O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон суди: “Тиллаев бор-йўғидан маҳрум этилсин”

Ўзбекистон суди: “Тиллаев бор-йўғидан маҳрум этилсин”
187 views
19 January 2014 - 12:43

tillaev-sudҲа, айнан шундай: Тошкент шаҳар ИИБ ва Чилонзор туман суди таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат фаоли Фахриддин Тиллаевни бор-йўғидан маҳрум этишга қарор қилган.

Аввалига 2013 йил 20 сентябрда Ф.Тиллаевни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг (МЖТК)  40-м 2-қисми (Туҳмат), 52-м 2-қ (Енгил тан жароҳати етказиш) ва 183-моддалари (Майда безорилик) бўйича айблаб, 15 сутка қамоқ, 1.372.950 сўм, кейинроқ 183.060 сўмга жаримага тортишди.

Ф.Тиллаевни Ўзбекистон Конституциясининг 30-моддасида кўрсатилган процессуал ҳақларнинг барчасидан маҳрум қилишган. (“Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим” – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 30-модда ) Уни иш материаллари билан танишиш, ўз ҳимояси учун адвокат ва ўз айбсизлигини исботлаш учун гувоҳларни жалб этиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этишган.

Ноқонуний жазони ўтаб чиққач, Тиллаев Чилонзор район прокурорига ва юқори инстанцияларга шикоят аризалари билан мурожаат қилган, аммо бирор ижобий натижа бўлмаган. Ф.Тиллаевни ноқонуний суд қарори билан синдириб бўлмаганини кўргач, Тошкент шаҳар ИИБ уни нима қилиб бўлса-да, изоляция этишга қарор қилган.

Бунинг учун 2014 йил 2 январ куни Чилонзор район ИИБ ходимлари Ф.Тиллаевни ўз квартирасида ҳибсга олиб, яна бир мухолифат фаоли Нураддин Жуманиёзов ҳибсда сақланаётган шаҳар ИИБга келтиришган. Аммо бу ҳақда Ф.Тиллаевнинг яқинларига милиция ходимларидан ҳеч ким маълум қилмаган. Эҳтимол, Тошкентдаги ИИБ ходимларига Ўзбекистон Жиноят-Процессуал Кодексининг 46-моддаси ўқитилмаган шекилли. Бу моддада, жумладан, шундай дейилади: “Айбланувчи: қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш… ҳуқуқига эга”.

Ф.Тиллаевнинг аёли, фарзандлари ва қариндошлари уни излашда эди. Улар Чилонзор ИИБга келишган, бу ерда уларга Фахриддинни қўлга олишмаганини айтишган. Тошкент шаҳридаги морг ва касалхоналардан излаб ҳам топишолмаган уни.

2014 йил 8 январ куни адвокат Ф.Тиллаев манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақидаги ордерни Тошкент шаҳар ИИБ терговчисига шахсан ўзи топширган, аммо терговчи турли баҳоналар билан Ўзбекистон ЖПКнинг 49-моддасини бузган. Бу моддада шундай дейилади: “Ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади”.

Ф.Тиллаевнинг ҳибсга олинишига 10 кун ўтганига қарамай, адвокатга ҳануз у билан учрашиш ҳуқуқи берилмаётир.

Нега терговчи бунчалик қаршилик кўрсатяпти?

Сабаби, Ф.Тиллаевга нисбатан қийноқлар қўллангани ёки бошқа ноинсоний муносабатлар қўлланилган бўлиши мумкин, ва айнан шунин учун маҳбус билан учрашиш ҳаққидан маҳрум этишмоқда. Балки, жароҳат ва зарба изларининг битишини кутишаётгандир?

Адвокат энди терговчининг ишида ЎзР Конституциясининг 30- ҳамда ЎзР ЖПКнинг 46-моддаси қўпол тарзда бузилгани ҳақида Тошкент шаҳар прокурорига шикоят қилишга мажбур. Прокурордан қандай жавоб келиши кутилмоқда.

Ҳозирча эса Ф.Тиллаев адвокат ҳимоясидан ҳам, барча процессуал ҳуқуқларидан ҳам маҳрум қолмоқда.

ЎХҲ хабар маркази