Ўзбекистон-Туркия алоқалари тикланиши туркий давлатлар интерграцияси жонланишига туртки бериши мумкин. “Туркия томони Туркийзабон давлатлар ҳамкорлиги кенгаши ва унинг ваколатли органларига Ўзбекистон Республикасини кенгроқ жалб қилиш истагини билдирди ҳамда Ўзбекистон томонининг ташкилот фаолиятига қизиқиши ортиб бораётганини мамнуният билан қарши олди“, дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан имзоланган қўшма баёнотда.
Ўзбекистон туркий тилли давлатлар тузилмаларидаги фаолиятини 90-йиллар ўрталарида тўхататган эди. Икки йирик туркий давлатлар ўртасида Анқарада ўтган музокаралар туркий давлатлар интергацияси бўйича мунозараларни яна жонлантирган.
Икки раҳбар имзолаган қўшма баёнотга кўра, музокараларда Ўзбекистонни Турк давлатлари кенгашига, туркий тилли давлатлар ўртасидаги тузилмаларга қўшишлиши ҳақида гаплашилган. Унда таъкидланишича, Ўзбекистон томонидан билдирилган қизиқиш Туркияда мамнуният уйғотган.
Ўзбекистон ҳозиргача туркий давлатлар ўртасидаги ҳар қандай тузилмалар, ташкилотлар ва ҳамкорликлардан четда турган ягона туркий давлат бўлиб қолмоқда. Минтақада ўз нейтраллигини эълон қилган Туркманистон ҳам Турк давлатлари кенгашининг 2014-йил Туркияда ўтган саммитида қатнашган ва кенгашга қўшилишини маълум қилган эди.
Мирзиёевнинг Туркияга сафари шу кунгача бўлган позицияда ўзгаришлар қилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ташрифни бевосита Туркияда кузатган ўзбек фаоллари музокараларнинг самимийлигига диққат қаратишмоқда.
Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳга кўра, ташриф, аввало, имзоланган шартномалар билан эмас, икки ўртадаги алоқалар тикланаётгани билан аҳамиятли. Айниқса, марҳум Каримов даврида Ўзбекистон турк дунёси бирлиги бўйича барча жараёнлардан четлатилгани инобатга олинса.
“Икки томон ҳам мамнунлик билдирмоқда. Тоййиб Эрдоған юксак оҳангда ташрифни тарихий баҳолади. Эҳтимол бу қадар эмасдир, аммо сўнгги 20 йиллик тарихни, Каримовнинг турк дунёсига қилган ёмонликларини инобатга олсак, ҳақиқатда тарихий учрашувга арзигулик. Имзоланган шартномалар ҳам муҳим, аммо асосийси бу эмас. Асосийси Ўзбекистон ва Туркия ўртасида кўприк қурилди. Ҳозиргача турк давлатлар интеграциясидаги асосий тўсиқ Каримовнинг аксилтурк сиёсати бўлиб келди. Умид қиламизки, энди бу сиёсат сўнгига келди, янги бир сиёсат шакилланди, деб умид қиляпмиз”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.
Туркий тилли давлатлар саммити 90-йиллар бошидан ўтказиб келинади, 2009-йилда Озарбойжонда ўтган саммитда Турк давлатлари кенгаши, унинг котибиятини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбойжон тўлиқ аъзо, Туркманистон кузатувчи мақомида қолаётган Турк давлатлари кенгаши доирасида ҳозиргача бир нечта саммит ўтган. Ташкилотнинг сўнгги бешинчи йиғилиши икки йил аввал Остонада ўтди. Турк давлатлари кенгашининг 2016-йилда Қирғизистонда режаланган олтинчи саммити эса ташкилий сабаблар боис номаълум муддатга қолдирилди.
Шундай вазиятда Ўзбекистонни туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилиши заифлашиб бораётган тузилмани фаоллаштириши аниқ. Ўзбекистон туркий интерграцияда нафақат иккинчи йирик туркий тилли мамлакат эканлиги, балки тарихан Туркистон бирлиги ғояси ватани бўлиб келаётгани, минтақа давлатларини туташтирувчи марказда жойлашгани учун ҳам аҳамиятли.
“Турк дунёсининг икки муҳим лидерлари қилган баёнотларга ишонамиз, агар турк дунёсининг шу икки давлати биз бу ердамиз деб ўртага чиқса, қолган давлатлар ҳам уларга эргашадиган алфозда туришибди. Албатта, баёнотлар сўзда эмас, амалда исботланиши керак, яъни Туркия ва Ўзбекистон бу ишга қарор қилишса, қолганлар эргашади. Ўзбекистон нуфуз, жўғрофий, маданий, тарихий жиҳатдан ҳам Туркистоннинг маркази бўлиб келган”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.
Туркияда яшаётган ўзбек зиёлиларидан яна бири, ёзувчи Собир Сайҳонга кўра, Мирзиёевнинг ташрифи турк дунёсидаги маънавий бирликни ифода этади, иқтисодий, жўғрофий маънодаги турк бирлиги интеграциясини эмас.
“Баъзилар молиявий, сиёсий ҳатто аскарий иттифоқ ҳақида ҳам гапиришяпти. Туркия ва Ўзбекистон ўртасида абадий дўстлик битими имзоланган, шу маънода алоқалар тўхтаб қолган эмас. Аммо бугунги ташриф турк дунёсидаги катта маънавий ютуқ бўлди. Албатта, бу маънавий ютуқ иттифоққа ҳам таъсир кўрсатади. Аммо менинг шахсий фикрим, (Ўзбекистон) турк бирлиги майдонига киришини мен тахмин қилмайман. Тупроқ эмас, фикр бирлиги бўлса шунинг ўзи етади. Бугунги дунёдаги сиёсий вазият ҳам бундай бирликка имконият бермайди. Турк олами бирлиги тупроқ бирлиги эмас. Менинг тушунчамда, бу, аввало, фикр бирлиги. Бунга эришилган тақдирда, шунинг ўзи иттифоқ бўлади”, – дейди ёзувчи.
Турк давлатлари кенгашини 2016-йилда Қирғизистонда режаланган саммитининг номаълум муддатга қолдирилгани Туркия ва Россия ўртасида ўша пайтда авж олган зиддиятга боғлиқ кўрилди.
Туркия, айниқса, минтақа давлатлари мустақиллигининг дастлабки йиллларида Марказий Осиёдаги геосиёсий кучлардан бири сифатида кўрилаётган эди, аммо кейинчалик Ўзбекистон билан муносабатлар зиддиятлашиши, Туркиянинг ўзида турли муаммолар бошланиши ортидан расмий Анқаранинг асосий диққати Яқин Шарққа қаратилди. Шунингдек, турли сиёсий қутбларга тортилган Марказий Осиё учун ҳам туркий давлатлар интеграцияси ўз долзарблигини йўқота бошлади. Сўнгги бор Остонада ўтказилган Турк давлатлари кенгашининг навбатдаги саммити қачон ўтиши ҳамон аниқлаштирилмаган.
Манба: Америка Овози