Бугун, 30 декабрь куни тунги соат 12 да Ўш шаҳри аҳолисига газ берилади. Бу ҳақда Ўш шаҳар газ бошқармаси берган маълумотга таяниб «Кабар» давлат ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Бошқарма вакилининг сўзларига кўра, шаҳар тармоғига газ соат тонги 03.00 да етиб келган. Аҳолига эса газ ХБК митти туманидан бошлаб босқичма-босқич тарзда бугун кечаси соат 12.00 дан етказиб берилади.
Шаҳар газ бошқармаси аҳолини газ келиши ҳақида олдиндан огоҳлантирган ва ёнғинлар чиқишининг олдини олиш мақсадида газ жумракларини вақтинча ёпиб туришларини сўраган.
«Газпром Қирғизистон» МЧЖ ходимининг сўзларига кўра, 2014 йилнинг апрель ойида Қирғизистон жанубига газ берилиши тўхтатиб қўйилганидан бери Қирғизистон ҳукумати даражасида ва “Газпром” ОАЖ воситасида Ўзбекистон томонидан билан кўплаб музокаралар олиб борилган. Музокаларлар доирасида давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасида ҳам икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтган. Сўнги ўтказилган бир нечта учрашувлар натижасида шу ойда Қирғизистон жанубига газни қайта етказиб бериш ҳақида қарор қабул қилинган.
Айни пайтда «Кабар» давлат ахборот агентлиги Ўзбекистондан қайта газ етказиб бериш ҳақидаги музокараларнинг ижобий натижа беришида «Gazprom Schweiz AG» компанияси билан 2015 йилда 100 млн. кубометр газ етказиб бериш ҳақидаги шартноманинг муҳим рол ўйнагани ҳақида ёзади.
«Вечерний Бишкек» газетаси берган хабарга кўра, ҳозирда жанубий вилоятлар аҳолиси учун табиий газ тарифлари шимол билан бир хил қилиб белгиланган. 2015 йилнинг январь ойидан бошлаб Қирғизистон Миллий банки ўрнатган долларнинг расмий курсидан келиб чиқиб янги тарифлар жорий қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг «Газпром» ширкати Қирғизистоннинг «Қирғизгаз» компаниясини рамзий 1 доллар эвазига сотиб олганидан сўнг Ўзбекистон шу йилнинг 14 апрелидан бошлаб Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни тўхтатиб қўйганди.
ЎХҲ ахборот бўлими