O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон: Сайловларда “қора пиар” учун жавобгарлик киритилди

Ўзбекистон: Сайловларда “қора пиар” учун жавобгарлик киритилди
21 views
05 September 2014 - 14:23

8

Ислом Каримов 4 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун 2014 йилнинг 23 август куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 2014 йил 28 августда Сенат томонидан маъқулланган.

Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритилди. Ушбу қўшимчалар сайловлар ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тўққизта моддадан иборат бўлган янги V1 “Сайловлар ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланувчи боб билан тўлдирилди.

Эндиликда, кодекснинг 512-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссияси, сайлов комиссиялари, референдум ўтказиш бўйича комиссия фаолиятига халақит қилиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига тўсиқ яратиш мансабдор шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан ўн беш баробаригача жарима жазоси белгиланади.

Марказий сайлов комиссияси, сайлов комиссиялари, референдум ўтказиш бўйича комиссия қарорларини бажармаслик, шу жумладан, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ноқонуний тарзда рад қилиш, узрли сабабларсиз уларни ўз вақтида кўриб чиқмаганлик учун – мансабдор шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг уч баробаридан етти баробаригача жарима жазоси белгиланади (513-модда).

Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакили ҳуқуқларининг бузилганлиги учун – мансабдор шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг беш баробаридан етти баробаригача жарима жазоси белгиланади (514-модда).

Номзод, ишончли вакил, кузатувчи, сиёсий партия ваколатли вакили ва мансабдор шахслар томонидан сайлов олди тарғиботи, референдумга қўйилган масала бўйича тарғибод олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик учун энг кам иш ҳақининг беш баробаридан етти баробаригача жарима жазоси белгиланади (515-модда).

Сайлов натижаларига таъсир қилиш мақсадида номзод, сиёсий партиялар ҳақида ёлғон маълумотларни нашр қилиш ва ҳар қандай усулда тарқатганлик учун – мансабдор шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача жарима жазоси белгиланади (516-модда).
Сайловлар ва референдумларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш мобайнида бинолар, иншоотлар ёки бошқа жойларда чиқарилган тарғибот материалларининг қасддан йўқ қилиниши ёки уларга зарар келтирганлик учун энг кам иш ҳақининг уч баробаридан етти баробаригача жарима жазоси белгиланади (517-модда).

Сайловлар ва референдумларни молиялаштириш тартибини бузганлик учун фуқароларга нисбатан энг кам иш ҳақининг беш баробаридан етти баробаригача, мансабдор шахсларга нисбатан эса энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан йигирма баробаригача жарима жазоси белгиланади (518-модда).

Ижтимоий фикр натижаларини эълон қилиш, сайловлар ёки референдумлар натижаларини прогоноз қилиш ҳамда сайловлар ёки референдумлар билан боғлиқ бошқа таҳлилларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун – мансабдор шахсларга нисбатан эса энг кам иш ҳақининг ўн беш баробаридан йигирма баробаригача жарима жазоси белгиланади (519-модда).

ЎХҲ ахборот бўлими