Жиззах вилояти Зомин туман суди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоя альянси аъзоси, собиқ фермер Алиқул Саримсоқовни айбдор деб топди ва уч йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Ҳукм ўқилган 14 октябр оқшом Алиқул Саримсоқов суд залидан озод қилинди.
“Бу иш ўзи бошланишидан, жиноят иш қўзғатилишидан бошлаб ноқонуний бўлган. Бу болани (Алиқул Саримсоқов назарда тутилаяпти – Таҳр.,) шунчаки қўрқитиб, дўқ-пўписа қилиб “ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз”, деб тазйиқ қилиб, уюштирилган эди. Биз ҳам қўйиб бердик “қани судгача борсин”, дедик. Иш судгача борди. Судда ҳам келиб, келиб охири музокара чоғида прокурор 8,5 йил сўради. Биз ҳам яхши тайёрланиб турган эдик. Биз соат 4 дан кечги 7 гача кутиб ўтирдик. Кейин бизларни ташқарида қолдириб, Алиқулнинг ўзини ичкарига олиб кетиб, судниям ўтказиб бўлишибди, “уч йил шартли” қилиб “мана Алиқулингларни олиб кетинглар”, деб қўлимизга тутқазишди, дейди адвокат Шуҳрат Рустамов.
Адвокат Рустамовнинг фикрича, судья Абдувалиевнинг бундан бошқа иложи қолмаган.
“Агар оқлов ҳукми чиқарадиган бўлса, жиноий иш қўзғатган одамлар, тергов ўтказган одамлар, айблов хулосасини тасдиқлаган прокурор ҳаммаси жувонмарг бўлиши керак-ку. Энди ана шунинг олдини олиш учун энг минимал бўлсаям шартли равишда “уч йил озодликдан маҳрум қилиш”, деган ҳукмини ўқиб ишни тугатди”, дейди адвокат Шуҳрат Рустамов.
Зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг учта моддаси: 139-модда (“Туҳмат”), 140-модда (“Ҳақорат”) ва 159-модда (“Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузумига тажовуз”) да айбланиб маҳкамага тортилган эди.
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоя альянси фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, “159-модда билан умуман шартли жазо, деган санкция йўқ”.
“Конституцион тузумга қарши ҳаракат учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ муддати бериб юборилади. Мана бизнинг судларимиз ҳар ишга қодир. Ҳар куни янги-янги Америка кашф қилиб чиқаверади бизнинг судьяларимиз”, дейди суд ҳукмидан ҳайратланмаганини айтиб адвокат Рустамов.
Рустамовнинг айтишича, зоминлик йигит Алиқул Саримсоқов 2000-йиллар бошида туманга қарашли Тешик-тепа қишлоқлик 30 оилага уй қурдириш мақсадида ўша ер аҳолиси ва ҳукумат расмийлари билан келишган ҳолда ахолидан 15 миллион сўм тўплаган.
“Шу маблағнинг ярмини Зомин туман ҳокимлигининг участка учун ер ажратиш бўлимига топширган ва “қолган пулни ер ажратилиб қарор чиққандан кейин топширамиз”, деган. Лекин пул олган маҳаллий мулозимлар ўз сўзида турмай, турли баҳона ва уйдирмалар билан Алиқулни қаматиб юборди. Ярим йиллик қамоқдан кейин бу бола чиқиб “ҳақиқатнинг тубига етаман”, деб Зомин туман ҳокими устидан шикоят ёзиб, ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини очишга уринган, қонунбузарлигини фош қилишга ҳаракатлар қилган. Бу ҳокимлар шунақа салгина хавфлироқ шикоят тушиб қолса, бирортасидан дарров “Туҳмат”, “Ҳақорат”га чиқаришади-ю қаматиб юборишади”, дейди Саримсоқовнинг ҳимоячиси Рустамов.
Адвокатнинг фикрича, агар “Туҳмат” бўйича жиноий иш қўзғатиш керак бўлса, биринчидан шикоят қонунбузарлик ҳақида бўлгани учун аввало прокурор буни кўриб чиқиб, қарор қабул қилиши керак эди.
“Генпрокурор ҳеч қанақа кўрмаган ҳам, қарор чиқармаган ҳам. Қаёқдаги РОВД нинг терговчиси бу шикоятни кўриб чиқишга умуман ваколати йўқ. Ваколат фақат прокуратура органларига берилган. Ўз ҳолича шикоятларни йиғиб олиб, ўз ҳолича жиноят иши қўзғатиб ўтирибди. Бу – прокурорларнинг ваколатини ўзлаштириш, дегани. Ваколат фақат прокуратура органларига берилган. Конституциянинг 7-моддасида мана шу ўзлаштиришлар учун жавобгарликлар ёзиб қўйилган”, дейди Рустамов.
Шунингдек, адвокат Рустамовнинг айтишича, Алиқул Саримсоқовга эълон қилинган 139- ва 140-моддалар агар ўтмишда “Туҳмат”, “Ҳақорат” учун маъмурий жазо қўлланилган шахсларга нисбатан, яъни маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам шундай ҳаракатларни содир этган шахсларгагина жиноят иши қўзғатилади. Алиқул Саримсоқовга эса ҳали бирор марта маъмурий жазо қўлланилмаган. Кўраяпсизми, қанақа қонунбузарликлар ўтиб кетган бу прокурор ва терговчиларнинг қўлидан. Бу атайлаб уюштирилган тазйиқ. Мана охири нима билан якун бўлди – уч йил шартли бериб ҳаммаси ҳар ёққа тумтарақай бўлиб қочиб қолишди”, дейди адвокат Шуҳрат Рустамов.
Адвокат Шуҳрат Рустамов Зомин туман судининг ҳукми юзасидан Жиззах вилоят судига аппелация шикоятини топширишини билдирди.
“Биз барибир тўхтамаймиз, аппеляцияга олиб чиқамиз. Алиқулнинг ҳақ эканлиги тўғрисида унинг қўлида 150 фоиз далили бор. Агар аппеляцияда ҳам инобатга олинмаса, ундан юқорига, агар улар ҳам тихирлик қилса республика Олий судигача олиб чиқамиз бу масалани,” дея таъкидлади Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоя альянси фаоли Рустамов.
Шу ўринда айтиб ўтсак, Алиқул Саримсоқовга Зомин туман ҳокими устидан шикоят аризаси ёзишга кўмаклашган ҳуқуқшунос Шуҳрат Рустамовга нисбатан Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур туман Ички ишлар бошқармаси шу йилнинг 30 май куни жиноят иши қўзғатган эди.
Жиноий жавобгарликка тортилганини 23 август куни билган Шуҳрат Рустамов Республика президенти номига ариза ёзганидан сўнг жиноят иши ёпилганини айтди.
“Президент номига шикоят ариза ёзганимдан кейин ҳамма ёқ жим-жит бўлиб қолди”, дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоя альянси фаоли Шуҳрат Рустамов.
ЎХҲ хабар маркази