O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон-Туркия муносабатлари: асоссиз қўрқув таҳлили

Ўзбекистон-Туркия муносабатлари: асоссиз қўрқув таҳлили
187 views
05 May 2014 - 13:04

rsz_karimov-va-gulenБугунги кунда Ўзбекистоннинг Туркия билан сиёсий алоқаларида ҳақида сўз борганда ўзбек расмийларидан тортиб зиёлисигача кўпчиликнинг кўнглидан ўтадиган бир тушунча бор. Бу ҳам – гўёки “Ўзбекистон Туркия билан қанчалик яқинлашса шунчалик унинг таъсирига тушиб боради, Туркия бизга “буюк оғалик” қилишни бошлайди” деган.

Ўзбекистоннинг “буюк оғачилик” қўрқуви аслида тўқсонинчи йилларнинг ўрталаридаёқ унинг ташқи сиёсатида яққол кўзга ташланиб улгурганди. Хусусан, президент Каримов бу ҳақда 1997 йили “Известия” газетасининг 11 ноябрь сони учун берган тўрт ярим соатлик интервьюсида “Туркия бизга “янги оға” сифатида тарбия, маданият масалаларида ақл ўргатмоқчи, умуман маънавий ҳаёт моделини тиқиштирмоқчи бўлди”, – деб нолиганди.

Икки мингинчи йилларга келиб Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати вазиятга қараб гоҳ Туркияни гоҳида эса Россияни “буюк оғачилик”да айблайвериб ушбу давлатларни ҳам атрофидаги қўшниларини ҳам зада қилиб бўлганди.
Ўзбекистон ҳукуматининг “буюк оғачилик” қўрқуви шу даражага бориб етдики 2001 йил январда “Радикал” газетасига интервью берган ўзбек муҳолифати лидери Муҳаммад Солиҳ: “Каримовнинг “Туркия аллергияси”дан қўрққан баъзи турк бюрократлар “Каримовни ҳуркитиб юбормайлик, оғалик қилмайлик”, дея бошладилар”, – деганди.

Бугунги кунга келиб эса Ўзбекистон ҳукуматининг йирик давлатларга, айниқса Туркияга нисбатан бўлган “буюк оғачилик” қўрқувининг расмий доиралар чегарасидан чиқиб ҳатто баъзи бир ўзбек зиёлилари дунёқарашига ҳам таъсир кўрсатганини кузатиш мумкин. Ҳаттоки Ўзбекистонда кўзга кўринган баъзи академик доира вакиллари ҳам Ўзбекистон-Туркия алоқаларига жуда эҳтиёткорлик билан қўрқа-писа ёндашадиган ҳолга келишди. Уларнинг онгига сингиб қолган ёки сингдирилган тушунча моҳияти эса – расмийлар назаридаги хавфсизлигимизга ва суверенитетимизга таҳдид билан боғлиқ. Туркия гўёки Ўзбекистон учун таҳдид манбаи….

Бу ҳақиқатан шундайми деган ўринли савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб топиш учун эса – бир шахснинг ўзгарувчан кайфияти оқибатида пайдо бўлиб бутун бошли бир давлат сиёсати даражасига кўтарилган “сиёсий қўрқув”ни бир чеккага суриб қўйиш ва вазиятга объектив назар солишга тўғри келади.
Ўзбек зиёлисининг вазифаси ҳамма вақт расмийлар оғзидан тушмайдиган “суверенитетга таҳдид”, “мустақилликка таҳдид” каби ибораларни тўтиқуш каби такрорламасдан, авваламбор гап нима ҳақида бораётганини аниқлаштириб олишдан иборатдир.

Биринчиси, – агарда биз ўзаро икки томонлама тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ҳақида гапирираётган бўлсак – ҳар қандай йирик давлат билан бу шаклдаги ҳамкорликда унинг таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли бор. Бу нафақат Туркия, балки Россия, Хитой ёки АҚШ ҳам бўлиши мумкин. Суверенитетга таҳдиддан сақланиш эса ўзимизни дипломатик маҳоратимизга боғлиқ. Бунинг учун бошқа бир давлатни айблаш мутлақо нотўғри. Аслини олганда бугунги кунда суверенитетимизга энг кўп таҳдид сола олиши мумкин бўлган давлат Туркия эмас, балки Россиядир. Оддий мисол тариқасида айтадиган бўлсам, биргина чегарани ёпиб қўйиш билан Ўзбекистондаги ички вазиятни издан чиқариш салоҳиятига эга. Негалиги барчамизга маълум.

Иккинчиси, – агарда биз Туркия билан сиёсий характердаги туркий бирлик, яъни сиёсий ва иқтисодий интеграцияни яратиш ҳақида гапираётган бўлсак “суверенитетга таҳдид” иборасини ишлатишнинг ўзи ноўриндир. Чунки, интеграциявий бирлашмаларда давлат суверенитети ўз-ўзидан чекланади.

Биринчи навбатда миллий ҳуқуқдан устун турувчи нормалар амал қилади. Бунга Европа Иттифоқини ва ундаги барча 28 та аъзо давлат учун мажбурий бўлган Директиваларни мисол келтириш мумкин. Албатта, бундай интеграциявий бирлашмаларда ҳам ўз салоҳиятидан келиб чиқиб ҳал қилувчи рол ўйнайдиган давлатлар бўлади, ҳудди ЕИ даги Франция ва Германия сингари. Лекин бу бошқа аъзолар манфаатларининг камситилиши сифатида ёки Франция ва Германиянинг Иттифоқдаги гегемонлигини ифодаламайди. Чунки Иттифоқда раислик қилиш аъзо давлатлар ўртасида навбат билан амалга оширилади.

Ҳудди шу сингари агарда Туркия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий ва сиёсий интеграция бўладиган тақдирда давлатларнинг салоҳияти нуқтаи назаридан бундай бирлашмада ҳал қилувчи рол ўз-ўзидан Туркияга тушади. Бунинг сабаби Марказий Осиё давлатлари ва Туркия жумҳурияти салоҳиятидаги йирик тафовутга бориб тақалади.

Масалан, Туркиянинг деярли 1,2 трлн АҚШ долларига тенг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) кўрсаткичи Россияни қўшмаганда бутун МДҲ давлатларининг умумий ЯИМ кўрсаткичидан юқори туради. Ёки бутун Марказий Осиё давлатларидаги умумий аҳоли сонини қўшсангиз ҳам Туркиянинг 76 миллионлик аҳолиси сонига тенг келмайди.

Бироқ, юқорида айтганимдек буни мустақилликка ёки суверенитетга таҳдид деб баҳолаб бўлмайди. Чунки, сиёсий характердаги интеграциявий бирлашмаларда суверенитет тушунчаси алоҳида давлатларга эмас, балки интеграцивий органларга тегишли бўлади. Марказий Осий давлатлари учун чекланган суверенитет ўз навбатида, Туркия учун ҳам чекланади. Шу билан бирга, юқорида айтилганидек ҳар қандай бирлашмада раислик қилиш аъзо давлатлар ўртасида навбат билан амалга оширилади.

Демак, давлат суверенитетига таҳдид ҳақида сўз борганда унга ҳар доим салбий бўёқ беравермасдан унинг маъносига ва моҳиятига эътибор қилган маъқул. Суверенитетнинг қисқача маъноси – давлатнинг ўз ички ва ташқи сиёсатини мустақил тарзда олиб боришидир.

Барибир бунга шубҳа билан ёндашадиганлар ва Туркия жумҳурияти мисолида Ўзбекистон учун таҳдидни ҳис қиладиганлар учун айтиш мумкинки, ҳозирги вақтда Туркия билан ҳар қандай интеграция ҳақида сўз айтишга жуда эрта. Зеро, Туркиянинг яқин келажак учун белгиланган стратегик режалар дастурида Марказий Осиё давлатлари масаласи ҳатто киритилмаган ҳам.

Замир Малик