Ўзбекистон БМТга Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласини қўллаб-қувватлаб мурожаатнома имзолади. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
“Яқинда БМТ Женева қароргоҳидаги 50 мамлакатнинг элчиси Хитойнинг Шинжон масаласидаги позициясини қўллаб-қувватлаб, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг (UNHRC) президенти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига қўшма мурожаат имзолади”, деди Хитой ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби 29 июлда.
Хитойнинг Шинжондаги уйғур ва бошқа миллий озчиликларга нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватлаган бу 50 давлатнинг ичида Ўзбекистон ҳам бор. Марказий Осиёдан Ўзбекистондан ташқари Хитойнинг позициясини Туркманистон ва Тожикистон қўллаб-қувватлаган.

“Хитойни қўллаб-қувватлаган 50 мамлакатнинг БМТдаги элчиси Хитойнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги салмоқли ютуқларга эришганини олқишлаган. Улар Хитойнинг контер-терроризм ва дерадикаллаштириш сиёсатини, хусусан, қайта тарбиялаш марказларининг фаолияти натижасида Шинжонга барқарорлик қайтганини ва охирги уч йилда битта ҳам теракт содир этилмаганини эътироф этишмоқда”, дейди Хитой ТИВ матбуот котиби Хуа Чунинг.
Аввалроқ июл бошида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги 22 давлат Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласи танқид қилинган мурожаатномани имзолаган. Уларнинг аксарияти Ғарб давлатлари эди, ичида ислом оламидан битта ҳам вакил бўлмаган.
Сўнгра,12 июлда Саудия Арабистони, Россия ва бошқа 35 давлат БМТга Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласини қўллаб-қувватлаб мурожаатнома имзолаган. Хитой ташқи ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, бу 35 давлатга шу кунлар яна 15 давлат қўшилибди.
Бирлашган миллатлар экспертлари ва инсон ҳақлари гуруҳларига кўра, бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмонлар маҳбусларга мўлжалланган жамлоқларда ушлаб турилибди.
Хитой уйғурларни терроризмга қарши кураш марказларида қайта тарбиялаётганини айтиб келади.
Манба: minbar.uz