O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон халқи диктаторликдан қандай қутулади …?

Ўзбекистон халқи диктаторликдан қандай қутулади …?
169 views
04 May 2012 - 10:00

Жорий йилнинг 23-апрелида Истанбулда ЎХҲ Туркия бўлими ва Туркияда яшашга мажбур қолаётган ўзбекисонликларнинг “Ўзбеклар бирлиги” номидаги жамияти биргаликда “Ўзбекистон халқи диктаторликдан қандай қутулади?”

шиори остида “Эркин Ўзбекистон халқаро конференцияси”ни ўтказди. Бу ҳақда Туркия мабуот воситалари ва “Озодлик” ҳамда ББС радиолари ўзбек бўлимларининг кунлик дастурларида хабар тарқатилди.

Биз мазкур мақолада ўша анжуман ҳақида бир мунча тўлароқ маълумотлар беришни ният қилдик. Конференция, Истанбул шаҳарида жойлашган ва шаҳар ҳокимиятига қарашли Али Амири Қурултойлар Марказий Саройида ўтказилди. Конференцияга таклиф қилинганлардан 170 киши унда қатнашишни лозим топишди. Уларнинг кўп қисми Туркиялилар бўлиб, Ўзбекистонликлар, Шарқий Туркистонликлар ва турли хил сабаблар билан Туркияга келиб қолган янги ва эски Марказий Осиё (Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон)лилардан ҳам вакиллар бор эди. Конференция бир кун давом қилди.

Конференциянинг дастури.

Конференцияда нутқ сўзловчилар:

Туркиядан ташқаридан келганлар:

1.Крейг Мюрей* (Британия), “Самарқандаги қотиллик” китобининг муаллифи, Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси,

2. Муҳаммад Солиҳ* (Норвегия), Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва Ўзбекистон “Эрк” партиясининг раиси,

3. Намоз Нормўмин (Норвегия), Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар мажлиси аъзоси.

4. Алибой Йўляхши (Норвегия), Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Туркия бўлими бошлиғи,

Туркиядан иштирокчилар:

1. Буланд Йилдирим, ИҲҲ раҳбари,

2. Аҳмад Фаруҳ Унсал, Туркия “Мазлумдор“ инсон ҳақлари жамияти раҳбари,

3. Навзат Тархон, Адолатни ҳимоя қилганлар жамияти раҳбари,

4. Ридвон Қоя, “Ўзгурдор – Озодлик“ жамиятининг Бош раҳбари,

5. Мурод Ўзар, “Имкондор“ жамиятининг Бош раҳбари,

6. Аднан Тангриберди, АССАМ Бош раҳбари,

7. Абдураҳмон Дилипок, ёзувчи, журналист,

8. Мустафо Ўзжон*, ёзувчи, журналист,

9. Нураддин Йилдиз, ёзувчи, Ижтимоий тўқиш жамиятидан,

10. Нажоти Жайлон*, Халқаро ҳуқуқчилар бирлиги жамиятининг Бош котиби,

11. А.Жиҳон Ишбилир*, ИДСБ бош коодинатори

12. Буҳон Каунчи, ёзувчи,

13. Воҳид Гунеш, Туркуаз ширкатлар гуруҳининг Раҳбари,
14. Ҳидоят Ўғузхон, Шарқий Туркистон маориф жамиятининг Бош раҳбари,
15. Ҳамза Оқбулут*, ТГТВ Раҳбари,

16. Маҳмуд Кор, тадқиқотчи ёзувчи,

17. Фаруҳ Гунинди, “Саде Ҳаёт” жамияти раиси.

* билан кўрсатилган кишилар узрли сабаблар билан конференцияда қатнаша олмадилар.

Конференция мажлисини “Ўзбеклар бирлиги“ жамияти раисининг ўринбосари Одам Чевик бошқарди. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Туркия бўлимининг раиси А Йўляхши кириш сўзи сўзлаб, Конференцияни очди ва конференция қатнашчиларига ташриф буюрганлари учун миннатдорчилик билдирди ва конференцидан кўзда тутилган мақсадларни қисқача баён қилди. А.Йўляхши, Ўзбекистонни Туркия халқ оммасига ва Туркия оммавий ахборот воситалари ёрдамида дунёга танитиш, конференциянинг асосий мақсадларидан бири эканлигини алоҳида уқтирди. Ўзбекистоннинг диктаторлик режимидан қутулиши йўлида ЎХҲ олиб бораётган ҳаракатларида Туркия халқининг ва давлатининг қўллаб-қувватлаши муҳим сиёсий аҳамият касб этиши таъкидланди.

Иккинчи бўлиб сўз олган ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси

Н.Нормўмин, Ўзбекистондаги зулмнинг даҳшатлари ва Ҳаракатимизнинг жорий ва келажак мақсадлари ҳамда ўтказилаётган халқаро конференция кўзда тутган мақсадлар ҳақида бир мунча батафсил сўзлади. Ўзбекистоннинг диктаторлик режимидан қутулиши йўлида ЎХҲ олиб бораётган ҳаракатларида Туркия халқининг ва давлатининг қўллаб-қувватлаши муҳим сиёсий аҳамият касб этиши таъкидланди.

Хуллас, мажлиснинг дастурида кўрсатилган кишилар навбат билан сўз олишиб, Ўзбекистондаги диктаторлик режимига қарши туриш ва ундан қутулиш йўллари ҳақида ўзларининг фикр ва мулаҳозаларини билдиришга уринишдилар. Нутқ сўзлаганларнинг деярли барчаси, Ўзбекистондаги режим, у ердаги зулм, масалан, Тунис, Ливия ва Мисрда бироз муддат муқаддам мавжуд бўлган зулмдан, бугун Суриядаги режимдан эса, яъни Асад зулмидан ҳеч ҳам фарқ қилмаслигини таъкидлаб ўтдилар ва Каримов каби золимлар режимининг умри тугаётгани ҳақида алоҳида фикр билдирдилар. Халқаро прогрессив жамоатчиликнинг бутун Туркистондаги, айниқса Ўзбекистондаги зулмга эътиборсиз қолмасликларини алоҳида уқтирдилар.

Ўзбекистонда тижорий ва бошқа маданий-маърифий иш юритган ва оқибатда мол-мулки мусодара қилиниб, ўзлари қамоққа ташланган ва ноҳақ жазоланган, охир-оқибат, Ўзбекистондан чиқариб юборилган Туркиялик тадбиркорлардан уч киши қатнашди. Улар мажлисда сўз олиб, ўзларига нисбатан қўлланилган жазо, қийноқлар, ҳақсизликлар, қонунсизликлар, ҳуқуқсизликлар ҳақида ачиниб сўзлашдилар. Уларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда оддий инсонлар озодлик дейилган тушунчага ҳам эга эмаслар. Ўзларини мансабдор, давлатнинг бирор масъул кишилари деб ҳисобланганлар эса, ўғри, босқинчи мантиғида ишлайдилар. Ўзбекистонда милиция ҳам, аскар ҳам безорилар мантиғига кўра ҳаракат қилади. Туркияликлар булардан ташқари яна кўпгина зулм, таъқиқ турлари ҳақида сўзладиларки, уларни тинглаб, беихтиёр наҳоятки шу айтилганларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳаётда бўлса, деб юборади, киши.

Конференцияда сўзга чиқишган қардошларнинг барчаси Ўзбекистон, у ердаги золим режим-диктаторлик ва ундан қутилиш йўллари ҳақида муҳим фикр-мулоҳазалар билдиришди. Туркияда ва дунёда таниқли, Туркия қуролли кучларидан нафақадаги генарал АССАМ Бош раҳбари Аднан Тангриберди ва Туркиялик таниқли замонавий журналист, ёзувчи Абдураҳмон Дилипок, ёзувчи Бўрхон Коунчуларнинг нутқларини алоҳида кўрсатишни лозим ҳисоблайман.

Конференцияда Ўзбекистонда диктаторлик режими ва бугунги дунёнинг ҳеч бир ерида (ҳатто Хитойда ҳам) учрамайдиган зулм мавжудлиги, бу зулмга қарши курашда жаҳон прогрессив жамоатчилигининг эътибори ва ҳамкорлиги лозимлиги ҳақида таъкидланди.

Шу сабабдан Туркия жамоатчилиги кенг доирада қатнаша оладиган “Озод Ўзбекистонга ёрдамлашиш гуруҳи“  тузиш мақсадга мувофиқлигини Конференция қатнашчилар қўллаб-қувватлаб чиқишди ва ўшандай гуруҳ тузилганлиги эълон қилинди.

Конференция, ўз ишининг хулосаси сифатида икки ҳужжат қабул қилди:

1. Озод Ўзбекистон халқаро конференциясининг Декларацияси қабул қилинсин,

2. Озод Ўзбекистонга ёрдамлашиш гуруҳи тузилди деб ҳисоблансин.

Ёрдамлашиш гуруҳининг биринчи кенгайтирилган мажлиси 05.05 .2012, шанба куни ўтказилсин деб белгиланди.

Озод Ўзбекистон халқаро конференциясининг Декларацияси

 Ўзбекистонда инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоячилари, диктаторлик режимининг мухолифлари ва Ислом динига эътиқод қилувчи оддий мусулмонлар давомли равишда системали оғир жазоларга маҳкум этилиб, режим тарафидан инсон эркига қарши жиноят содир этилмоқда.

Масалан, 2011 йил 24-сентябрида Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг таъсисчиларидан бири, Ҳаракатнинг Россия бўлими раиси Фиат Шокирўғли Рустамхўжаев уйининг олди отиб кетилди. Озод Ўзбекистон халқаро конференциясида қатнашиши режалаштирилган Обидхон Собитхоний Назаровга ҳам бундан бир неча ой муқаддам Швецияда яшаб турган уйнинг олдида суиқасд содир қилинди ва у оғир яраланди. Ҳали ҳам ярадорнинг аҳволи оғир.

Ўзбекистондаги золим режим, ёзувчиларни, журналистларни ва ўзига мухолиф партияларнинг аъзоларини қатл этишда давом қилмоқда. Омма тарафидан иззат-ҳурматга сазовор бўлган кишиларга қарши суиқасдлар ҳам давом қилиб турибди.

Шу кунларда Ўзбекистонда 5 миллион ёш болалар пахта қулларига айлантирилган бўлса, 5 миллион ишларсизлар ҳам мавжуддир.

Қамоқхоналарда 20 минг сиёсий маҳбуслар сақланмоқда ва мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлганларнинг сони ҳам 5 миллиондир.

2005 йили Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати Андижонда 3000 кишини қириб ташлади. Каримов бошлиқ тўданинг шу ва шу каби жиноятлари инсонликка қарши содир этилган жиноятлардир. Бу жиноятлар учун Каримов бошлиқ тўда тергов қилиниши ва  маҳкамага тортилиши лозим. Қисқаси, Каримов бугун Ўзбекистонни усти очиқ қамоқхонага айлантиргани исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Оқибатда Ўзбекистон Олий Кенгаши, бутун маҳкама системаси билан биргаликда мамлакатдаги 27 миллион аҳоли асоратда яшашга мажбур қолмоқдадир. Юзларча тадбиркорлар, айниқса Туркиядан Ўзбекистон иқтисодига пул ётқизган кўплаб кишиларнинг молу мулки мусодара қилиниб, ўзлари қамоқхонага ташланганлигининг гувоҳлари бўлиб турибмиз.

Умумжаҳон ва халқаро ҳуқуқга кўра, инсоннинг яшашга ҳақининг, инсон ҳақи, ҳуқуқи ва ҳурриятининг поймол қилиниши, инсониятга қарши содир этилган бир жиноятдир. Ўзбекистонда эса, бу жиноят Каримов бошлиқ тўда тарафидан амалга оширилмоқдадир.

Ўзбекистоннинг асосий Қонунига кўра, мамлакат президентлигига бир шахс, ҳар бири муддати беш йилдан икки мартадан кўп сайлана олмайди. Бироқ Каримов турли хил баҳоналар билан мамлакатнинг Асосий Қонунини бузиб, 23 йилдан буён Президентлик мансабини ўз қўлида сақлаб колмоқда.

Бу жиноятларнинг ва инсон ҳақу ҳуқуқларининг бузилиши давом этмаслиги ҳамда диктаторлиикдан тезроқ қутилиш мақсадида, халқаро қонунларга уйғун қарши курашнинг барча тури олиб борилиши зарур. Масалан, Қаззофий, Бинали, Муборак ва Асадларнинг зулмга асосланган сиёсатлари оқибатда мамлакатларида жуда кўп қон оқишларига олиб келганидек, Каримов ҳам ўшалар сингари мамлакатини зулм машинаси востасида бошқармоқдадир. Бугун Ўзбекистонда арзимаган ҳақ талаби билан катта қон тўкилиши бошланиб кетиш хавфи сақланиб турибди. Бундай аянчли ҳол содир бўлиб қолмаслиги учун золим Каримов истеъфога кетиши лозим; мамлакатда эса эркин бир вазиятда халқаро жамоатчиликнинг назароти остида очиқ демократик сайловлар ўтказилиши ва бу сайловларда Каримов қатнашмаслиги шарт.

Қамоқхоналардаги барча сиёсий маҳбуслар ҳеч бир шартсиз озод этилсин. Давлат террори натижасида ўлдирилганларнинг оилаларига тавон тўлансин ва қонунсиз босқинчиларча молу мулки мусодара қилинганларга мулклари тўласинча қайтариб берилсин.

Шунингдек, молу мулку тортиб олинган Туркиялик ва бошқа мамлакатлар тадбиркорларининг бойликлари зудлик билан соҳибларига қайтарилсин. Диктатор Каримов вазифасидан четлаштирлганича тадбиркорларнинг Ўзбекистонда иш фаолиятлари учун шарт ва шароитлар яратилсин ва уларнинг хавфсизлиги гарантияга олинсин.

Эркин Ўзбекистон Кенгаши қурулиши ва унинг дунёда танилиши учун Туркия Буюк Миллиат Мажлисига (ТБММ), БМТ, ИИТ мурожаатлар қилиниши лозим. “Эркин Ўзбекистонга ёрдамлашма гуруҳи“, ТИММ ва Туркия халқининг Ўзбекистонда ҳақиқий эрк ва эркинлик ўрнатилишига дастак берилишини ташкил қилишни бугуннинг энг долзарб вазифаларидан бири деб ҳисобласин.

Ўзбекистонда, айниқса унинг Фарғона водийси шаҳарлари, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарларида бўлган қамоқхоналарда ва пахта далаларидаги меҳнат шароитларини ўрганиш ва тадқиқ қилишни ташкил қилиб, бу тадқиқотнинг натижаси кўринишида бир ҳисобот тайёрланиши лозим. Бундай ҳисоботни дунё жамоатчилигига танитиш бўйича жиддий ишлар амалга оширилиши зарур.

Диктатура зулмидан қочиб Туркияга келишаётган ўзбекистонликларнинг сони кундан кунга кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, уларнинг Туркияга кириш визаси ва ўтирма иқомати масалаларини Туркия ҳукумати қулайлаштиришини сўраймиз. Конференция қатнашчилари Туркия ҳукуматидан бу масалани халқаро қонунлар даражасида ҳал этишларини сўрайди.

Қумқопи каби қочқинлар сақланадиган лагерлардаги Ўзбекистонли муҳожирларнинг ва бошқа мамлакатлардан келишган ўзбек қочқинларининг Туркияга қабул қилиниши ҳақида мурожаатлари иноятга олиниб, уларнинг золимлар ҳукми остида қолаётган мамлакатларига қайтариб юборилмаслиги таъминлашиши лозимдир.

 Имзолар:

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати,

“Ўзбеклар бирлиги“ жамияти,

Эркин Ўзбекистонга ҳамкорлик гуруҳи,

ИҲҲ,

Мазлумдор жамияти,

Ўзгурдор,

Имкондор,

Асдар,

Шарқий Туркистон маориф жамияти,

ИДСБ, ТГТВ,

“Саде Ҳаёт”,

А.Дилипок,

Туркуаз Гуруҳи,

Федератив Гуруҳ.

Ўзбекистон диктатори ва ваҳимали бир қаршилик(тасдиқ).

Ўтган кун ҳамма, “бугун 23 Нисон*, шодликка тўлар инсон“, дейишиб турганида мен  кишининг ичини ғаш этадиган, ранжитадиган, ҳатто ғамгин этадиган сўзлар сўзланган бир конференцияда қатнашишмга тўғри келди. Мавзу Ўзбекистон … Нутқларнинг қисқача мазмунлари мана шундай эди: Ўзбекистонда шундай бир диктатор ҳукм сурмоқдаки, инсоният тарихи давоми келиб – кетишган барча золимларнинг зулм усул(метод)ларини бир жойга тўплаган шаклда тадбиқ этмоқда. Бу зулмнинг диққатни жалб этадиган ери шундаки, бу золим ўз зулм усулини  ўзларини буюк давлат ва адолатпарвар ҳисоблашган АҚШ, Россия, Англия, Хитой ва бошқа империалистик ўлкалар ҳукуматлари кўз олдида амалга оширмоқда. Ҳатто бундай зилм уларнинг қўллаб-қувватлашлари ҳисобига давом этмоқдадир. Ўзбекистонда ҳуқуқ, адолатли тергов ва маҳкама мутлақо йўқ. Ҳақу ҳуқуқ ва эрк-эркинликлар йўқ. Бу мамлакатнинг полиси, аскари безорилар мантиғи билан ишлайди, ҳаракат қилади. Масалан, полис хоҳишига кўра, кўчада учратган исталган бир қизни олиб кетиб зўрлаш ҳуқуқига эгадир. Шунинг учун зинпоялар остида қизликларини йўқотиш жойлари кенг тормоқ отгандир. Пора бермасдан кичик бир иш қилиш, ҳатто оддий бир шаклда яшамоқниг имкони йўқотилгандир. У ерда исканжа ва азобларнинг исталган: таёқ, электрик шок, устидан қайноқ сув тўкиб ўлдириш, кишининг танасини бўлаклаб ташлаш, оёғидан шипга бир неча соатлар давомида илиб қўйиш каби хиллари  мавжуд. Қамоқхона камераларининг баландлиги бир метр ўттиз сантметрдан ошмайди. Ўандай камераларда ойлаб ва ҳатто йиллаб ўтиришга мажбур қилинганлар бор. Биздаги 12 сентябрдан кейин Диярбакирдаги қамоқхоналар қандай бўлган бўлсалар, Ўзбекистондаги барча қамоқхоналар ўшандай аҳволдадир. Борди-ю бирор киши ислом нуқтаи назари ҳисобидан (ҳатто бу назар тўла уйдурма бўлса ҳам) қамоққа ташланган бўлса, унинг у ердан қайта чиқиши мутлақо мумкин эмас.  Ҳимоя қилиниш ҳақи берилмасдан истаганларича жазога маҳкум қилинган бечоранинг жазо муддати тугаётган бўлса, у ўлдирилиб, соғлиги сабабидан ўлди этиб қайд қилишадилар. Кишилар, жиноят содир этганлари ҳақида ҳеч қандай далил бўлмасиндан ҳам  қамоққа ташланиши мумкин ва оилаларидан ундирилган поралар ҳисобига маҳкамасиз қамоқдан чиқариб юбориладилар. Ёзувчилар, журналистлар, мухолиф партия аъзолари системали равишда қатл этилмоқдалар. Ўзбек халқ оммаси орасида иззат-ҳурматга сазовор бўлган кишилар суиқасдлар оқибатида қурбон бўлмоқдалар.