O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎЗБЕКИСТОН “ЭРК” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ БИЛДИРИШИ

ЎЗБЕКИСТОН “ЭРК” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ БИЛДИРИШИ
1,581 views
05 April 2021 - 6:22

2021 йилнинг октябрь ойида кутилаётган навбатдаги президентлик сайловлари арафасида ўзбек жамоатчилигининг сиёсий гуруҳлари фаолиятида жонланиш кузатилмоқда. Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари узлуксиз равишда бу фаоллашувнинг олдини олишга ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини топташга ҳаракат қилмоқда.

Бу жараёнларни бевосита гувоҳи бўлишига қарамасдан, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “2021 йилги президент сайловларида Шавкат Мирзиёевдан бошқа лойиқ номзодни кўрмаётганлиги”ни таъкидлади. Айни пайтда, аввалги фикрига зид равишда, сенатор муқобил дастур ва номзодларсиз “сайловлар тўлақонли, адолатли ва ҳаққоний деб баҳоланмаслигини” билдирди.

Сўнги кунларда бутун таъзийқларга қарамасдан сиёсий майдонга интилаётган мухолиф сиёсий кучларнинг фаолияти сенатор Сафоевнинг фикрларида ҳеч қандай асос йўқлигини кўрсатди.

Шу маънода қарийб 30 йилдир таъзийқ ва таъқиблар остида фаолиятини давом эттириб келаётган ва 1991 йил Ўзбекистон Адлия Вазирлигидан қонуний рўйхатдан ўтган мамлакат тарихидаги илк мустақил партия – Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси ҳам яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суришга қарор қилди.

Бугунга қадар Партия Марказий Кенгашига президентлик сайлови учун номзоди тасдиқланишини сўраб икки нафар партия аъзоси мурожаат этди.
Улардан бири партиянинг узоқ йиллик фаолиятида меҳнати синган ва ўз ўрнига эга ветеран аъзоси Саловат Умрзоқовдир.
Иккинчи номзод эса халқимизга яхши таниш бўлган ва сиёсий майдонга шиддат билан кириб келган партиямизнинг янги аъзоси собиқ хонанда Жаҳонгир Отажондир.

Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси Марказий Кенгаши ушбу аъзоларнинг номзодлик масаласини ўрганиб чиқмоқда ва яқин кунларда тасдиқланган номзодни эълон қилади.

Шу ўринда Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси амалдаги ҳукуматнинг янги қурилаётган партиялар рўйхатга олинишига тўсқинлик қилаётганини ва уларга қарши зўровонлик ишлатилиб Конституцион ҳуқуқларини топтаётганини яна бир бора кескин қоралайди.

Мана шундай оғир шароитда Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси ўз халқи билан ҳамдардлигини ва мамлакатда шаклланиб келаётган турли сиёсий ҳаркатларга нисбатан ўз муносабатида бағрикенглик ва адолат тамойилларига содиқ қолишини билдиради.

Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси Марказий Кенгаши