O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Матбуот Билдириши

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Матбуот Билдириши
330 views
20 August 2012 - 12:21

Ўлаётган режим билан ҳамкорлик хавфлидир

Кейинги вақтда геополитик сабаблар туфайли, хусусан Афғонистон муаммоси сабаб бўлиб, АҚШ ва Оврупо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан қизиқиши ортганига ва бу қизиқишнинг баъзи амалий табдирлар билан якунланганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Жумладан, АҚШ Давлат Котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Роберт Блейкнинг минтақамизда, шу жумладан Ўзбекистонда олиб борган сиёсий музокаралари, шунингдек АҚШ фирмаларининг Каримов режими малайлари билан кўп миллиардлик иқтисодий шартномалари кун тартибига келди.

Ушбу муносабат билан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати дунё жамоатчилигининг эътиборини қуйидаги нуқталарга қаратишни лозим, деб ҳисоблайди:

1.Ўзбекистондаги Ислом Каримов диктатураси Ўрта Осиёдаги барқарорсизликнинг асосий манбаидир. Бу режимнинг мамлакатимизда ва минтақамизда олиб бораётган ғайриинсоний сиёсати кутилмаганда бутун минтақани портлаш нуқтасига олиб келиши, бу билан ғарб давлатларининг ҳозирги шароитда минтақамизда мажбурий равишда ва вақтинчалик манфаатларга асосланган бутун уринишларини йўққа чиқариши мумкин.

2.Бизнинг бу огоҳлантиришимиз Каримов режимининг агониясига асосланади. Чунки бу режим ўзини оёқда тутиши мумкин бўлган бутун ахлоқий, ижтимоий ва иқтисодий асосларни еб битирди. Кутилаётган нарса бу режимнинг бунга ўхшаш бошқа диктаторлик режимлари каби тўсатдан “ўлишидир”.

3.Ўрта Осиё минтақасининг келажаги Русия, Хитой ва ғарб давлатларининг бу ердаги манфаатларига яқин алоқадор бўлиш билан бирга, минтақа халқларининг тарихий ва миллий қадриятларига, шунингдек минтақада ҳуқуқий ва фуқаровий сиёсий тузумлар қурулишига эътибор қаратмасдан отиладиган одимлар бундай манфаатларга манфий таъсир қилиши ва ҳатто бундай манфаат эгаларининг бутун умидларини пучга чиқариши мумкин.

4.Ўз халқига золимано муносабатда бўлаётган диктатор Каримов режимига мажбуран бўлсада дўст бўлиб кўриниш бу режим йиқилгандан кейин ҳам ушбу таассуротнинг зеҳнларда узоқ вақт сақланиб қолишига, бу режимнинг ўрнига келадиган янги тараққийпарвар тузум вакиллари билан яқин келажакда сиёсий ва бошқа алоқаларни қайта қуришга манфий таъсир қилиши мумкин.

ЎХҲ мавжуд вазиятда минтақамизга алоқадор бутун сиёсий кучларни қисқа режалар билан эмас, инсон ҳуқуқларини асос оладиган умуминсоний қадриятларга ва тарафларнинг, шу жумладан минтақа халқлари ва давлатларининг манфаатларини қониқтирадиган ҳамкорликка асосланадиган, доимий истиқрорни таъминлайдиган сиёсий лойиҳаларни кун тартибига келтириш керак, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати
20 август, 2012 йил