O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ўз қўшинини баҳсли ҳудуддан чиқарган

Ўзбекистон ўз қўшинини баҳсли ҳудуддан чиқарган
121 views
26 March 2016 - 11:12

chegara2-300x210“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон ўз қўшини ва ҳарбий техникасини қирғиз-ўзбек чегарасидаги бахсли бўлиб турган ҳудуддан ортга тортган. Қирғизистон чегарани қўриқлаш хизмати мулозимлари ўзаро сарҳадларда юзага келган кескинликни юмшатишга қаратилган музокаралар ортидан ўзбек томони 26 март куни эрталаб ўз қўшинини бахсли ҳудуддан олганини билдирди. Мазкур музокаралар ўзбек томони ташаббуси билан 25 март куни ўтказилган эди.

Ўзбекистон қирғиз-ўзбек чегарасидаги бахсли ҳудуддан қўшинини ортга олиши Тошкент ва Бишкек ўртасида бир ҳафта давом этган кескинликка барҳам берди.

18 март куни икки мамлакат ўртасида баҳсли саналган Қирғизистоннинг Олабуқа ва Ўзбекистоннинг Чортоқ туманлари ўртасидаги баҳсли ҳудудга ўзбекистон ҳарбийлари киритилиб, янги чегара назорат нуқтаси ўрнатганликлари тўғрисида хабар берилганди.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Чегара Қўмитаси 21 март Наврўз байрами муносабати билан мамлакат чегараларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини билдирганди.

Қирғизистон томонида эса бу амал норозиликларга сабаб бўлди.

24 март куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев агар Ўзбекистон баҳсли ҳудуддан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмаса, Тошкентда июнь ойида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишига бормаслигини билдирган эди.

Қирғизистон ҳукумати чегарада юзага келган вазиятни Ўзбекистоннинг Ўртатўқай сув омбори масаласида Бишкекка таъсир кўрсатиш ҳаракати сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистонда бу объект Касонсой сув омбори деб аталади. Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича махсус вакили Курбанбай Искандеров пайшанба куни матбуотга бу ҳақда билдирар экан, Тошкент Бишкекдан Ўртатўқай сув омборини таъмирлашга рухсат сўрагани, аммо Бишкек бунга рухсат бермаганини айтди.

Мана шу воқеа ортидан Ўзбекистон Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскарларини олиб кирган.

Ўзбекистонда Касонсой, Қирғизистонда Ўртатўқай деб аталувчи сув омбори Ўзбекистон томонидан ишлатилиб келинади. Қирғизистон бу ҳудудни ўзига қарашли деб билади.

Сув омбори эса икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолаётган объект ҳисобланади.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг умумий узунлиги 1300 километрдан зиёдроқ бўлиб, унинг кўпгина қисми бахсли бўлиб қолаётир.

ЎХҲ хабарлар бўлими