(Қўғирчоқлар сайлови ҳақида)
Худди 20 йил давомида бўлгани каби Ўзбекистонда 21 декабрга белгиланган “парламент сайловлари безбетларча қилинаётган навбатдаги кўзбўямачиликдир.
Ташқаридан қараганда, сайлов бор. Аммо бу қўғирчоқларнинг сайлови.
Ташқаридан қараганда, рақиб бор, аммо “рақиблар” қўғирчоқ рақиблардир.
Ҳатто мусобақа ҳам борга ўхшайди, аммо бу мусобақа қўғирчоқларнинг мусобақасидир.
Саҳна орқасида қўғирчоқбоз диктатор бу қўғирчоқларнинг ипидан тортиб, истаган мақомига солади.
“Сайлов”да қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган партияларнинг ҳаммаси режим тарфидан тайинлаган қўғирчоқ партиялардир. Бу партияларнинг қайси бири ғалаба қозонса, бу ғалаба қаттол режимнинг ғалабаси бўлади. Қаттол режимнинг ғалабаси эса ўзбек халқининг мағлубиятидир.
Режим қаттолдир, чунки И.Каримов ҳокимиятга келгандан бери ўтган 25 йилу 6 ой ичида турли йўллар билан ўлдирилган инсонлар сони ўрта миқёсдаги бир урушда йўқ қилинган одам сонидан кам эмас. Энг сўнгги қатлиом Андижонда намойиш этилди ва бу яра ҳали ҳам халқимизнинг қалбида битмади ва ҳаливери битмаяжак!
Ғарб давлатлари И.Каримов режимининг бутун жиноятларидан воқифдир, аммо на ўтмишда, на бугун бу давлатлар Каримов режимига қарши ўз қадриятларидан келиб чиққан ҳолда овоз чиқармадилар. Бугун ҳам Ғарб қўғирчоқлар сайловига “чекланган кузатувчи контингенти” юборишга қарор қилиб, Ўзбек халқининг душмани бўлмиш диктатура режимини қўллаганини кўрсатди.
Ўзбек халқи 25 йил ва 6 ой давомида фавқулодда ҳолатда яшамокда. Бу муддат ичида халқнинг моддий ва манавий ва заҳиралари ҳалокатли равишда эриб, тамом бўлиш арафасида. Жамиятда йўқсиллик, жаҳолат ва энг ёмони – умидсизлик ҳоким. Бу ҳолатдаги халқ на эркин сайлов, на-да ҳурриятни уйлайди.
Аҳолининг аксарий қисми оч қорнини тўйдириш ва ночор оиласини боқиш билан банд.
Бу йулда одамлар ҳар қандай йўлга, ҳатто жиноятга ҳам қўл уришга тайёр ҳолга келдилар.
25.5 йиллик тажриба шуни кўрсатдики, И.Каримов режимини сайлов йўли билан ўзгартириш имконсиздир. Чунки И.Каримов ҳеч қачон сайлов ўтказишга йўл қўймайди.
И.Каримов режимини фақат халк исёни – инқилоб йўли билан ўзгартириш мумкин.
Уни Ғарбга шикоят қилиб ўзгартириб бўлмайди. Уни илтимослар, мурожаатлар, баёнотлар билан эмас, фақат куч билан Ўзбекнинг елкасидан тушириш мумкин.
25.5 йил давомида Ғарб демократиясига инониб, вақт йўқотганимизни – нақадар аччиқ бўлмасин – тан олиш пайти келди.
25.5 йил давомида демократия ҳақида ўқиган бутун маърузаларимиз сафсата эканлигини фожиали бир шаклда англамоқдамиз. Чунки йўқ нарса ҳақида гапириш сафсатадир.
И.Каримов режимининг мухолифи бўлган бутун гуруҳлар бу ҳақиқатни – нақадар аччиқ бўлмасин – тан олишлари керак.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бу қўғирчоқлар “сайлови” муносабати билан Ўзбекистон аҳолисини фақат бир нарсага даъват қилади: сайлов бойкотига,
Бошқа бутун ҳаркатларнинг бефойда эканини 25 йиллик тажрибамиз бизга ўргатди: на сайлов участкаларига бориб овоз бериш жараёнини тафтиш қилиш, на-да сохталаштириш ишларини фош қилиш, на-да чет эллик “кузатувчилар”га шикоят қилиш – ҳеч бири натижа бермайди.
Чунки минг тафтиш қилинг, минг шикоят – режим барибир тўлдирилган бюллетенларни қутига ташлаб, ўз планидаги қўғирчоқ “парламентни” “сайлайди”.
Биз қаттол режимнинг бу ўйинига дастак бўлмайлик, ҳурматли ҳуррият тарафдорлари!
Ҳар бир киши аввал ўз оиласида кейин иш жойида одамларни сайловга бормасликка тарғиб этсин.
Шундайки, белгиланган кун бу сохта “сайлов” участкалари қабристон жимлигига кўмилсин!
Ниҳоят, Ўзбек халқи тамсилчисиман деб майдонга чиққан мухолиф фикрли гуруҳлар ҳуррият йулидаги 25.5 йиллик кураш услубини ўзгартириб, янги стратегия буйича иш бошламас экан, ҳуррият ҳаёл бўлиб қолаверади.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бу янги йўл харитасини чизиб, ортиқча шов-шувсиз, имконлари чегарасида одим отмокда.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бу озодлик йўлида бутун халқпарвар инсонларни ўз сафларига чақиради.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати