Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта йиғим-терим мавсумини “самарали” ўтказишга қаттиқ аҳд қилган кўринади. Озодлик мухбири Сирдарё пахта далаларида жавлон ураётган академия илмий ходимлари билан гаплашди.
– Академия пахта теримига 150 дан кўпроқ одам бериши керак эди. Структурамизда 38 та илмий-тадқиқот институт бўлса, ҳар бир институт бошига 7-8 тадан одам тўғри келди. Талаб қилинганча одам йиғиб бердик. Асосий группа поездда Сирдарёга кетди,– дейди Фанлар академиясининг ўзини танитишни истамаган вакили.
Озодлик билан гаплашган академия ходимларига кўра, бу йил пахта кампанияси аввалги йилларга қараганда анча кучайгани сезилмоқда.
– Ўтган йилиям академия бўйича пахтага чиқилган. Лекин бу йилчалик одам сўрашмаганди-да. Нима бўлсаям, байрам ўтиши билан теримчилар далада бўлсин дейишди,– дейди Фанлар академияси вакили.
Йўлини қилиб теримдан қолмоқчи бўлганларга ҳам, жилла қурса, 2-3 кун пахта териш шартлиги уқтирилган. Озодликка исми сир қолиши шарти билан гапрган Тошкентдаги тадқиқот институтларидан бирининг кичик илмий ходими ҳам шу кунларда пахта тергани ҳозирлик кўрмоқда.
– Терим турган-битгани чиқим, ҳатто овқатланишга ҳам ёнингиздан пул сарфлайсиз. Ундан кўра 100 мингми, 200 мингми бериб, тинчгина Тошкентда қолганим яхши эди. Лекин замдиректоримиз ҳеч бўлмаса 2-3 кун ишлаб, кейин ўрниларингга одам топарсизлар деди,– деб арзи ҳол қилади академия тизимидаги тадқиқот институти кичик илмий ходими.
Биринчи теримга чиққан академиячилардан йигирма кунча туриб бериш сўралган. Бу муддат ўтгач, уларнинг ўрнини ҳамкасблари эгайллайди.
– Биз биринчи сменада пахта теряпмиз. Худо хоҳласа, амаллаб ўтказиб олсак, ўрнимизга бошқа гуруҳ келади. Йигирма кунча терасизлар дейишди. Ишқилиб, яна чўзилиб кетмаса бўлди деб турибмиз,– хавотирини яширмайди Шарқшунослик институти вакили.
Теримга асосан илмий-тадқиқот институтларининг ёш ходимлари жалб этилган.
– Катта домлаларимиз пахта теролмайди-ю, шунга, калтак бизга ўхшаган ёш ходимлар бошида синди. Ёши улуғ домлаларимиз ҳам бор, лекин улар бизни контрол қилиб туришга келган,– вазиятни изоҳлайди Тил-адабиёт институти тадқиқотчиси.
Теримчилар ейиш-ичиш ва бошқа барча кундалик харажатларни чўнтагидан сарфлаши керак. Институтлар раҳбарияти ҳам озиқ-овқатга қарашиб юборган.
– Институт беш-олти ходим номига премия ёзди. Кейин, шу премия ҳисобидан овқат учун харажат қилинди. Амир Темурнинг жангга чиққан аскарларидек ўзимиз билан қозон-товоқларимизни ҳам олволдик,– дейди “пахта муҳорабаси”да жон олиб, жон бераётган теримчи-тадқиқотчи.
Айни пайтда, академиянинг асосий гуруҳи Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида пахта хирмонини кўкка етказиш ташвишида.
– Меҳмонхонадан жой бермайди-ку! Мактабга жойлашдик. Норма – 50 кило. Килосига 150 сўмдан тўлашаркан. Биринчи кунда амалладик. Биринчи терим барибир биринчи терим-да. Лекин қолган кунлар нормани бажара олармиканмиз ҳозир бир нарса дейишим қийин,– дейди катта даргоҳнинг кичик илмий ходими.
Пахта кампанияси ташкилотчиларига кўра, мамлакатнинг маърифий элитаси кўпга келган тўй – зарбдор ҳашардан четда қолиши адолатдан эмас.