O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон: расмий статистика – иқтисодми ёки арифметика?

Ўзбекистон: расмий статистика – иқтисодми ёки арифметика?
149 views
17 July 2014 - 11:05

1Бутун дунё мамлакатларида бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам биринчи ярим йиллик тугади ва ўтган давр учун якуний ҳисоб-китобларни қилиш вақти келди. Ўзбекистон иқтисодиётидаги расмий кўрсаткичларнинг амалиётда қанчалик акс этишига бағишланган «Биржевой лидер»да эълон қилинган мақола муаллифи ўз таҳлилини айнан мана шу сўзлар билан бошлайди.
“Эски қадрдон совет давридаги сингари жамоатчиликка одамларнинг ватанпарварлик даражасини оширишга ва уларни ўз мамлакатлари билан ғурурланишга чорлайдиган миллий иқтисодиётнинг ўсиб бориши ҳақидаги мустаҳкам рақамларни ҳавола қилиш вақти келди. Бироқ, давлат мулозимларининг шўх-шодон маърузалари ва хисоботлари ниманинг ҳисобига ёзилмоқда, деган савол берилса Ўзбекистон ЯИМ ҳақидаги бўрттирилган рақамларнинг ҳақиқатдан анча йириоқ эканлиги ошкора бўлади қолади”, – дейилади мақолада.

“Ҳаёт кун сайин янада бахтлироқ бўлиб бормоқда”

Ўзбекистон расмий ОАВ, жумладан интернет нашрлари берган хабарларга кўра, яқинда Тошкентда жорий йилнинг биринчи ярмида давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунларига бағишланган Ўзбекистон ҳукумати мажлиси бўлиб ўтган. Қайд этиш лозимки, мамлакатдаги юқори иқтисодий ўсиш ва жиловланган инфляциядан баҳс этувчи расмий статистика бу сафар ҳам мулозимларни “уялтириб” қўймади. Хусусан, ҳукумат эълон қилган рақамларга ишониладиган бўлса, Ўзбекистонда ЯИИ ўсиши кутилаётган кўрсаткичлардан, шу жумладан Халқаро Валюта Жамғармаси прогнозларидан ҳам анча ошиб кетиб 8,1 фоизни ташкил қилган. Ўз навбатида саноат ишлаб чиқаришидаги ўсишда ҳам айни ҳолат кузатилган, масалан қурилиш соҳаси ривожланишидаги ўсиш 17,4 фоизни ташкил қилган. Шу билан бирга, расмийларнинг қайд этишича инфляция даражаси “кутилган кўрсаткичлардан” ошмаган, бироқ мазкур кўрсаткич борасида аниқлик киритилмаган. Яна бир ажойиб кўрсаткич эса 2014 йилнинг биринчи ярмида атиги 0,1 фоизни ташкил қилса ҳам Ўзбекистон давлат бюджетининг фойда билан бажарилгани ҳақида. Унга кўра ҳукумат шунчалик мувозанатни сақлаган ҳолда бюджет сиёсати олиб борганки натижада давлат молиявий харажатлари, шу жумладан, ижтимоий соҳадаги харажатлар ҳажми ҳам давлат ғазнаси даромадлари ҳажмидан кам бўлган.

Рақамлар ҳийласи

Трейдерлар ва инвесторлар учун мўлжалланган «Биржевой лидер» журналининг «Новости Узбекистана» бўлими таҳлилчиларининг қайд этишларича, нормал ҳолатда юқорида келтирилган барча рақамлар ҳақиқий иқтисодий ўсиш даражасини акс эттириш мумкин эди. Бу эса ўз навбатида одамлар ҳаётининг яхшиланишига олиб келган бўларди. Бироқ, номинал иқтисодий ўсиш суратлари энг ривожланган иқтисодиётларга яқинлаштирилган Ўзбекистон ҳолатида бундай ёндашув иш бермайди. Акс ҳолда статистикага кўра Ўзбекистон аллақачон ўз фуқароларини бразилияликлар ёки чилиликлар даражасида даромад билан таъминлаган бўлиши лозим эди.

Бу ерда қинғирлик нимада эканлигини аниқлаш қийин эмас. Агар 2014 йилнинг биринчи ярми давомида инфляциянинг расмий кутилган даражаси тахминан 7 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳақиқий инфляция кўрсаткичини эса ўзбеклар амалда давом этаётган ва нархи деярли уч баробарга ошиб кетган ширинлик – “шакар инқирози” мобайнида ҳис қилишди. Бу шароитда ҳукуматнинг барча пресс-релизлари ва ҳисоботлари бир пулга қиммат бўлиб қолади.

2Шу ўринда пул ҳақида гапирадиган бўлсак, маълумки Ўзбекистонда қимматроқ бирор буюм миллий валютага сотиб олинганда харидор саватдек келадиган сумкаларни ўзи билан олиб олишига тўғри келади. Бир вақтлар муомалада бўлган 1, 3, 5 бирликларини ташкил қилувчи ўзбек сўмларининг мавжудлигини кўпчилик унутиб юборишган, “тийин” деб аталадиган майда чақалар ҳақида эса фақат ёши улуғроқ авлод вакиллари эслай олишса керак. Ҳудди ҳазилга ўхшаб туюлса ҳам, бироқ амалга киритилган 1994 йилдан бери Ўзбекистон миллий валютаси 517 баробар қадрсизланган. Бу эса асл ҳақиқатни акс эттиради ва Ўзбекистондаги расмий статистик рақамларни шакллантиришдаги сурбетларча ёндашувни намоён қилади. Аслида кўпгина соҳа ишчи ва хизматчиларининг маоши 200 доллардан ошмайдиган Ўзбекистонда сўнги уч йил мобайнида ЯИМнинг 8 фоиз ўсишидан иборат бўлган барқарор ривожланиш ҳақида гапириш беҳаёликдан бошқа нарса эмас.

Жорий йилнинг ўзида бир неча маротаба содир бўлган истеъмол бозорларидаги доимий инқирозлар ҳар сафар оддий фуқароларнинг моддий аҳволини оғирлаштиради. Айни пайтда, белгиланган суммадаги маош, пенсия ва ёрдам пули ҳисобига кун кўрувчи аҳолининг маълум бир қисмида қашшоқлашиш жараёни давом этмоқда. Бу ҳолатда эса ҳақиқий инфляция даражасининг аслида ЯИМ ўсганлигини кўрсатиш мақсадида давлат буюртмаси асосида бўрттирилган ҳолда шакллантириладиган статистика рақамларидан ҳам ўзиб кетганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Юқорида келтирилган мисоллардан статистик рақамлар ҳақида кўнгилга тасалли бермайдиган бир нечта хулосалар қилиш мумкин. Расмий ОАВ томонидан кенг жамоатчиликка ҳавола қилинадиган статистик рақамлар иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш эмас, балки фақат ҳисобчиларнинг “абжир қўллари”гагина ҳос бўлган қуруқ арифметика учун хизмат қилади. Бундай ҳолатда Жиззах ёки Ангренда яшовчи ўрта ҳол бир одам учун оғир нафас олиш ва ҳаёлида сўмда оладиган маошини “қора бозор” курсида долларга айлантириб кўришдан бошқа чораси йўқ.

ЎХҲ ахборот бўлими