O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон – Швеция: Чиркин хронология

Бу йирик тижорий алоқанинг ўрнатилиши Андижондаги 2005 йилги қатлиомдан қочиб қутулган ўзбекларнинг кўпчилиги айнан Швециядан бошпана олаётган пайтларга тўғри келади…

Ўзбекистон – Швеция: Чиркин хронология
147 views
21 September 2012 - 15:51

Хабарларга  кўра, 2007 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритаётган Швециянинг “TeliaSonera” алоқа ширкати лицензия олиш учун Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага 352 миллион доллар пора берганликда айбланмоқда.

Бу можарода дарров кўзга ташланадиган жиҳатлар унинг хронологияси билан боғлиқ: Швециянинг бу ширкати Ўзбекистонга 2007 йилда, Андижон қатлиомидан бор-йўғи 2 йилдан сўнг, хали Каримов режими дунё жамоатчилиги тарафидан қаттиқ қораланаётган ва бу қатлиом юзасидан Ўзбекистонга қарши турли халқаро бойкот ва санкциялар амал қилаётган (демак, тижорий алоқалар ҳам хуш кўрилмаётган) пайтда кириб келган.

Яна бир жиҳат шундаки, Швеция ва Ўзбекистон ўртасидаги бу йирик тижорий алоқанинг ўрнатилиши  Андижондаги ўша қатлиомдан қочиб қутулган ўзбекларнинг кўпчилиги айнан Швециядан бошпана олаётган пайтларга тўғри келади.

Энди бу хронологияга 2012 йилнинг февралида Швециянинг Стромсунд шаҳрида таниқли ўзбек уламоси Обидхон қорига суиқасд ўтказилиши ва суиқасд бўйича Швецияда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг қамоққа олиниши ва маҳкамага берилиши ва уларнинг суиқасдда иштироклари тўла исботланганига ва уларнинг тўғридан-тўғри Ўзбекистон махфий хизматлари топшириғини бажарганлиги борасида яққол далиллар бўлганига қарамай, шу йил июль ойида суд залидан “айби исботланмагани” туфайли озод этилишига оид воқеалар тиркалса, жуда хунук бир манзара ўртага чиқади.

“Озодлик” радиоси Швециядаги молиявий жиноятлар бўйича терговчи Ларс Хаммарнинг Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги тижорий келишувни назарда тутиб: “Бу келишувнинг сассиғи чиқаëтир”, деган гапларини келтиради. Ажаб эмас, ушбу келишувдан келаётган сассиқ ҳидга энди Обидхон қорига қарши амалга оширилган суиқасд борасида ўрнатилган келишув сассиғи ҳам келиб қўшилса…

Мақсуд Бекжон