O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон фуқаролари дам олиш кунларида ишлашга мажбур ва бир кунлик иш ҳақларидан маҳрум этилмоқда

Ўзбекистон фуқаролари дам олиш кунларида ишлашга мажбур ва бир кунлик иш ҳақларидан маҳрум этилмоқда
19 views
20 August 2013 - 10:21

Ҳар галгидек Ўзбекистонда Мустақиллик арафасидан олдин яна ҳашар.  Ўзбекистонда 24-25 август кунларида Умумҳалқ Ҳашар куни деб эълон қилинди, дея хабар беради “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги (http://uzbek.fergananews.com/news.php?id=9639).

Ҳашарда Тошкент шаҳар ҳокимлиги,  барча турдаги корхона-ташкилотлар,  маҳалла қўмитаси, ўқув ва бошқа турдаги муссасалар Мустақиллик олдидан  шаҳар кўчаларини,  болалар майдончаларини,  ариқларни,  аҳоли яшайдиган барча жойларни тозалаш ҳақида буйруқ олган.  Куннинг иссиқлигига қарамасдан  Шаҳар ҳокимлиги кўчаларга,  ташландиқ ерларга мевали ва бошқа турдаги манзарали кўчатларни экишга  буйруқ берган.

Бу ҳам етмагандек,  барча корхона,  ташкилот ва ўқув муассаса ходимларидан Ўзбекистонда кам таъминланган фуқароларнинг оилалари ва қаровсиз қарияларга ёрдам кўрсатиш,  спорт ва болалар майдончаларини ободонлаштириш учун,  ходимларнинг бир кунлик иш ҳақларини тўлиғича Махалла жамғармасига ўтказиш буюрилган.

Табиийки бундай қарордан кўпчилик норози,  “Мен дам олиш кунимда ўқув йилидан олдин болаларимни ва оиламни қишлоққа қариндошимникига олиб бормоқчи эдим,  афсуски чучварани хом санаган эканман.  Энди дам олиш кунимда кўча супиришга мажбурман”, дейди ҳокимлик ходимларидан бири.

ЎХҲ хабар маркази