Россия Мудофаа вазири Тошкентда.
Расмий хабарларга кўра, Сергей Шойгу аллақачон Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан музокаралар олиб борган.
Сергей Шойгу икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик “мутлақ конкрет ва ўта муҳим тусга эга” эканини баён қилган.
Россия Мудофаа вазирининг Тошкентга ташрифи Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон мулоқотларидан кун ўтиб кузатилган.
Бошқа томондан, Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга илк расмий ташрифидан ҳафта ўтмай амалга ошган.
Оқ Уй наздида “тарихий”, деб баҳо топган ушбу ташриф чоғида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳада ҳам ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олишган.
Икковлон беш йиллик илк ҳарбий режани ҳам пишитиб олишганди.
Бир расмий ташрифнинг ўзида ўрталаридаги стратегик шерикликни янги босқичга кўтаришган.
Бу хусусда имзоланган қўшма баёнотнинг қанчалар кенг қамровлиги таҳлилчиларнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.
Шавкат Мирзиёев Пентагонда ҳам бўлиб, шахсан АҚШ Мудофаа вазири билан учрашган.
Бундан кейин ҳам Афғонистон ва афғон можароси икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг марказида қолиши маълум бўлганди.
Қоришиқлик
Ўзбекистон янги президентининг Оқ Уйга айни ташрифи манзарасида расмий Москванинг бунга муносабати минтақавий кузатувчиларнинг диққат-марказларидаги мавзулардан бири бўлган.
Матбуотдаги чиқишларидан россиялик ҳарбий ва сиёсий таҳлилчиларнинг бу хусусдаги баҳолари қоришиқ экани маълум бўлган.
Айрим таҳлилчилар наздларида, Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи Кремлнинг ҳатто “пинагини ҳам бузмаган”.
Бошқаларига кўра эса, шу йилнинг 15-17 май кунлари амалга ошган “Оқ Уйга тарихий ташриф”, таъбир жоиз, расмий Кремлнинг яхшигина “рашкини қўзғамай” қўймаган.
Аммо Мирзиёев АҚШга ташрифидан саноқли кунлар ўтиб, кеча – 21 май куни Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон орқали гаплашиб олишгани маълум бўлган.
Россия президентининг расмий веб саҳифасида ушбу мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёев Путинни Вашингтонга ташрифи тафсилотларидан огоҳ этгани ҳақида ёзди.
Россия Ўзбекистоннинг анъанавий стратегик шериги бўлиши баробарида, жорий пайтда энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорларидан бири ҳам саналади.
Тошкентдаги баёнот
Тошкентда экан, Россия Мудофаа вазири икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик “мутлақ конкрет ва ўта муҳим тусга эга” эканини баён қилган.
Сергей Шойгу, “бу – энг аввало Ўзбекистон чегараси яқинидаги хавф ва таҳдидлар билан боғлиқ” эканини айтган.
“Бу ўринда кучайиб бораётган халқаро террорчилик таҳдидини ҳам назардан қочириб бўлмаслиги”ни урғулаган.
Россия Мудофаа вазири наздида бу хавф ҳозир “Суриядан Ўзбекистон дохил қўшни, чегарадош давлатларга кўчиб ўтмоқда”.
Сергей Шойгуга кўра, Афғонистондаги вазият ҳам тинчиб бораётгани йўқ.
“Ахир, Сурияни тарк этаётган гуруҳлар Афғонистонга ҳам ўтиб, жойлашишмоқда”, – деб айтган Россия Мудофаа вазири.
Унинг айтишича, худди шу каби манзарада, лозим бўлган тақдирда, давлатлар манфаатларини ҳимоя этишга қодир ҳарбийларни тайёрлаш, айниқса, муҳим ўрин тутади.
Режалар
Сергей Шойгуга кўра, айни шу омилдан келиб чиқиб, бундан кейин ҳам нафақат ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш, балки-да, Ўзбекистон Қуролли Кучлари учун кадрлар тайёрлаб беришга ҳам ҳозирлар.
Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, сўз жорий пайтда Россия ўқув юртларида таҳсил олаётган ҳарбий мутахассисларнинг сонини фоизга эмас, бир неча баробарига ошириш эҳтимоли ҳақида бормоқда.
Россия Мудофаа вазири, яна шунингдек, бу масалада “хос тайёргарлик”ни ҳам муҳим, деб билишларини баён қилган.
Бундай дейиш билан, шу йил август ойида бўлиб ўтажак “Армия-2018” ҳарбий-техник форумида чоғида бирга кўриб чиқишга умид қилаётган дастурни кўзда тутаётганини айтган.
Россия томони хабарларига кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов ҳам, ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни юқори баҳолаган. “Россиянинг тажрибаси ва қудрати”ни алоҳида қайд этган.
“Россиянинг қиёфасида биз бутун дунё ва минтақада ўз нуфузига эга давлатни кўрамиз. Ўртамиздаги тарихий, маданий ва иқтисодий алоқаларни ҳам бир четга суриб қўйиш, унутиш мумкин эмас. Бизни боғлаб турган ришталарни сиз билан янада ривожлантириб, мустаҳкамлашда давом этамиз”, – деб айтган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Мудофаа вазири икки давлат ўртасидаги кадрларни тайёрлаш, ҳарбий-техник таъминот ва бўлинмаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ишларидаги ҳамкорликни алоҳида қайд этган.
Хавотирлар ва мақсадлар…
Расмий Кремль, айниқса, сўнгги йилларда Афғонистондан келувчи жангарилик таҳдидига оид огоҳлик, хавотир ва чиқишларини кучайтирган.
Сиёсий таҳлилчиларга кўра эса, буларнинг барчаси энг аввало Россиянинг минтақадаги империалистик амбициялари ва асосий геосиёсий рақиби Америка Қўшма Штатларининг зиддига минтақада ўзининг манфаатларини парваришлаш истаги билан боғлиқ.
Устига устак, воқеаларнинг сўнгги ривожи президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти афғон можаросига энг аввало ҳарбий йўлда барҳам бериш истагини баён қилган, Афғонистондаги қўшинлари сонини яна бир неча мингга оширишга қарор қилган бир манзарада кузатилмоқда.
Дунёнинг бу икки ядровий қудрати ўртасидаги дастлаб Украина инқирози сабаб дарз етган алоқалар орада Сурия бўҳрони ва сўнгги АҚШ президент сайлови билан боғлиқ можаролар туфайли, ҳозирга келиб, деярли издан чиқиб бўлган.
Расмий Вашингтон, бошқа томондан, Россиянинг анъанавий иттифоқчиси ва Афғонистонга бевосита чегарадош бошқа бир минтақа давлати – Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий қудратидан яхшигина хавотирда.
Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, ўзининг янги стратегияси билан Трамп маъмурияти Афғонистондан бу яқин ўртада чиқиб кетиш ва бу билан Хитой бўладими, Эрон ёки Россия – бу давлатларни ҳам “назорати” остидан чиқариш истаги йўқлигига ишора қилган.
Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, шаклланиб бораётган бу каби воқеълик манзарасида минтақа давлатларига “осон бўлмайди”.
Ҳар қандай соҳадаги ҳамкорлик назарда тутилганда ҳам, таъбир жоиз, ўзлари “кўз остларига тушган” дунёнинг бу икки қудратига нисбатан мувозанатли ташқи сиёсат юритишлари керак бўлади.
Аммо, таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон дохил минтақа давлатлари ҳукуматларининг бунга қанчалик қодир бўлишларини фақат бу яқин йиллар кўрсатади.
Манба: Би-Би-Си Ўзбек