O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг 1986 йил октябр пленумида ўқилган нутқ

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг 1986 йил октябр пленумида ўқилган нутқ
215 views
05 July 2017 - 6:00

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИНИНГ 1986 ЙИЛ ОКТЯБР ПЛЕНУМИДА ЎҚИЛГАН НУТҚ

Бундан етти-саккиз йил муқаддам мен адабиёт газетасига бир мақола олиб борган эдим. Мақола Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон шеъриятига бағишланган эди. Уни ўқиб кўрган адабий ходим дабдурустдан: “Эсинг жойидами ўзи, сени еб қўйишади-ку!” деб қолди.

Гарчанд, бизнинг замонамизда одамхўрлар йўқлигини билсам-да, мен қўрқиб кетдим. Лекин ўзимни тутиб, сўрадим:

“Ким экан улар, билсак бўладими?” Адабий ходим бир неча кишининг номини айтди. Бу номлари қайд этилган кишилар адабий жамоатчилик ичида донг таратган одамлар эди. Ҳатто уларнинг бири Сотсиалистик меҳнат қаҳрамони ҳам эди.

Аммо, сал вақт ўтиб, уларнинг йигирманчи йиллар адабиёти вакилларига муносабатини кўрганимдан кейин, ўша адабий ходимнинг сўзларини эсладим. Бу одамларнинг сиркаси – сув, ижоди танқид кўтаролмас ва ҳар қандай ўзга фикрга қарши улар аёвсиз курашар эдилар. Мен уларнинг тимсолида гуруҳбозлик қиёфасини кўрдим.

Гуруҳбозлик нима? Бу ўз манфаати учун кўпчилик фикрини бўйсундиришга интилувчи бир гуруҳ “арбоблар ассосиатсияси”дир. Бу мустаҳкам иродали, манфаат йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган бир гуруҳ.

Бу гуруҳ аъзоларини бирлаштириб турадиган ягона хусусият – қобилиятсизлик ва қобилиятсизликни ҳимоя қилиш учун яратилган темир иродадир.

Бу йил бошида ўтган Ёзувчилар қурултойига ёзган очиқ хатимиз мазмуни ўша гуруҳбозликка қарши исён эди. Биз бу хатда гуруҳбозлар йигирманчи, ўттизинчи йиллар ўзбек адабиёти намояндалари ижодини ҳамон таъқиқ остида тутиб келаётганлиги, агар бу намояндалар ижоди дунё юзини кўрса, гуруҳбоз олим-ёзувчилар фош бўлажагини айтган эдик.

Ҳақиқат юзага чиқса, уларнинг ҳимоя этилган илмий ишлари янги ҳимояга муҳтож бўлиб қолишини айтган эдик.

Шу гуруҳбозлик таъсири остида жумҳуриятимиздаги адабий иқлим кескин ёмонлашди. Тил ва бадииятга тазйиқ кучайди.

“Совет Ўзбекистони” газетасида ғоявийлик хусусида катта мақола босилди. Бу мақолада бадиият ҳақида бирорта сўз йўқ. Зеро, бадииятсиз ҳар қандай адабий асар ўликдир. Бу ҳам етмагандай, кўпқаватли сензура пайдо бўлди. Газетанинг кичик ходимидан тортиб, Марказқўм инструкторигача сензорга айланди. Ҳатто ўзбек тилига ўгирилган Шекспир ҳам уларнинг “қайчи”сидан қутулиб қолмади. Уни ҳам таҳрир қилишди.

Биз ёзувчилар қурултойига шуларни ёзган эдик.

Буни ёзиб нимага эришдик?

Буни ёзиб биз “гуруҳбозлар” деган номга эришдик. Ҳа, биз қарши курашган гуруҳбозлик ўз тамғасини бизга урди. Тан олиш керак, бу бизга чиройли жазо бўлди. Лекин, бу хатга имзо чеккан ва кейин ундан тонмаган ёзувчиларнинг ҳар бири журъати учун мукофот олмаслигини билган эди.

Улардан бирортаси ҳам кўпроқ китоб чиқариш учун, обрў орттириш учун учун бу хатга имзо чекмаган эди. Йўқ, улар каттароқ фойдани ўйлаб бу ишга қўл урган эдилар.

Улар ўз хатида адабиётимизнинг 20-йиллари авлодига нисбатан адолат талаб қилиб майдонга чиқдилар. Улар аждодларимиз гапирган она тилимиз, биз ва болаларимиз гапираётган тилимиз устидан бўлаётган зўравонликка қарши чиққан эдилар.

Бу, ўртоқлар, гуруҳбозлик эмас эди.
Бу – гуруҳбозликка қарши овоз эди.

Мен 20-30 йиллар адабиёти меросини ўрганувчи комиссия таркибини тўла ўзгартиришни таклиф қиламан. Ундан К.Яшин, Л.Қаюмов ва Ҳ.Абдусаматовларни чиқариш керак.

1986

(22)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (93-94-саҳифалар.)

(давоми бор)