Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аскар Бешимов Ўзбекистонни Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши юзасидан ўтказилаётган давлатлараро музокараларда иштирок этишдан бош тортаётганликда айблаб баёнот берди.
Айтилишича, жорий йилда Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳаси бўйича Норин дарёсининг юқори ва қуйи оқимида жойлашган давлатлар иштирокида тўртёқлама музокаралар ўтказилган.
Бироқ, афсуски, дея билдирган 18- октябр куни Бишкекда матбуот анжумани берган Бешимов жаноблари Ўзбекистон ҳам бу тадбирга таклиф қилинганига қарамай музокараларда қатнашмади.
Қирғизистон билан Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳаси бўйича музокара қилган Қозоғистон ҳукумати мазкур гидроиншоот қурилишида иштирок этишга мойиллик билдирган.
Эслатсак, Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭСи қурилишига 2009 йилдан бери қаршилик кўрсатиб келади.
Ўзбек томонининг иддаосича, Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши билан минтақа экологиясига жиддий зарар етиши, трансчегаравий сув захиралари фақат бир давлат қўлига ўтиб қолиши мумкин.
Қирғизистон энергетиклари эса Ўзбекистоннинг бу иддаоси ўринсиз экани ва у томон Қирғизистон иқтисодий қамалда тутиб туриш мақсадида энергетик лойиҳаларига қаршилик кўрсататётганини айтади.
“Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭСи бизга энергетик мустақиллик беришини яхши англайди. У томон бизни ҳар дойим ўзига қарам бўлишимизни истайди. Ва юқори минбарлардан туриб ҳар қандай асоссиз нарсаларни гапираверади. Улар “агар ГЭС қурилса дарёлар қуйисидаги мамлакатларда сув танқислигини келтириб чиқариши” ни иддао қилади. Лекин ҳаммага маълумки, ГЭС сув оқимига ҳеч қанақа таъсир қилмайди. Электр ишланади, сув қандай оққан бўлса, шундай оқаверади. Мутахасисларимиз ўзбекларнинг иддаоси асоссиз эканини ўнлаб марта илмий асослаб берган”,- дейди Қирғизистон парламенти вакили Сабирали Кебекбаев.
Қирғиз парламенти вакили Қамбарота-1 ГЭСи Ўзбекистон учун ҳам манфаатли бир лойиҳа экани айтди.
“Қамбарота-1 ГЭСи Ўзбекистон учун ҳам манфаатли бир лойиҳа. Бу фикрни президентимиз ҳам кўп марта айтган. Ўзбекистон мазкур лойиҳа юзасидан чақирилган музокараларга нима учун қатнашмаётгани шахсан менга тушунарсиз. Балки уларда ГЭСнинг минтақа экологияси учун зарарларига оид иддаоларини исботлаб бериш учун етарли далили йўқдир. Ёки бошқа бир сабаби бордир. Лекин ҳар ҳолда биз қўшни Ўзбекистон бу борадаги қарашларини бир кун ўзгартиради, дея умид қиламиз”,- дейди қирғизистонлик депутат Кебекбаев.
Эслатсак, Россия 2012 йилнинг сентябр ойида Қамбарота -1 ГЭСини Қирғизистон билан ҳамкорликда қуриш юзасидан иккиёқлама шартномани имзолаганди.
Айрим ҳисоб китобларга кўра, ГЭСни қуриш учун 2 миллард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланади.
Шу ўринда айтиб ўтсак, Ўзбекистон бошқа қўшниси Тожикистон билан ҳам минтақада энг йирик гидроиншоот экани айтилаётган Роғун ГЭСи қурилиши бўйича муросага кела олмаган.
Тўғон баландлиги 335 метр бўлган Роғун ГЭСи, ўзбекистонлик мутахасисларнинг айтишича, минтақага экологик фалокат олиб келади.
Бироқ, Тожикистон ҳукумати Ўзбекистоннинг бундай баёнотларига эътиборсизлик билан ёндошиб, Роғун ГЭСи қурилишини бошлаб юборган.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон “ҳаёт-мамот масаласи” дея тарифлаган Роғун ГЭСи қурилиб ишга тушса, тожикистонликлар энергетик мустақилликни қўлга киритиши билан бирга Тожикистон минтақада электр экспорти бўйича ягона давлатга айланиши мумкин.
ЎХҲ хабар маркази