(Ислоҳотлар ва давлат тизимлари орасида мувозанат таъминланмас экан, бу ишдан муваффақият кутманг)
2017 йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) лидери Муҳаммад Солиҳ Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга нисбатан ижобий муносабатини баён қилганди.
Бу кунни ҳеч муболағасиз, тарихи кун дейиш мумкин эди. Чунки Ўзбек мухолифати пайдо бўлган кундан (30 апрел 1989 йил) бошлаб, коммунистлар, кейин собиқ коммунистларнинг ҳеч бир сиёсий акциясига ижобий реакция кўрсатмаган эди.
Энди эса шу 23 мартдан бошлаб мамлакатда олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар борасидаги хабарлар узлуксиз равишда ЎХҲ расмий веб-саҳифасида ёритиб борилди. Шу билан бирга Ш.Мирзиёев томонидан жамиятни эркинлаштиришга йўналтирилган ташаббусларга ғов бўлаётган кучларнинг фаолияти ҳам синчковлик билан кузатиб борилди. Кузатиб борилдигина эмас, Президент танқид қилишдан “истиҳола” қилган “баъзи” куч тизимлари айнан шу ғовларнинг энг каттаси экани фош қилиб борилди.
2017 йилнинг 22 декабрь куни Президент Ш.Мирзиёев ҳам Парламентга қилган Мурожаатида баъзи собиқ мулозимларнинг “хойин”лиги ҳақида сўз юритиб юқорида тилга олинган кучларни “баъзи тўдалар” сифатида эътироф этди.
Президент тилга олган “хойин тўдалар”нинг олдинги сафдаги баъзи вакиллари бугун ўз қилмишларига яраша жазо олаётган бўлишига қарамасдан, уларнинг илдизлари жамиятимизнинг барча соҳалари бўйлаб ёйилганини кўрмоқдамиз.
Ҳеч кимга сир эмас, гап бу ерда ўтган 25 йил мобайнида ўзбек халқини қўрқув остида ушлаб келган Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳақида бормоқда.
Президент Ш.Мирзиёев ўзининг мурожаатида МХХ ваколатларининг асоссиз равишда кенгайиб кетгани ва ушбу идора фаолиятини тартибга солиш тўғрисида қонун ишлаб чиқилиши лозимлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг бу ташаббуси демократик мухолифат ўлароқ ЎХҲ вакилларида ҳам мамлакатдаги ислоҳотларга нисбатан умид уйғотди.
Айниқса, 2018 йилнинг октябрь ойигача бўлган муддатда “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасига киритилганлиги Президент Ш.Мирзиёев ташаббусларининг самимийлигига ишончимизни орттирди.
Президент эълон қилган ислоҳотларнинг халқимиз фаровонлигини мустаҳкамлаш ва инсон қадр-қимматини юксалтиришга йўналтирилганлиги бизни қувонтирган бўлса, бу ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган куч ишлатар тизимлардаги баъзи гуруҳлар томонидан ўзларининг эски таъсир доираларини ва чексиз ваколатларини сақлаб қолиш йўлидаги ғаразли амалиётлари бизни шунчалик ташвишга солмоқда.
Ўзбекистон ҳаётидаги сўнги 25 йил таҳлил қилинганида МХХ ваколатларининг тобора кенгайиб, давлатнинг олий бошқарув органлари бўлган Олий Мажлис, Вазирликлар ва Суд ҳокимиятидан тортиб, маҳаллий ҳокимият идораларигача унинг таъсир доирасига кирганини кузатиш мумкин.
Шу боис, “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш билан бирга бу ташкилотнинг бутунлай тугатилиб, янгидан тузилиши ва унинг таркибига миллатимизга садоқат билан хизмат қиладиган ҳалол ва пок инсонларнинг ишга олиниши ўта муҳим деб ҳисоблаймиз.
МХХ ташкилотини бутунлай янгидан тузишга бўлган эҳтиёжни асослайдиган бир қанча омил мавжуд.
Мустақиллик йилларидаги фаолияти давомида бу ташкилот ўзининг асосий вазифалари четда қолиб, номига доғ туширадиган жирканч фаолиятлар билан шуғулланиб келди.
МХХ ўзига берилган ваколатларни суистеъмол қилиб, мамлакат иқтисодиётининг барча тармоқларини назоратга олди, монополияга асосланган ноқонуний даромад манбаларини яратди, суд-ҳуқуқ соҳасига асоссиз аралашиб, кўплаб бегуноҳ инсонларнинг сохта айбловлар билан қамоққа ташланиши ва кўплаб зиёлиларнинг таъқиблардан безиб мамлакатни тарк этишларига олиб келди.
Бугун мамлакатдаги барча соҳаларда бевосита МХХ назоратининг ўрнатилганини кузатиш мумкин.
Турли касблар ниқоби ортида фаолият олиб бораётган МХХ ходимлари орасида врач ва ўқитувчилардан тортиб тадбиркоргача, санъаткор хонандалардан тортиб, президентликка номзод бўлган партия раҳбарларигача бўлган шахслар бор. Қуйидаги рўйхатда келтирилган баъзи МХХ ходимларининг исмларидан кўп нарса аён бўлади:МХХ фаолиятини кузатар эканмиз, масаланинг энг ҳавотирли жиҳати ушбу ташкилот вакилларининг ўз ваколатларини суистеъмол қилган ҳолда турли соҳаларда назоратни ўз қўлларига олиш билан бир қаторда жуда катта жиноий тармоқларга асос солганликларидир.
Қўлимизда тўпланган маълумотлар асосида бугунги кунда МХХ идорасининг мутлақо яроқсиз аҳволга келиб қолганлигини, ташкилот вакилларининг йиллар мобайнида ўз вазифаларини бажармасдан турли хил жиноий фаолиятлар билан шуғулланиб келганликлари ва энг ёмони миллат хавфсизлигини таъминлаш каби муқаддас бурч четда қолиб бор кучини биргина шахс ва у яратган режим хавфсизлигини таъминлашга сарфлаганликларига гувоҳ бўламиз.
Қўлга киритилган далиллар ва тизимнинг собиқ вакиллари томонидан берилган маълумотлар асосида МХХ фаолиятининг қонунийлигини шубҳа остига оладиган баъзи ҳолатларни мисол келтириш мумкин:
1. 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон МХХ тизимига бошқа давлат фуқароларининг расмий равишда ишга олинганликлари билан боғлиқ кўплаб фактлар бор. Бу шахсларнинг (асосан Тожикистон фуқаролари) МХХ тизимидаги энг нозик бўғин бўлган ташқи разведка соҳасига жалб қилиниши эса миллатга қилинган хиёнатдир.
2. Йиллар давомида МХХ юқори лавозимли мулозимларидан баъзилари бевосита гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига аралашиб, бунинг ортидан жуда катта бойлик орттиришгани ҳам сир эмас.
3. Ўзбек халқининг миллий бойлиги сифатида эътироф этилган пахта хом ашёсининг МХХ томонидан xорижий давлатларга жуда катта миқдордаги ноқонуний экспорти ҳақида маълумотлар мавжуд. Бу ишлар МХХ раҳбариятининг бевосита назорати остида амалга оширилган. Зеро генерал-майор Ҳошимов Абдулла Шукуруллаевич билан боғлиқ воқеани МХХ раҳбарияти жуда яхши билади.
4. МХХ ходимлари томонидан катта миқдордаги ҳарбий ускуналар, танк аккумуляторлари ва зирхли транспорт воситаларининг ноқонуний равишда қўшни давлатларга сотиб юборилганига доир ҳам фактлар етарлидир.
5. МХХ фаолияти давомидаги энг катта жиноят эса шубҳасиз минглаб бегуноҳ инсонлар, ўзгача фикрловчилар ва мухолифат вакилларига нисбатан жиноятларни сохталаштиришдир. Йиллар давомида ушбу қабиҳ ишни амалга ошириш мақсадида МХХ ва жиноят олами вакиллари ҳамда фоҳишалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. МХХ И.В. Сталин давридаги 37-йил қатағонларидан колишмайдиган тарзда жамиятнинг илғор қатламига нисбатан “ватан хойини” каби тамғани ёпиштириб Жиноят Кодексининг 159- ва 244-моддаларини оммавий тарзда қўллашга ўтди.
Биз ўтган чорак аср мобайнида МХХ томонидан Ўзбекистон халқига қарши олиб борилган ғайриқонуний ҳаракатлардан баъзи бирлари ҳақида умумий тарзда маълумот бердик.
Санаб ўтилган ҳар бир ҳолатга таaллуқли кўплаб маълумот ва далиллар қўлимизда мавжуд.
Шунингдек, И.Каримов яратган адолатсиз режимга сидқи-дилдан хизмат қилган 700 дан ортиқ МХХ ходимининг фаолиятига доир маълумотларга ҳам эгамиз.
Президент Ш.Мирзиёев “МХХ ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетгани” ҳақида гапираркан, аҳволнинг ўта жиддий эканини ичдан ҳис қилиб турганига шубҳамиз йўқ.
Шунинг учун ҳам Ш.Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар доирасида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасига киритилган бутун ташаббусларни қўллаб қувватлаган ҳолда, бу ташаббуслар давлат тизимларининг эски шакли ва эски кадрлар лашкари билан амалга ошмаслигини ҳам билиб турибмиз.
Бу мувозанатсизликни тузатиш учун бошланғич одим ўлароқ шу иккита таклифни билдиришни ўринли деб ҳисоблаймиз:
1. “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш асносида амалдаги фаолият юритаётган МХХ идорасини бутунлай тугатиш ва миллий манфаатларни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳақиқий маънода кафолатли ҳимоя қиладиган янги хавфсизлик ташкилоти тузиш;
2. Ўтган йиллар мобайнида МХХ томонидан Жиноят Кодексининг 159- ва 244-моддаларини оммавий тарзда қўллаш амалиёти яратилганлиги ва жиноят ишларининг сохталаштирилганлиги инобатга олиниб ушбу моддалар билан айблов эълон қилинган барча ишлар қайта кўриб чиқилиши лозим. Шунингдек, Давлат дастури лойиҳасида ўрин олган “Суд-тергов жараёнларининг шаффофлигини ошириш, тарафларнинг ўзаро тортишуви тамойилини мустаҳкамлаш, жиноят ишларини юритишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш” доирасида Жиноят Кодексининг 159-, 244- ва 221-моддаларининг ҳақиқий талқини ва жиноят ишида малакаланишига доир алоҳида йўриқнома ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Ўйлаймизки, бу таклифларнинг инобатга олиниши ва амалиётга тадбиқ қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг том маънода кафолатланишида ҳаётий муҳим аҳамият касб этади.
ЎХҲ таҳлил бўлими