Ўзбекистон Республикаси президенти И. Каримовга
Жаноб Президент!
Сизнинг президентлик муддатингиз 2015 йили тугаши муносабати билан ҳамда қарилик туфайли тез тез касалликка чалиниб туришингиз оқибатида давлатни бошқара олмаслигингиз ўзбек жамоатчилигига маълум бўлди.
Шу билан бирга ҳозирда ҳокимият тепасида турган ва сиз бошлаган зулм тузумини давом эттириши мумкин бўлган ҳамтовоқларингизнинг давлатни бошқаришга интилаётганлигини кўриб турибмиз. Аммо Ўзбекистон халқи , шу жумладан биз ҳам ҳукуматни адолат билан бошқара оладиган раҳбар ҳокимият тепасига келишини истардик.
Ўзбекистондаги миллонлаб фуқаролар хозирги ҳукмрон тузумнинг зулм, хақорот, зўравонлик, босқинчиликларни ўз бошидан ўтказаётирлар. Биз мана шу иллатларга барҳам бериш учун курашмоқдамиз.
Давлатни ҳалол ва адолатли бошқара оладиган шахслар мухолифат ичида топилади.
Ўзбекистон мухолифати вакиллари раҳбарликка келса, мана шу иллатларни тугатамиз, хозирдаги тузум вакилларидан қилган хатолари учун ўч олишликка йўл қўймаймиз ва қасос олмаймиз.
Шундай экан, сиз дарҳол Президентлик вазифасидан истеъфо беринг. Бу билан эркин сайловлар ўтказиш ва янги адолатли, қонун ва ҳуқуқнинг устунлигига асосланган жамият қуриш учун имконият пайдо бўлади.
Абдулло Тожибой ўғли
“Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун” жамоат бирлашмаси Матбуот Маркази
Тошкент, Ўзбекистон
07.05.2013