, аммо унинг ўлими ортидан ўтаётган иккинчи президентлик сайловлари ҳам Каримовдан мерос қолган сиёсий найранг асосида ўтказилиши ҳақиқатга яқин кўрилмоқда.

Ўзбекистон президенти учун сайлов 24-октябрьда ўтади. Сайловга 80 кундан ошиқ вақт қолмоқда. Қонунчиликка кўра, сайловга 45 кун қолгунча президентликка номзодлар кўрсатилиши, 35 кун қолгунча Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатдан ўтказилиши керак.

Малик Мансур

Манба: Америка овози