O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон Эрк Демократик Партияси Баёноти

Ўзбекистон Эрк Демократик Партияси Баёноти
1,455 views
26 May 2021 - 10:52

2021 йилнинг 26 май куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида Ўзбекистон Эрк Демократик Партиясининг фавқулотда қурултойи бўлиб ўтди. Ҳукумат томонидан партияга нисбатан давом этаётган тазийқлар ва пандемия гароити туфайли ҳар вилоятдан ваколатан партиянинг биттадан аъзоси иштирок этди.

Йиғилиш ўтказилаётган хонадон куч ишлатар тизимлар томонидан қуршовга олинди ва йиғилишнинг ўртасида Ўзбекистон ДХХ томонидан махсус ёлланган провокаторлар гуруҳи хонадонга бостириб киришди.

Провокаторлар гуруҳи 2003 йилнинг 22 октябрь кунида бўлиб ўтган бешинчи қурултойида фитна уюштириб ўзини партия раиси деб эълон қилган Абдусамад Маллаев (Самад Мурод) томонидан бошқарилган. Маллаев бошчилигидаги фитначилар гуруҳи Эрк партияси йиғилиши ўтказилишидан бир кун олдин ДХХ томонидан Сурҳондарёдан махсус олиб келтирилган.

Провакаторлар гуруҳидаги шаллақи аёллар ва жанжалкаш эркаклар қурултойда иштирок этаётган муҳбирларнинг камера ва телефонларини синдириб ташлаб моддий зарар етказишган. Шунга қарамасдан қурултой иштирокчилари кун тартибидаги масала бўйича якуний қарор қилишга улгуришди.

2021 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларда Эрк Партияси номидан кўрсатиладиган номзодни тасдиқлаш қурултойда кун тартибидаги асосий масала бўлди. Маълумки бугунга қадар Партия Марказий Кенгашига президентлик сайлови учун номзоди тасдиқланишини сўраб партия аъзолари Саловат Умрзоқов ва Жаҳонгир Отажонлар мурожаат қилганди.

ЭРК партияси Президентликка номзод сифатида Ўзбекистон ватандоши, таниқли санъаткор Жаҳонгир Отажон номзодини кўрсатишга қарор берди.

Шу билан бирга Эрк партияси Бош котиби вазифасини бажарувчи Бахтиёр Исабеков, Марказий Кенгаш аъзолари Абдусалом Эргашев, Саловат Умурзаков ва Равшан Содиқов партияга бўлаётган таъзийқлар ҳақида Тошкенга келган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига (ЕХҲТ) миссиясига шикоят аризаси билан мурожаат қилишди.

Қуйида Ўзбекистон Эрк Демократик Партияси Марказий Кенгашининг йиғилишининг баёнотини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўзбекистон Эрк Демократик Партияси Баёноти

Хабарингиз бор ташкилотимиз ЭРК партияси бундан то ўттиз йил аввал мустақил давлат деб эълон қилинган Ўзбекистон Жумхуриятининг биринчи Президенти сайловларида ўз номзоди билан қатнашган эди. Ва унинг номзоди Муҳаммад Солиҳ сайловчилар овозининг ярмидан кўпини олиб, сайловда галаба қозонганди. Аммо коммунист раҳбар Каримов бу натижаларни сохталаштирди ва ғалабамизни ўғирлади.

Бу тарихий ҳакикатни мухолифат улароқ ўттиз йил давомида айтиб келдик, аммо ҳукумат тан олмади. Фақат ўттиз йил сўнгра, жорий йилнинг бошида ўша сайлов пайтида Президент администрациясида катта лавозимда ишлаган Шароф Убайдуллаев бу сайловда ЭРК партияси голиб келганини “Озодлик” радиосида эътироф этди.

Ўша 91- йилги сайлов натижаларини манипуляция қилган, уни сохталаштирган мулозимлар бугун ҳам иқтидордадир. Яъни ўттиз йилдирки  Ўзбекистонни коммунистик зеҳният бошқаряпти. Сайловларни сохталаштириб, қўғирчок партиялар тузган, улардан қўғирчок парламент ясаган ва шу йул билан ғайримашру ҳокимиятини дунёга машру қилиб кўрсатаётган бир зеҳният бошқармокда ўлкамизни.

Уша 91-йилги Президентлик сайлови халқимизнинг демократияга тайёр эканини, нисбатан эркин сайловда хам ўзининг ҳур иродасини намойиш қилишга қодир эканини кўрсатди. Уша сайловда кузатувчи ҳайътнинг боши бўлган бир сенатор менга “майли, сайловлар сохталаштирилди, аммо собиқ СССРнинг бошқа ҳудудларидаги каби уруш йўқ ўлкангизда, шунга севининг” дея таскин берганди. Аммо биз севинолмадик. Чунки диктатор Каримовнинг 27 йиллик ҳокимияти Ўзбекистонни урушда харобага айланган мамлакатдан ҳам баттар ҳолга келтирди,  уни 447 минг квадрат метрлик бир турмага айлантирди. Бунинг оқибатида бугун 15 миллион ўзбек ватандоши чет элларда иш қидириб, ҳали ҳам сарсон кезаяпти.

Шу ўттиз йил давомида сайлов бўлмади. Факат улар сайлов деб атаган аянчли театрда қўгирчок партиялар ўз номзодларини эмас, диктатор номзодини қўллаб, ўзларига карши овоз бериб, бутун дунёга кулги бўлдилар.

Бу йил окябр ойига мўлжалланаётган президентлик сайлови ҳам авалгиларидан фарқли бўлишига ишонч қолмаяпти.

Ишонч қолмаяпти, чунки янги тузилган  Ҳақиқат ва Тараққиёт Социал Демократик  партиясни Адлия вазирлиги рўйхатга олмади. Конунда кўрсатилган бутун шартларни бажарган ҳолда рўйхатга олмади ва бу ҳаракати билан мавжуд ҳукумат давлат Тузугини, Конституцияни бузди.

Айни ҳол ЭРК Демократик Партиясига нисбатан ҳам кузатилаяпти. Бу партия ҳали ҳам қонуний ташкилотдир. Аммо йиллар давомида бу партия сайловга киритилмасдан, партия аъзоларининг фуқоравий ҳақлари иҳлол қилиниб келди. Бу сайловда ҳам бу ҳақлар тикланишидан умидвор эмасмиз.

Шунга қарамай, ЭРК партияси бу “сайлов” баҳонаси билан халқимиз ҳузурига ўзининг Президентликка номзооди билан чиқишга қарор берди.

Бу сиёсий акциядан мақсад;

1. Мавжуд иқтидорнинг диктатор ўлимидан кейин ўтказилиши керак бўлган сиёсий реформаларни ўтказмаганлигини амалда исбот килиш.

2.Дунё жамоатчилигини бу режимнинг янги бир алдовига учмасдан, уни сиёсий реформалар ўтказиши учун босим қилишга чорлаш.

3.Ўлкамизда сунгги 5 йил ичида вужудга келган реал вазиятни халкимизга кўрсатиш ва унинг сиёсий фаолликка ундашдир.

ЭРК партияси Президентликка номзод сифатида Ўзбекистон ватандоши, таниқли санъаткор Жаҳонгир Отажон номзодини кўрсатишга қарор берди.

Номзодимиз халқимизга хизмат қилиш учун, ташкилотимиз гояларини амалда тадбиқ этиш учун ҳам интеллктуал, ҳам инсоний жихатдан етарли даражада тайёр шахсиятдир.

Яратган унинг ёрдамчиси бўлсин.

ЎЗБЕКИСТОН ЭРК ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ  

26 МАЙ 2021 йил