O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон: президентлик сайлови адолатли ўтмади…ми?

Ўзбекистон: президентлик сайлови адолатли ўтмади…ми?
188 views
14 April 2015 - 19:38

19Мана, ниҳоят дунё ҳамжамияти, Халқаро ташкилотлар, кенг жамоатчилик, ОАВ воситалари катта қизиқиш билан, энг муҳими Ўзбекистон аҳолиси улкан умид ила кутган Президентлик сайлови ҳам ортда қолди.

2015 йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган Президентлик сайловининг натижалари хусусида Марказий Сайлов Комиссияси кенг жамоатчилик олдида ҳисобот беришга ҳам улгурди.

Буни қарангки, МСК берган маълумотларга таянадиган бўлсак, навбатдаги Президентлик сайловида Ўзбекистондаги қарйиб 91 фоиздан хиёл ортиқроқ сайловчилар иштирок этган.

Мамлакат Конституциясининг 90-моддасига зид ўлароқ Ўзбекистон Либерал-демократик партияси деб ном олмиш қўғирчоқ партия томонидан номзоди мутлақо ноқонуний тарзда илгари сурилган Ўзбекистоннинг 25 йиллик “қироли” – 78 ёшли Каримов Ислом Абдуғаниевич ўзининг истак-хоҳишига кўра 90 фоиздан ортиқ “овоз олиб”, тўртинчи маротаба Президентлик амалини  қўлга киритган.

Хўш, мазкур Президентлик сайлови Марказий Сайлов Комиссиясининг мақтанишлари-ю, айрим халқаро кузатувчиларнинг оғиз кўпиртиришгани каби адолат принциплари асосида ўтмади…ми?

Бу каби саволларга Шайҳонтоҳур туманига қарашли Эшонгузар маҳалласи ҳудудидаги 45-мактаб биносида жойлашган 492-сайлов участкасида мустақил кузатувчилик ишларини амалга оширган ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов ҳеч бир иккиланмасдан “Йўқ, асло” дея жавоб беради.

Мен, – дейди ҳуқуқ фаоли, – Президентлик сайлови куни маҳаллий вақт билан эрта тонгги соат 6.30 да ўзим яшайдиган ҳудуддаги сайлов участкасига кузатувчиликка чиқдим.

Мен борганимда ички ишлар идорасининг терроризимга қарши кураш бўлими ходимлари ва МХХ идораси вакиллари сайлов участкасида ҳозир эдилар.

Ҳайратланарлиси, илгарига сайлов жараёнларида улар мен каби мустақил кузатувчиларни узоқ ўтиришга, кузатувчилик қилишга қўйишмасди. Қувиб солишарди. Бу гал эса негадир менинг кузатувчилик қилишимга жимгина қўйиб беришди. Узоқроқдан мени шунчаки кузатиб туришди.

Майли, масаланинг асл моҳияти бунда эмас.

Мен истиқомат қилаётган сайлов участкасида 3880 нафар савловчи рўйхатга олинган эди.

Энг эътиборли жиҳати шундаки, соат 6.30 дан то тушлик маҳалига қадар, яъни соат 13.00 гача кузатганимда сайлов участкасига оз эас, кўп эмас, роппа-роса 578 нафар сайловчи ташриф буюрди.

Тушлик маҳали 1 соат – 13.00 дан то 14.00 гача двом этди. Мен ҳам барча сайлов участкаси ходимлари қатори тушликка бориб келдим.

Соат 14.00 дан то 16.00 га қадар эса сайловчилар сони кескин сийраклашиб кетди. Шу ўтган икки соат давомида сайлов участкасига бор-йўғи 42 та одам қадам ранжида қилди.

Мен тонги соат 6.30 дан то 16.00 га қадар кузатувчилик қилдим. Сабаб, соат 16.00 га яқин сайлов участкаси сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди. Кўп ўтмай сайловчиларнинг мутлақо қадами узилиб бўлганди, – дейди Президентлик сайлови жараёнларида 492-сайлов участкасида мустақил кузатувчи сифатида фаолият олиб борган ҳуқуқбон Ш. Рустамов.

Эътибор қаратган бўлсангиз, юқорида мустақил кузатувчи  Шайҳонтоҳур туманига қарашли Эшонгузар маҳалласи ҳудудидаги 45-мактаб биносида жойлашган 492-сайлов участкаси тасарруфида жами 3880 нафар сайловчи рўйхатга олинганлиги ҳақида гувоҳлик берган эди.

Мустақил кузатувчи Шуҳрат Рустамовнинг ҳисоб-китобларига кўра соат 16.00 га қадар мазкур сайлов участкасида жами бўлиб 620 нафар фуқаро сайловда иштирок этган.

Бу дегани, Президентлик сайловида иштирок этганлар, умумий сайловчилар сонига таққослаганда, атиги 16 фоизни ташкил этади. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, 492-сайлов участкасида рўйхатга олинган 3880 нафар сайловчидан 3260 нафар фуқаро Президентлик сайловида иштирок этмаган.

Бу дегани, 492-сайлов участкасида сайловчиларнинг умумий сонига нисбат бериб айтилганда, аҳолининг 84 фоизи Президентлик сайловида иштирок этмади деган гап.

Юқоридаги рақамлар Президентлик сайловининг мутлақо ноқонуний тарзда ўтказилганлигига далолат эмасми?

Ҳали бу биргина сайлов участкасида рўй берган қонунсизлик, холос.

Мазкур сайлов участкасида мен рўпарў бўлган яна бир навбатдаги жиддий қонунсизлик шундан иборат эдики, сайловчилардан тахминан 10 нафари қўлларида даста-даста паспорт билан кириб келишди. Бирларининг қўлида 4 та, бошқа бировининг қўлида 5-6 тадан паспорт бор эди. Демак, бир киши келиб бутун бир оила аъзолари номидан – турмуш ўртоғи, ўғли, қизи, набираси, келини номидан овоз бериб кетиш истагида ташриф буюрди. Қизиғи, сайлов участкасидаги мутасаддилар бу ноқонуний ҳолатга “ғинг” дейишган эмас. Қайтага овоз берувчи сайловчилар сони ортганига суюниб қолишди. Бу ҳам қип-қизил қонунсизлик. Сайловчилар бир оила азолари бўлиши мумкни. Бироқ, сайловда ҳар кимнинг ўзи овоз бериши шарт. Бир киши битта паспорт асосида фақатгина ўз номидан овоз бериш ҳуқуқига эга, холос, – дея мустақил кузатувчилик таассуротлари билан ўртоқлашишда давом этади Ш. Рустамов, – Мен саноқда иштирок этган эмасман. 492-сайлов участкасининг сайлов натижалари хусусидаги ҳисоботдан ҳам мутлақо бехабарман. Негаки, мен кабилар саноққа киритилмайди. Қолаверса, мен кабиларга сайлов участкасининг ҳисоботи берилмайди ҳам. Бу ҳали мамлакатимиз пойтахти Тошкентдаги биргина сайлов участкасида рўй берган қонунсизлик, кўзбўямачиликка оид инкор қилиб бўлмайдиган факт, ҳақиқат. Бироқ, юқоридаги кузатганларимдан келиб чиқиб комил ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистоннинг узоқ вилоятларидаги, қишлоқ, овулларидаги сайлов участкаларида аҳвол бундан-да баттар эканлигига, Президентлик сайлови номигагина, ёлғондакам, бир сўз билан айтганда, мутлақо сохта тарзда ўтказилганлигига шубҳа йўқ. Жамики сайлов участкаларида ана шу каби қонунсизлик каби салбий ҳолатлар ҳукмрон бўлганлигига иймоним комил. Биргина 492-сайлов участкаси мисолида бемалол гувоҳлик беришим мумкинки, куни кеча бўлиб ўтган Президентлик сайловида Ўзбекистон аҳолисининг 84 фоизи иштирок этган эмас, сайловда 100 фоиз сайловчи қатнашмаган!

– Аҳоли нега сайловга тўла сафарбар бўлмади? Халқимиздаги бунингдек ҳафсаласизликнинг боиси нимада деб ўйлайсиз? – мамлакат ичкарисида халқи билан ҳамнафас бўлётган ҳуқуқбоннинг қарашлари билан қизиқиб кўрдик.

– Сабаби шундаки, ҳар доимгидек навбатдаги Президентлик сайловига ҳам мухолиф партиялардан номзодлар илгари сурилишига йўл қўйилмади. Шу боис ҳам халқ “Барибир фойдаси йўқ, ўша-ўша, “Эски тос, эски ҳаммом” дея кечаги сайловга ҳам мутлақо қизиқиш билдирган эмас. Ҳатто сайловга келишга ҳам ҳафсала қилмади. Бир ҳақиқтага ишончим комилки, бутун халқ  сайловда 100 фоиз иштирок этганида ва Каримовга қарши овоз берган тақдирида ҳам, натижа бугунги кўрсатгични кўрсатган, яъни, провардида у ҳолатда ҳам барибир Каримов Президент этиб “сайланган” бўларди… Шунга ҳам халқимизнинг ишончи тамомила сўниб бўлган, аҳолининг ҳафсаласи пир бўлиб кетган, – афсусдан бош чайқайди суҳбатдошимиз.

Хабарингиз бор, чорак асрлик Президент қасам ичиб ҳам қўйди….
Бироқ, “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деганларидек. ҳақиқат эгилиши, букилиши мумкин, бироқ асло синмайди.

Чунончи, Марказий Сайлов Комиссияси мутасаддилари “Президентлик сайлови ўта уюшқоқлик билан ўтди! Сайловда 91 фоиздан ортиқ сайловчи  иштирок этди. Каримов Ислом Адуғаниевич ҳар доимгидек ғалаба қозонди” дея оғиз кўпиртиришлари, ўзларини алдашлари мумкин, бироқ кўпни алдаб бўлмайди.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист