O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон Халқ Харакатининг билдириши

Ўзбекистондаги диктатура режимининг сўнгги харакатлари унинг жон талвасасида эканлигини, бизнинг эса тўғри йўлда эканлигимизни кўрсатмокда.

Ўзбекистон Халқ Харакатининг билдириши
301 views
02 August 2011 - 6:03

Сўнгги пайтларда интернет тармоқларида Андижон воқеаларида жабр кўрганлар ҳақида бир қанча саҳифалар пайдо бўлди. Бу саҳифаларда Андижон воқеалари – террористик харакат, норозилик митинги иштирокчилари эса – “Акромий” диний-экстремистик оқими аъзолари деб талқин қилинган.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Халқ Харакати маълум қилади:

Интернет тармоқларида пайдо бўлган бу саҳифалар, мажҳул “Акромий” диний-экстремистик оқими аъзоларига эмас, балки “Ўзбекистон халқ харакати”га қарши қаратилган ахборот хуружидир.

Ўзбек махсус хизматларининг бу хуружлари биз тарафдан кутилган воқеа эди. Демак, янгидан уюшган ўзбек мухолифатининг тажовузкор режимга қарши бошланган курашининг илк босқичи режалаштирилган хадафга етиб борди ва навбатдаги қадамимиз янада шахдам бўлажак.

Ўзбек махсус хизмати “классик” услубда иш олиб бормоқда. Мухолифатни турли туҳмат ва бўҳтонлар билан айблаб, халқ олдида қадрини тушириш учун дезинформацияни олд планга чикармокда. Аммо улар замон ва инсон ўзгарганини, Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти давлат ахборот воситаларига ишончини йўқотганини унутмокдалар. Газета ва телевидение орқали берилаётган маълумотлар аҳоли учун нафақат зерикарли комедияга, балки нафрат уйғотувчи воситага айланиб бўлган.
Лекин режим малайларининг буни англашларига ақллари торлик қилаяпти.

Андижон воқеалари иштирокчиларига келсак, улар диний экстремистлар эмас, балки андижонлик Акрамжон Йўлдошев етакчилигидаги бир фуқаровий харакат аъзоларидир. Бу инсонларнинг фаолияти халққа хизмат қилишдан бошқа нарса бўлмаган.

Ўзбекистондаги диктатура режимининг сўнгги харакатлари унинг жон талвасасида эканлигини, бизнинг эса тўғри йўлда эканлигимизни кўрсатмокда.
Битсин диктатура! Яшасин ҳур ва озод Ўзбекистон!

Ўзбекистон Халқ Харакати