Қирғизистон Чегара хизмати ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлимининг маълум қилишича, қирғиз-ўзбек чегарасидаги «Дўстлик», «Маданият» ва «Кенгсой» ўтиш пунктлари 17 январдан эътиборан Ўзбекистон тарафидан бир томонлама ёпилди, дея хабар тарқатди CA-NEWS.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги Қирғизистон фуқаролари учун ўз юртларига, Қирғизистондаги ўзбекистонликлар учун эса ўз ватанларига ўтишга рухсат берилмоқда. Ўзбекистон томони фақатгина авиабилети бор Қирғизистон фуқароларини транзит ҳолатида Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтказмоқда.
Мазкур чекловлар фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда. Бошқа давлатлар фуқаролари чегарадан ҳеч қандай чекловларсиз ўтмоқдалар.
18 январдан эътиборан «Қизилқия» пунктидан одамлар ва транспорт воситаларининг ўтиши тўхтатилган.
Мазкур чоралар Ўзбекистон томонидан Қирғизистонга расман билдирмаган ҳолда амалга оширилмоқда.
ЎХҲ хабар маркази